Home /   / Халқ кайфияти бошқарув идоралари ходимларининг саъй-ҳаракатига боғлиқ

Халқ кайфияти бошқарув идоралари ходимларининг саъй-ҳаракатига боғлиқ

Президентимизнинг 2017 йил 8 августдаги «Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарорига мувофиқ, Норин туманида ҳам ҳокимлик, прокуратура, ички ишлар ва Давлат солиқ идораларининг ҳудудий органлари раҳбарлари бошчилигида тузилган секторлар самарали фаолият кўрсатмоқда.

Уларнинг саъй-ҳаракатлари билан ҳудудда аҳоли турмуш шароити яхшиланмоқда. Хусусан, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, касб-ҳунар коллежи битирувчиларини ишга жойлаштириш, даволаш-профилактика муассасалари фаолиятини янада яхшилаш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, тез тиббий ёрдам кўрсатиш хизмати сифатини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Табиий ва суюлтирилган газ, ичимлик суви, электр энергияси таъминоти каби коммунал хизматлар, шунингдек, аҳоли турмуш ша­рои­ти билан боғлиқ долзарб маиший масалалар ҳам доимий эътиборда. Туман прокурори раҳбарлигидаги секторга қа­рашли маҳалла фуқаролар йиғинларида жами 2757 та хонадонга уйма-уй бориб, шарт-шароитлар ўрганилди. Шу ўринда табиий савол туғилади: аҳвол қандай?

Рақамлар асосида далиллайдиган бўлсак, фуқаролар суҳбат ва мулоқотлар жараёнида жами 154 та муаммо ва камчиликларни айтиб ўтдилар. Шундан 77 таси жойида ҳал этилди. 17 таси тегишлилиги бўйича дахлдор ташкилотларга юборилди. 59 таси МФЙдаги кам таъминланган оилаларга тегишли бўлиб, уларда истиқомат қилувчи 6 нафар ногирон фуқарога ногиронлик аравачаси берилди. Шунингдек, ҳудуддаги муҳтожларга тиббиёт муассасаларида даволаниш учун имтиёзлар берилди. Сектордаги 31 та кам таъминланган оилага газ баллонлар олиб берилди. Қолаверса, уларнинг уй-жойини таъмирлашга ҳам баҳоли қудрат ёр­дам қилинмоқда.

Бугун юртдошларимиз орасида яратилган имконият ва имтиёзлардан оқилона фойдаланиб, тадбиркорликни йўлга қўяётганларнинг кўплиги қувонарли. Зеро, бу ҳудуднинг ҳам ижтимоий, ҳам иқтисодий равнақида муҳим роль ўйнайди. Ҳудуддаги аҳоли бандлигидан ҳам билса бўладики, коммуникация, ободонлаштириш ва бандлик масалалари борасида ҳам сезиларли ишлар амалга оширилаётгани табиий.

Албатта, сектордаги қонунийлик аҳволи, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, халқнинг кўтаринки кайфиятига бугун уларга яратилаётган меҳнат, яшаш шароитларини ижобий томонга ўзгартириш орқали эришилади. Аввало, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида таъмирталаб йўлларни созлаш ишлари амалга оширилди. Прокурор секторида ўтказилган ўрганишларда аниқланган ҳолатлар бўйича 30 нафар фуқаро ишга жойлаштирилди. Бундан ташқари, «Тўда», «Отбозор», «Сўзақовул» МФЙларда электр тармоқлари учун 45 та бетон таянчлар, 3 та янги трансформатор қайтадан таъмирланиб, соз ҳолга келтирилди. Сектор ҳудудида тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш мақсадида 22 нафар фуқарога имтиёзли кредит олиш учун тижорат банк­ларига тавсияномалар берилиб, улардан 19 нафарининг 195,4 миллион сўм кредит олиши таъминланди.

61 нафар тадбиркорни қийнаётган муаммолар туман прокуратураси томонидан ўрганилиб, 12 та тадбиркорлик субъ­ектига муаммоларни бартараф этиш юзасидан амалий ёрдам кўрсатилди. Бўш иш ўринлари ярмаркаларида тумандаги корхона, ташкилот ва муассасалардан 147 таси ўзларидаги мавжуд бўш иш ўринлари ҳамда иш фаолиятига оид кўргазмали жиҳозлар билан иштирок этишди. Тадбирларда 411 нафар фуқаро иштирок этиб, улардан 380 нафарига меҳнат қонунчилиги, кредит олиш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш бўйича маслаҳатлар берилди.

Аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш мақсадида 14 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 420,9 га. ер майдонларига экин экилиши таъминланди. Шунингдек, 70 нафар кам таъминланган оилага бепул мевали дарахт ҳамда сабзавот кўчатлари етказиб берилди.

Туман прокурорига бириктирилган сектор ҳудудида кичик саноат зонаси ташкил этилиб, 4 та лойиҳада 45 та иш ўрни яратиш бўйича дастурлар ишлаб чиқилди. Ушбу дастурга асосан сектор ҳудудида 4 та лойиҳа бўйича ташаббускорларга ер майдонлари ажратиб берилди. Ҳозирда қурилиш ишлари олиб борилмоқда.

Умуман олганда, секторлар фаолияти мутасаддилар масъулиятини янада ошириш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, энг муҳими, мавжуд муаммо ва камчиликларни ўз вақтида бартараф этишга қаратилган. Келгусидаги вазифамиз ҳам ишчи гуруҳ томонидан аҳолининг барча қатламлари билан доимий мулоқотни изчил давом эттириб, мавжуд аҳволни мунтазам ўрганиб бориш, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, босқичма-босқич банд­лик, коммунал, моддий ёр­дам, уй-жой масалалари билан боғлиқ мурожаатларнинг ечимини топишдир. Шундагина олдимизга қўйган мақсадимиз рўёбига, яъни аҳоли турмуш сифати ҳамда даражасини юксалтириб, одам­ларни рози қи­лишга эриша оламиз.

Хурсанали РАПИҚОВ,

Норин туман прокурори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: