Home /   / Халқ хизматида

Халқ хизматида

Сўнгги йилларда вилоятимизда ҳам мисли кўрилмаган бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Мавжуд корхоналар тўла қувват билан ишлаши учун реконструкция қилинмоқда. Янги-янги корхоналар ишга туширилаяпти.

Фойдаланилмасдан бўш турган биноларда ишлаб чиқариш йўлга қўйилаяпти. Импорт ўрнини босувчи ҳамда экспортбоп сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, истеъмолчиларга савдо-хизмат кўрсатиш кўлами ортиб бормоқда. Кўпқаватли, ойнаванд савдо ва хизмат кўрсатиш, турар жой  бинолари, кенг ва равон йўллар, кўприклар қурилаяпти. Шаҳар ҳамда қишлоқлар обод ва кўркам қиёфа касб этмоқда. Янги иш ўринлари яратилаяпти. Туб ислоҳотлар жараёнида эҳтиёжманд аҳоли ижтимоий ҳимояга олинаяпти.

Вилоят прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ҳу­дудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш борасида эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда. Ҳар бир секторда  фуқаролар билан мулоқот қилиш, аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш натижадорлигини ошириш мақсадида янгича стратегия ва тизим асосида иш юритилмоқда.

Сектор раҳбарлари томонидан аҳоли муаммоларини ўрганиш ва сайёр қабулларни ҳудуддаги ҳар бир қишлоқ, маҳалла, посёлкаларда ўтказиш, биринчи навбатда, энг олис, чекка, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражаси паст бўлган, чегара ҳудудларида жойлашган аҳоли пунктларининг қамраб олиниши, сайёр қабулларни бевосита аҳоли яшаб турган маҳалла ва кўчаларда, дала шароитларида ўтказиш, аниқланган муаммоларни жойида ечиш чораларини кўриш, ҳал этилиши катта маблағ талаб этадиган ҳолатлардагина аниқ муддат ва масъулларни белгилаб, ижросини назоратга олиш, бу ҳақида аҳоли билан зарур тушунтириш ишларини олиб бориш, аҳоли муаммоларига нисбатан эътиборсизлик, сансалорлик ҳолатларига чек қўйиш, ўрганишлар ва сайёр қабулларни оддий, аҳоли учун тушунарли тарзда ўтказиш, ҳар бир фуқаронинг дардини, муаммоларини тинглаш, фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш натижаларидан рози бўлишига эришиш асосий мезон сифатида белгилаб олинди. Аҳоли муаммолари билан ишлаш янгича тизимда ташкил этилмоқда. Муаммоларни бевосита жойига борган ҳолда ўрганиш ҳамда уларнинг ижобий ҳал этилишини таъминлаш учун энг чекка ҳудудларда дала шароитларида сайёр қабуллар ўтказилмоқда.

Август ойида прокурорлар томонидан жами 39 маротаба сайёр қабул амалга оширилди. Қабуллар давомида 661 нафар фуқаронинг муаммолари эшитилиб, 320 тасининг жойида бартараф этилиши таъминланди, 105 нафар фуқарога тушунтириш берилди, қолган муаммоларни ҳал қилиш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, сайёр қабулларда бўлган мурожаатлар бўйича 120 та хонадонга суюлтирилган газ баллонлари етказиб берилди, 19 нафар фуқаро доимий иш билан таъминланди, 21 нафар тиббий ёрдамга муҳтож шахслар тиббий кўрикдан ўтказилиб, бепул дори-дармонлар билан таъминланди, 43 нафар фуқарога моддий ёр­дамлар кўрсатилди. Жумладан, Қўқон шаҳар “Ўрмонбоғ” маҳалла фуқаролар йиғини Теракзор кўчаси 8-уйда истиқомат қилувчи С.Раҳмоналиевнинг кўчадаги 2 та симёғоч яроқсиз ҳолатга келиб қолгани ва кўча чироқлари умуман ёритмаётгани хусусидаги мурожаати жойида ижобий ҳал этилиб, симёғочлар бетон таянчларга алмаштирилди ҳамда кўчанинг 500 метр қисмига кўча чироқлари ўрнатилди.

Қувасой шаҳар “Исфайрамсой” маҳалла фуқаролар йиғини, Миришкор кўчаси 430-уйда яшовчи Ш.Жўраеванинг иш билан таъминлашда амалий ёрдам сўраб қилган мурожаати ҳам жойида ижобий ҳал этилиб, мутахассислиги бўйича “Қувасой МашТеххизмат” масъулияти чекланган жамиятига ҳисобчи вазифасига ишга жойлаштирилиши таъминланди.

Сайёр қабулда бўлган мурожаатга асосан Қўштепа туман прокурорининг ташаббуси билан “Ўрта Ўқчи” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи аҳолини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида янги электр тақсимлаш қурилмаси (ЭТҚ) ўрнатилиб, 300 метр масофага электр симлари тортилди ва янги 6 та бетон таянч ўрнатилди. Шунингдек, “Ўқчи” маҳалла фуқаролар йиғини Янги Фарғона кўчасини ободонлаштириш ишлари ташкиллаштирилди, 400 метр ариқлар кавланиб, 1,5 км. масофадаги йўллар чети тозаланди.

Вилоят прокуратураси томонидан мамлакатимизда нишонланган Қурбон ҳайити муносабати билан тўлиқсиз оилаларда истиқомат қилувчи 50 нафарга яқин мактаб ёшидаги болаларга мактаб кийимлари, ўқув қуроллари, озиқ-овқат маҳсулотлари ва электр печлар етказиб берилди.

Жорий йилнинг июль-август ойларида вилоят прокурори  энг олис чекка ва чегара ҳудудида жойлашган Бешариқ, Фурқат, Сўх, Ўзбекистон, Уч­кўприк туманларида ҳамда Қўқон шаҳрида аҳоли муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш мақсадида сайёр қабуллар ўтказди. Сайёр қабулларда 273 нафар фуқаронинг турли мавзудаги мурожаатлари қабул қилиниб, уларнинг 249 таси ижобий ҳал этилди. Жумладан, 46 нафар фуқаро ишга жойлаштирилди. 17 нафар ногиронга аравачалар, 10 нафар фуқарога эшитиш мосламалари топширилиши, 18 нафар фуқарога тиббий ёрдам кўрсатилиши, даволанишга ётқизилиши, сиҳатгоҳга йўл­ланма олиши, 47 нафар фуқарога 30 миллион сўмга яқин моддий ёрдам ва бепул дори-дармонлар берилиши, 46 нафар фуқарога тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун имтиёзли кредитлар ажратилиши ва 48 нафар фуқаронинг коммунал хўжалик билан боғлиқ муаммолари ҳал этилиши таъминланди.

Қабуллар жараёнида бўлган мурожаатларга асосан 1700 метрдан ортиқ масофага янги ичимлик суви тармоғи тортилди, 5,2 км. масофадаги зовурлар кавланди, 8 та кўчага  шағал ётқизилиб, 377 та хонадоннинг йўли текисланди. Хусусан, Учкўприк туманида жорий йилнинг 15 август куни ўтказилган сайёр қабул давомида 82 нафар фуқаронинг мурожаати тингланиб, 74 та ёзма мурожаат қабул қилинди ҳамда уларнинг аксарияти шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилди. Туманнинг Бобошбек қишлоғида истиқомат қилувчи 2-гуруҳ ногирони М.Сирожиддинованинг ногиронлик аравачаси билан таъминлашни сўраб бир нечта ташкилотга мурожаат қилган бўлса-да, ушбу масала ҳал бўлмаётганидан норози бўлиб қилган мурожаати шу жойнинг ўзида ижобий ҳал этилиб, унга ногиронлик аравачаси берилиши таъминланди. Худди шу каби ногиронлик аравачасига муҳтож бўлган А.Йўлдошев, М.Қорабоевларга ногиронлик аравачалари ҳамда эшитиш қобилияти паст бўлган М.Иномов ва М.Валижоноваларга эшитиш мосламалари тақдим этилди. Шунингдек, кам таъминланган 16 та оилага ун, ўсимлик ёғи, гуруч, макарон каби озиқ-овқатлар етказиб берилди.

Сайёр қабул жараёнида кам таъминланган оила сифатида рўйхатда турувчи Ю.Дониёровнинг хонадонига бориб, муаммолари жойида ўрганилганида, ушбу хонадонда 5 киши истиқомат қилиб келиши, оиланинг катта фарзанди болаликдан ногиронлиги, кичик фарзанди умуртқа поғонасидаги муаммоси туфайли даволанишга муҳтожлиги аниқланиб, уларни шифохонага жойлаштириш масаласи ҳал қилинди ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари тақдим этилди.

Фуқаро С.Ҳотамбекованинг хонадонида ўтказилган ўрганишда 2 нафар вояга етмаган фарзанди билан яшаётгани, ҳозир ёлланма ишчи сифатида ишлаб оила тебратаётгани, хонадони таъмирга муҳтожлиги аниқланиб, оилага моддий ёрдам тариқасида озиқ-овқат етказиб берилди ва хонадонини таъмирлашга амалий ёр­дам бериш бўйича чора-тадбирлар белгиланди. Шунингдек, ҳу­дуддаги ижтимоий соҳа объектларидаги шароитлар ва уларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик аҳволи ўрганилди. Жумладан, 11-умумтаълим мактабининг иситиш тизимида муаммолар мавжудлиги, спорт майдончаси таъмирталаб экани ҳамда мактаб кутубхонасида адабиётлар етишмаслиги аниқланиб, ушбу муаммоларни бартараф этиш назоратга олинди.

Тумандаги 31-мактабгача таълим муассасасида тарбия­ланувчиларга яратилган шароитлар талаб даражасида эмаслиги,  болалар йўлакчалари асфальтланмагани каби муаммоларни бартараф этиш бўйича мутасадди ташкилотларга кўрсатмалар берилиб, ижроси назоратга олинди.

Халқимизга сидқидилдан хизмат қилиш, фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини таъминлаш  прокуратура ор­ганлари фаолиятининг асосий мезонига айланди. Эҳтиёжманд оилалар ижтимоий ҳимояга олинган ҳолда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, тадбиркорликнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши, иқтисодиётнинг жадал ривожланиши, янги иш ўринлари яратилиши, турли ижтимоий муаммолар ҳал этилиши жараёнида турмуш даражаси ва сифати яхшиланиб бораётган юртдошларимиз энг улуғ, энг азиз сана — мустақилликнинг 28 йиллигини хуш кайфиятда қарши олиб,  ифтихор туйғулари билан нишонлашмоқда.

Аббосхон Насриддинов,

Фарғона вилоят прокурори сектори котиби

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: