Home / Тавсия этимиз / Халқ манфаатларига хизмат қилиш прокуратура органларининг устувор вазифаси

Халқ манфаатларига хизмат қилиш прокуратура органларининг устувор вазифаси

Бугунги кунда изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар     замирида «Одамлар ўзларининг ҳаётидан рози бўлиши керак», деган ҳаётбахш ғоя ётади. Шу маънода 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси давлат ва жамиятнинг бош мақсади — одамларнинг турмуш даражаси ва сифатини янада оширишни таъминлашга қаратилганлиги билан ниҳоятда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Таъкидлаш лозимки, давлатимиз ва жамиятимизни ривожлантиришнинг мутлақо янги босқичини бошлаб берган Ҳаракатлар стратегияси Конституциямизнинг асосий демократик нормаларини босқичма-босқич амалга ошириш доирасида демократик янгиланиш ва модернизация жараёнларининг мантиқий ва қонуний давоми ҳисобланади.

Унда бешта устувор йўналиш, яъни давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш ҳамда хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш каби устувор йўналишлар белгиланган.

Қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш Ўзбекистон Республикаси прокуратура органларининг асосий вазифаси бўлиб, бугунги кунда ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, давлат ва жамият манфаатларини ҳимоя қилиш, мурожаатлар билан ишлаш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш, ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган қонунлар ижросини назорат қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу ўз навбатида, халқимизнинг прокуратура органларига бўлган ишончи янада мус­таҳкамланишига хизмат қилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 апрелдаги «Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, мамлакатни модернизация қилиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлашда прокуратура органларининг ролини кучайтириш тўғрисида»ги Фармони билан «Халқ манфаатларига хизмат қилиш» прокуратура органларининг устувор вазифаси этиб белгиланди.

Бу мақсадда, асосий эътибор — прокуратура оддий одамларни ҳимоя қиладиган, Давлатимиз раҳбари барча давлат хизматчилари олдига қўйган устувор вазифа «одамларни рози қилиш» каби эзгу мақсадларни амалга оширадиган халқчил прокуратурага айлантиришга қаратилди.

Қўйилган вазифаларни самарали ва тезкор бажарилишини таъминлаш учун, Давлатимиз раҳбарининг прокуратура фаолиятини замонавий талаблардан келиб чиққан ҳолда такомиллаштиришга доир қатор ҳуқуқий ҳужжатлари қабул қилинди.

Бош прокуратурада янги 13 та ихтисослашган бошқарма ва бўлимлар ташкил этилиб, Бош прокуратура ҳузурида Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси тузилди.

Бош прокуратура Олий ўқув курслари Бош прокуратура Академияси этиб қайта ташкил қилинди. Академияга ходимларни мутлақо янги усул ва шаклда ўқитиш, магистрлар тайёрлаш ва касб-малакасини ошириш билан боғлиқ масъулиятли вазифалар қўйилди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ташкилий тузилмаси тубдан такомиллаштирилди, фаолият соҳаси кенгайтирилиб, янги ва муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан Бош прокуратура тузилмасида жиноий-ҳуқуқий статистика тизимини юритиш, бу борада қонунийликка риоя этилиши ҳамда Ягона ахборот тизимига киритилаётган маълумотларнинг тўлиқлиги ва ҳаққонийлиги устидан назорат олиб бориш, жиноятчилик ҳолатининг таҳлилини юритиш каби вазифаларни зиммасига олган алоҳида бошқарма ва бўлимлар ташкил этилди.

Эндиликда, жиноятлар, уларни содир этган шахслар ва жиноят ишларининг ягона ҳисоби Бош прокуратура томонидан юритилади.

Шу билан бирга, Бош прокуратура Академияси тузилмасида Жиноятларнинг содир этилиши сабабларини тизимли таҳлил қилиш ва ўрганиш маркази фаолияти йўлга қўйилди.

Прокуратура органлари олдига қўйилган вазифалардан келиб чиқиб, 2018 йилда прокуратура органлари томонидан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ва қонун устуворлигини таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, топшириқлари ижросини таъминлаш соҳасида тизимли назорат ўрнатилди.

Бош прокурор ва Бош вазир 1-ўринбосари раҳбарлигидаги ишчи гуруҳлар томонидан ҳудудларга борилиб, Давлатимиз раҳбарининг топшириқлари ижросини таъминлаш, инвес­тиция лойиҳаларини рўёбга чиқариш, жойлардаги муаммоларни ҳал этишга қаратилган амалий чоралар кўрилди.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, прокурор назорати фаолияти айбдорларни топиб жазолаш эмас, балки тизимли муаммо ва камчиликларни бартараф этиш нуқтаи назаридан ташкил этилди.

Ишчи гуруҳлар томонидан ўтказилган ўрганишларда 230 дан ортиқ долзарб аҳамиятдаги топшириқлар бажарилмаганлиги аниқланиб, ижросини таъминлашга қаратилган зарур чоралар кўрилди. 144 та тадбиркорлик субъектига 114,5 миллиард сўм, 2,3 миллион евро ва 281,3 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит маблағи ажратилишида амалий ёрдам кўрсатилди.

Шунингдек, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун 1 121 гектар ер майдони ажратилиб, 126 та қишлоқ хўжалиги техника ва агрегатлари, 9 202 дона маиший газ баллонлари ва уларни ташишга мўл­жалланган 19 та автотранспорт воситалари ҳамда 74 турдаги тиббий жиҳозларнинг етказиб берилиши таъминланди.

Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалда рўёбга чиқаришда ҳам прокуратура органлари томонидан муайян ишлар амалга оширилиб, аҳоли фаровонлигини ошириш, турмуш тарзини яхшилаш, халқимизнинг муносиб ҳаёт кечириши учун барча шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, мутасадди идоралар билан ҳамкорликда аҳолининг бандлигини таъминлаш мақсадида 1 428 та бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилди. Прокурорларнинг амалий ёрдами билан 18 387 нафар ишсиз фуқаро иш билан таъминланди.

Иш ҳақи ва бошқа ижтимоий тўловларнинг ўз вақтида тўланиши бўйича ўтказилган назорат тадбирлари давомида 3 076 нафар фуқаронинг кечиктирилган 3,5 миллиард сўм миқдоридаги иш ҳақи, 1 402 нафар фуқаронинг 829,7 миллион сўм пенсия ва 37,4 миллион сўм нафақа пуллари ундирилиб, 2 907 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари амалда тикланди. Судларга 8,3 миллиард сўм қарздорликни ундириш юзасидан 2 213 та даъво аризаси киритилди.

Шунингдек, «Ёшлар — келажагимиз» Давлат дас­тури ижроси юзасидан прокуратура органлари кўмагида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда 5 100 дан ортиқ ишчи гуруҳлар ташкил этилиб, ёшларнинг муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш чоралари кўрилди.

Натижада ёшларга оид муаммоларнинг 77,5 минг­таси жойида ҳал этилиб, 44,5 минг нафар ёшлар иш билан таъминланди. 4,6 минг нафар ёшларга 10,1 гектар ер майдони ажратилиб, 305 нафари эса тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириши учун бино билан таъминланди. Шунингдек, 109 та «Yoshlar mehnat guzari» ташкил этилиб, 1 272 та иш ўрни яратилди. 18 та «Yosh tadbirkorlar» коворкинг-марказлари фаолияти йўлга қўйилди, 375,7 миллиард сўм кредит ажратилишида кўмаклашилди.

Жумладан, Қуйичирчиқ туманида ҳам дастур ижроси доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Прокуратура органлари кўмагида кўрилган чоралар натижасида 3 мингдан ортиқ турли ижтимоий-маиший муаммолар ҳал этилди. Хусусан, 78,5 км. автомобиль йўллари жорий ва капитал таъмирланди, 12 та янги бекат барпо этилди, 22 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган 7 та маҳаллага тоза ичимлик суви етказиб берилиши таъминланди. 10 та намунавий уй-жой, ҳаммом, боғча, болалар ва спорт майдонлари, ёшлар меҳнат гузари ва бошқа инфратузилмаларни ўз ичига олган «Ёшлар — келажагимиз» шаҳарчаси қуриб битказилди.

Ҳар бир жамият фаровонлиги учун аҳолининг саломатлиги муҳим аҳамиятга эга. Шуни ҳисобга олган ҳолда, соғлиқни сақлаш тизимига татбиқ қилинаётган ислоҳотларнинг самарали амалга оширилишини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади. Шу нуқтаи назардан республикадаги эркин иқтисодий фармацевтика зоналари фаолиятини ташкил этиш, арзон ижтимоий дорихоналар фаолиятини тўғри йўлга қўйиш борасида ҳар томонлама кўмаклашиш чоралари кўриб борилмоқда. Жумладан, мавжуд 7 та эркин иқтисодий фарм зоналарга ишлаб чиқариш объектларини жойлаштириш ва плантацияларни ташкил этиш мақсадида 681 гектар ер майдони ажратилишида амалий ёрдам берилди. Эркин иқтисодий зоналарнинг бош режаларини ишлаб чиқиш ва уларнинг тасдиқланишида, транспорт-йўл ва муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланишда кўмаклашилди.

Бундан ташқари, иқтисодиёт тармоқлари, шу жумладан, қурилиш соҳаларида қонунчилик ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дас­турлари доирасида прокуратура органлари томонидан кенг қамровли назорат тадбирлари ташкил этилди.

Хусусан, республиканинг 159 та туманидаги 417 та қишлоқ ҳамда 41 та туман ва шаҳарларидаги 105 та маҳаллада уй-жойлар, йўллар, инфратузилма объектларини янгидан қуриш ва таъмирлашда прокуратура ор­ганлари алоҳида жонбозлик кўрсатди. 2018 йил манзилли дастурига киритилган 1 340 та ижтимоий соҳа объектларининг белгиланган муддатларда қурилиши, реконструкция ва капитал таъмирланиши ҳамда фойдаланишга топширилиши, бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши устидан тизимли назорат ўрнатилди.

Дастур ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган ишчи гуруҳлар томонидан 13 398 та мониторинг тадбирлари ўтказилди, 420 та ҳолатда 8,4 миллиард сўмлик ишлар сифатсиз бажарилгани аниқланиб, бартараф этилиши таъминланди.

Тошкент шаҳар ҳудудидан оқиб ўтувчи канал ва коллекторлар атрофини тартибга келтиришга қаратилган тадбирлар ташкил этилиб, қирғоқ бўйидаги 1 320 та ноқонуний қурилмалар бузилишига ҳамда 153 км. узунликдаги каналлар тозаланишига кўмаклашилди.

Тадбиркорлар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалалари ҳам прокуратура органларининг доимий эътиборида бўлди.

Ўтган йилда 2 469 нафар тадбиркорга кредит, 778 нафарига ер майдони, 108 нафарига бино ажратилишида, 3 027 нафарига муҳандислик-коммуникация тизимига уланишида, 442 нафарига лицензиялар берилишида ҳамда 8 747 нафарига бошқа масалаларда амалий ёрдам берилди.

Шунингдек, 4 731 та янги тадбиркорлик субъ­ект­лари ташкил этилиши ва 2 889 та фаолиятини тўхтатган ишбилармонларнинг фаолияти тикланишига кўмаклашилди. Ҳуқуқни муҳофаза қи­лувчи, назорат ва бошқа давлат органлари томонидан содир этилган 16 мингдан ортиқ қонун бузилиши ҳолатлари аниқланиб, тегишли чоралар кўрилди ҳамда 16 853 нафар тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Хорижий инвестицияларни жалб қилиш, хорижий инвесторлар ҳуқуқларини кафолатли ҳимоя қилиш ҳам прокуратура органларининг энг асосий вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда.

Прокуратура органларининг кўмаги билан ўтган йилда кўплаб инвестициявий лойиҳалар амалга оширилиши таъминланди. Жумладан, Хитой, Жанубий Корея, Россия, Туркия, Германия ва бошқа давлатларнинг йирик хорижий компаниялари иштирокида республикамизнинг барча ҳудудларида учрашувлар ташкил этилиб, ҳудудларнинг инвестициявий жозибадорлиги намойиш этилди.

Ушбу тадбирларда 200 дан ортиқ инвесторлар иштирок этиб, ташрифлар натижасида 77 нафари билан 1 миллиард АҚШ долларидан зиёд дастлабки келишувларга эришилди.

Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш мақсадида жами 8 триллион 973 миллиард сўм ва 272 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш ҳамда 94 минг иш ўринлари яратишни кўзда тутувчи 12080 та инвестициявий лойиҳаларнинг ишлаб чиқилиши таъминланди.

Эгасиз деб эътироф этилган 325 та объект давлат ихтиёрига қайтарилиб, жисмоний ва юридик шахсларга тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун ажратилди. Кўрилган чоралар натижасида 2041 та бўш турган объектлар хўжалик фаолиятига жалб этилиб, 7256 та янги иш ўрни яратилишига эришилди.

Таъкидлаш лозимки, Давлатимиз раҳбарининг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгилаб берган топшириқлари ижросини  таъминлаш мақсадида ташкил этилган Мўйноқ туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича мустақил бошқарма томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда аниқ тадбирлар белгиланиб, тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан,  ушбу туманда фуқаролар билан учрашувларда 10 552 та муаммо ва таклифлар аниқланиб, ҳал этишга қаратилган чоралар кўрилмоқда. Туманда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш ва янги иш ўринларини яратиш мақсадида 687 миллиард сўмлик 79 та лойиҳа (1 466 та иш ўрни) ишлаб чиқилди.

Шунингдек, 2018 йилнинг  15-16 декабрь кунлари Нукус ва Мўйноқ шаҳарларида «Янги Мўйноқ — янги имкониятлар» шиори остида биринчи инвестиция ва туризм бўйича форум ўтказилди. Форумда 200 дан ортиқ чет эл компаниялари, туризм агентликлари ва маҳаллий тадбиркорлик субъектлари иштирок этди.

Ўтказилган учрашувларнинг натижаларига кўра, 79 миллион АҚШ долларига тенг бўлган инвестициявий меморандумлар тузилди. Орол денгизи қирғоқларида «яшил қопламани» барпо этиш учун оммавий саксовул экиш тадбири ташкил этилиб, 2 976 гектарига ўсимликнинг экилиши таъминланди.

Туманнинг архитектура ва шаҳарсозлик қиёфасини тубдан яхшилаш мақсадида мавжуд 4 384 та турар жой инвентаризациядан ўтказилиб, туман марказида замонавий, инновацион шаҳарча барпо этиш бўйича Бош режа лойиҳаси ишлаб чиқилди. Лойиҳага мувофиқ, туманда жами 20 та, шу жумладан, 2019 йилда 10 та, 2020 йилда 10 та кўп қаватли уйлар қурилиши режалаштирилди.

Қишлоқ хўжалиги, озиқ-ов­қат хавфсизлиги ва сув истеъмоли соҳасида назорат тизимини тубдан такомиллаштириш чоралари кўриб борилмоқда.

Бу борада прокурорлар ва Агроинспекция ходимлари томонидан қишлоқ хўжалигининг барча йўналишларида назорат тадбирлари ўтказиб борилди, фермерлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, агротехника тадбирларини ўз вақтида ва сифатли ўтказиш, умуман, соҳада қонунийликни таъминлаш чоралари кўрилди.

Соҳада мавжуд тизимли муаммолар таҳлилидан келиб чиқиб, мутасадди идоралар билан ҳамкорликда 2030 йилга қадар Қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш концепцияси лойи­ҳаси ишлаб чиқилди.

Деҳқон-фермер хўжаликларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга ҳуқуқий-амалий ёрдам кўрсатиш ҳам прокуратура органларининг доимий назоратида бўлди. Жумладан, прокуратура органлари амалий ёрдами билан фермер хўжаликларига 13 041 гектар ер майдони, 70 496 тонна минерал ўғит ва 29 619 тонна нефт маҳсулоти, 583 дона техника, 2 миллиард сўмлик эҳтиёт қисмлар, 83 миллиард сўмлик кредитлар ажратилди. Шунингдек, 88 минг гектар майдонда агротехник тадбирларни амалга оширишда амалий ёрдам кўрсатилди.

Назорат тадбирлари давомида фермер хўжалиги ишчи-ходимларининг 9 миллиард 392 миллион сўмлик иш ҳақи, 3 миллиард 749 миллион сўмлик дебитор қарздорликларининг ундириб берилиши таъминланди. Шунингдек, деҳқон ва фермер хўжаликлари манфаатларини кўзлаб, судларга 54 миллиард сўмлик 1 972 та ариза киритилди. Кўрилган чоралар натижасида 5 574 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Юртимизни хавфсиз ва тинч ҳудудга айлантириш, фуқароларимизни осойишта ҳаёт кечириши,  жиноятчиликка қарши курашни мутлақо янги ва замонавий талаблар асосида ташкил этиш прокуратура фаолиятининг бош мақсади ҳисобланади.

Ўтган йилда ушбу фаолият Давлатимиз раҳбари белгилаб берган устувор қоидалар, яъни ҳуқуқбузарлик ёки жиноят оқибати билан эмас, балки уларни барвақт аниқлаб, бартараф этишга қаратилди.

«Хавфсиз пойтахт» концеп­ция­си жорий этилгани ҳам бу  борада муҳим қадам бўлди.

Пойтахтда ташкил этилган 3 сменалик хизматда 54 нафар прокуратура ходимлари ҳам график асосида иш олиб бормоқда.

Сўнгги икки йил мобайнида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчиликка қарши кураш соҳасида мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз натижаларини кўрсатишни бошлади. Шу боис жиноятчиликнинг пасайиш тенденцияси кузатилмоқда.

Прокуратура органлари томонидан аҳоли билан очиқ мулоқот қилиш, ижтимоий-иқтисодий, маиший муаммоларни жо­­йи­да ҳал этиш, мурожаатларда кўтарилган масалаларни синчковлик билан ўрганиш ва қонуний ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилаяпти.

Хусусан, келиб тушган 433 мингдан ортиқ мурожаатнинг 264 мингтаси бевосита прокуратура органларида ҳал қилинди, 248 мингдан ортиқ фуқаро прокурорлар томонидан қабул қилинди. «Ишонч телефони»га қабул қилинган 87 мингдан ортиқ мурожаат кўриб чиқилди.

Бош прокурор раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан республиканинг барча ҳудудларида сайёр қабуллар ўтказилиб, 348 нафар фуқаро қабул қилинди ва уларнинг муаммолари жойида бартараф этилиши таъминланди.

Мурожаатчиларнинг вақти ва ортиқча оворагарчилигининг олдини олиш мақсадида уларни видеоконференция тизими орқали қабул қилиш йўлга қўйилди. Бу даврда 293 нафар жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари вилоятлардан видеоконференцалоқа воситалари орқали қабул қилинди.

Бош прокуратура томонидан жамият ҳаётининг турли соҳаларига оид 109 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилиб, уларнинг 77 таси қабул қилинди ва амалиётга татбиқ этилди.

Жумладан, 5 та қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 16 та фармони, 28 та қарори ва 4 та фармойиши, Вазирлар Маҳкамасининг 12 та қарори, 3 та фармойиши ҳамда 7 та бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, давлат ва жамият ҳаётида қонунийликни мустаҳкамлаш ҳамда қонун устуворлигининг таъминланиши ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг самарадорлигини оширишда ҳал қилувчи ўрин тутади. Адолат ҳукм сурган жойда тинчлик бўлади, халқда давлатга, ҳуқуқ-тартибот органларига бўлган ишонч, Ватан тақдири ва келажагига дахлдорлик туйғуси юксалади. Аввало, инсон шаънини ҳамма нарсадан улуғ, деб билиш, фуқароларнинг тинч, осойишта, фаровон ҳаёт кечириши учун барча шароитни яратиш прокуратура органлари ходимларининг ҳам энг олий мақсадидир.

Шундай экан, прокуратура органлари ходимлари келгусида ҳам Ўзбекистон Республикаси халқига садоқат билан хизмат қилади. Қасамёдига содиқлик билан, зиммасига юклатилган барча вазифаларнинг сўзсиз ва тўлиқ бажарилишини таъминлашга, юксак ишончга муносиб бўлишга, жамиятда адолат ва қонун устуворлигини ўрнатишга бор куч, билим ва салоҳиятини сафарбар этади.

Ҳалим БОЛТАЕВ,

Бош прокуратура бошқарма бошлиғи

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: