Home /   / Халқ розилиги – олий мақсад

Халқ розилиги – олий мақсад

Бугун юртимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, янгиланишлар, эл-юрт манфаатини кўзлаб олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ортида биргина мақсад — халқимизнинг ўз ҳаётидан рози бўлиб яшашига эришишдир.

Бу ўз-ўзидан амалга ошадиган жараён эмас. Бунинг учун мутасаддилардан уйма-уй юриб, хонадонма-хонадон кириб, одамларнинг турмуш тарзи билан яқиндан бевосита танишиш, дарду ташвишларига қулоқ солиш, шу билан чекланиб қолмай, уларга ёрдам бериш, кўмак кўрсатиш, бир сўз билан айтганда, халқ билан бирга яшаш, ҳамнафас бўлиш талаб этилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 январдаги «Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори айнан бу борадаги энг муҳим ва долзарб мақсадларни, масалаларни қамраб олган.

Биламизки, ҳар қандай иш, саъй-ҳаракат натижаси билан аҳамиятли. Ваҳоланки, секторлар раҳбарлари фаолиятини баҳолаш тартиби мураккаблиги, тизимли равишда улар малакасини ошириш механизми жорий этилмагани каби жиҳатлар бу борадаги фаолиятнинг сифати ва самарадорлигига, яъни вазифаларнинг ўз вақтида ҳамда намунали бажарилишига салбий таъсир кўрсатаётган эди.

Президентимизнинг юқорида келтирилган қарорига мувофиқ, фуқароларнинг ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини ҳал этиш, секторлар доирасида ишларни ташкил этиш сифатини ошириш, аҳоли билан очиқ, тўғридан-тўғри мулоқотни кучайтириш ҳамда секторлар фаолиятини такомиллаштириш мақсадида Наманган вилоят прокуратураси ташаббуси билан прокурорларга бириктирилган 2-секторда сектор раҳбарлари ҳамда штаб котиблари учун «Сектор фаолиятини тўғри ташкил этиш ва фаолият самарадорлигини ошириш бўйича талаблар» мавзуида ўқув-амалий семинар ўтказилди.

Семинарда прокуратура, ички ишлар, солиқ инспекцияси раҳбарлари ҳамда сектор котиблари иштирок этишди.

Тадбирда иштирокчиларга слайд, ўқув қўлланма ва бошқа тарқатма материаллар орқали сектор фаолиятини ташкил этиш, сектор штабида иш юритиш тартиби, уйма-уй юриш натижасида аниқланган тизимли  камчиликларни бартараф этиш юзасидан тавсиялар, сектор раҳбарининг асосий вазифалари ҳамда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар, ҳисоботларни юритиш тартиблари юзасидан зарурий билим ва кўникмалар берилди. Шунингдек, семинар иштирокчилари Мингбулоқ туманида намунали ташкил этилган 2-сектор штаби фаолияти, сектор томонидан ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишдилар.

Тадбир иштирокчиларига вилоят прокуратураси томонидан тайёрланган «Секторлар фаолиятини ташкил этиш бўйича норматив-ҳуқуқий ва ташкилий ҳужжатлар тўплами» номли китоб ва 2 турдаги плакатлар тарқатилди.

Семинар якуни бўйича сектор фаолиятини такомиллаштириш, келгусида тизимли муаммоларни бартараф этиш ва прокурор секторини вилоятда намунали секторга айлантириш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Минг­булоқ туман прокурори секторида 8 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд. 4644 та хонадонда 28 992 нафар аҳоли истиқомат қилади.

Ҳудуддаги 8350 та оиланинг 325 таси кам таъминланган бўлиб, уларнинг ижтимоий ҳимояси доимий эътиборда. Уйма-уй юриб аҳоли билан мулоқотлар жараёнида ҳудуддаги 1822 та хонадон ўрганилди ва 324 та муаммо аниқланди. Уларнинг 84 таси жойида ҳал этилди, қолганлари тегишлилиги бўйича мутасаддиларга юборилди.

Эндиликда секторлар фаолияти, демакки, уларнинг раҳбарлари саъй-ҳаракатлари ҳудудларнинг ривожланиш аҳволидаги реал ўзгаришлардан ва бошқа ҳаққоний мезонлардан келиб чиқиб, холисона баҳоланади.

Қарорга мувофиқ, 2019 йилнинг 1 февралидан секторлар фаолиятини ташкил этишда мутлақо янгича тартиб ва тамо­йиллар жорий этилгани ҳолда 1 апрель санасидан амалга киритиладиган ягона электрон ахборот тизими мазкур йўналишдаги ишлар салмоғи ва қамровини янада такомиллаштириб, самарадорликнинг ортишига кафолат бўлади.

 

Жамол Музаффаров,

Наманган вилоят прокуратураси бўлим прокурори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: