Home / Тавсия этимиз / Халқ сиздан рози бўлсин!

Халқ сиздан рози бўлсин!

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 9 апрелдаги қарори билан йўл ҳаракати қоидаларига ўзгартириш киритилган, жумладан, куннинг ёруғ вақтида барча автомототранспорт воситалари яқинни ёритувчи чироқларини ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланиши шартлиги белгиланган эди. Аммо ушбу янгилик аксарият фуқаролар томонидан норозилик билан қарши олиниб, ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқларда бу ҳақда ҳамон эътирозли фикрлар билдирилмоқда.

Эътиборли жиҳати, мазкур жараён Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларини ҳам лоқайд қолдирмади. Улар бу борадаги фикрларини асослаган ҳолда, муайян таклифлар билан ҳам чиқишди. Жумладан, қарор қа­бул қилинишида Ўзбекистонда йил давомида сутканинг асосий қисми ёруғ вақтга тўғри келиши сабабли инсон кўзининг атрофни тўлиқ ил­ғаб олиши учун қуёш ёруғлигининг етарли эканлиги, мамлакатимизнинг иқлим шароити инобатга олинмаганини таъкидлашган. Шунингдек, эски русумдаги автомобиллар кундузи, айниқса, ёзда ҳароратнинг ўта юқори вақтида ҳам чироқларнинг ёқиб юрилишига мос ишлаб чиқарилмаганлигига эътибор қаратишни сўраб, Европа мамлакатларида бундай тартиб 2011 йилдан амалга киритилганлиги-ю, автомобиль ишлаб чиқарувчилар кундузги автоматик ёнувчи чироқларни ўрнатиши шартлиги белгилангани, 2011 йилгача ишлаб чиқарилган, автоматик чироқлари ёнмайдиган автомобиль эгаларига эса мажбурий чироқларни ёқиб юриш тартиби йўқлигини мисол тариқасида келтиришади.

Бундан ташқари, жамоатчилик фикри инобатга олинмагани,  шунингдек, ушбу тартибга риоя этмаслик оқибатида тўланиши керак бўлган жарима миқдорлари ҳақида фикр билдириб, йўл ҳа­ракати қои­даларига киритилган ўзгартиришни бекор қилиш ёки жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда такомилига етказиш, шу жумладан, бундай қоидабузарлик учун жарима белгиламаслик масаласини кўриб чиқиш бўйича таклиф киритишган.

Ушбу масала юзасидан баҳс-мунозаралар давом этаётган бир пайтда ижтимоий тармоқларда ёнаётган автомобилларнинг суратлари тарқалиб, бунга кундузи чироқ ёқи­лиши сабаб бўлгани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлди. Ўз навбатида Тошкент шаҳар ИИББ машиналарнинг ёниши кундузи чироқ ёқиб юриш билан боғлиқлигини инкор этиб, йил бошидан буён Тошкент шаҳрида автомобилларнинг ёниши билан боғлиқ 11 та ҳолат қайд этилганлиги, уларнинг иккитасида ёқилғи тизими ишдан чиққанлиги сабабли ёнғин юз берган бўлса, қолганларида автомобиллардаги электр ўтказиш тизими бузилганлиги боис автотранспорт воситаларида аланга содир бўлганлигини таъкидлашди.

Шунингдек, ФВВ Ёнғин хавф­сизлиги бошқармасининг маълум қилишича, ёнғинга сабаб бўлган электр ўтказгичларнинг техник қониқарсиз ҳолатлари кўпинча эски йилларда ишлаб чиқарилган автомобилларда учрамоқда экан. Шундан келиб чиққан ҳолда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати томонидан «ёши катта» автомобилларни техник кўрикдан ўтказишда электр ўтказгичларга алоҳида эътибор бериш зарурлиги таъкидланди.

Шу ўринда ўринли савол туғилади: автомобилларни техник кўрикдан ким ўтказади? Албатта, бу ишлар Ички ишлар вазирлиги тизимидаги масъул ходимлар томонидан амалга оширилади. Шундай экан, автомобилларни техник кўрикдан ўтказиш жараёнида биринчи галда айнан ўша масъул ходимнинг ўзи электр ўтказгичларга алоҳида эътибор бериши, машина эгасидан зарур маслаҳатларини аямаслиги лозим эмасми?

Қолаверса, автоэлектриклардан кундузи чироқнинг ёқилишига автомашинанинг ёнишига сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида сўраганимизда, улар пластмасса фараларнинг эриб кетишини ҳисобга олмаганда, янги автомашиналарда бундай ҳолатлар юз бермаслигини, бундай ҳолат асосан эски модификациядаги автомашиналарга калитни бураган заҳоти, чироғи ҳам ёнишига ёрдам берадиган реле ўрнатилганидан сўнг юз беришини таъкидлашди.

«Автомобиль чироқлари савдоси авжида: Кимлар фойда кўзлаган?..» номли сарлавҳа билан ЎзА сайтида чоп этилган мақолада эса «Авторитет» дўкони сотувчи консультантининг фикри келтирилган. Унинг айтишича, автомобиллар учун мўлжалланган ҳар қандай чироқ у хоҳ Хитой, хоҳ Европа маҳсулоти бўлсин, уни улаб турувчи мослама 72 мм бўлиб, у қизиб кетса, қисқа туташувдан ёнғин содир бўлиши мумкин экан.

Шунингдек, сайтдаги мазкур мақолада икки нафар ҳайдовчининг фикрлари видеолавҳага жойлаштирилган. Гувоҳи бўлган бўлсангиз уларнинг фикрлари ҳам ўзига яраша асосга эга.

Биламизки, қабул қилинаётган ҳар қандай қонун ё қарор биринчи галда юрт ободлиги-ю, халқ фаровонлигини кўзлаган ҳолда, унинг манфаати учун хизмат қилиши керак. Аммо бизни таажжубга солаётган жиҳат биргина янгилик ортидан шунча шов-шувлар, норозиликлар, эътирозлар…

Ваҳоланки, Юртбошимиз «Бизнинг бош мақсадимиз — халқимизнинг розилиги. Агар халқ биздан рози бўлса, Яратган ҳам рози бўлади», — дея такрор-такрор таъкидлайдилар. Умид қиламизки, фикрлару эътирозлар, мулоҳазалару депутатларнинг таклифлари қонунда белгиланган тартибда кў­риб чиқилади.

Ғофуржон АЛИМОВ,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: