Home /   / Халқ биланмиз, халқ ичиндамиз

Халқ биланмиз, халқ ичиндамиз

Мамлакатимизда ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

2019 йилда Жиззах вилоятидаги 2-секторда аҳоли муаммоларини уйма-уй юриб ўрганиш натижасида аниқланган 31 292 та  муаммо тўлиқ бартараф этилди.

Шу билан биргаликда, туман ва шаҳарлардаги сектор раҳбарлари ҳар ҳафтада камида бир марта, вилоят сектори раҳбари эса ҳар ойда камида икки марта жойларга чиққан ҳолда сайёр қабуллар ўтказмоқда.

Хусусан, ҳудудлардаги муаммоларни ўрганиш ва халқ дардини тинглаш мақсадида 546 та сайёр қабул ўтказилди. Уларда 4358 та мурожаат қабул қилиниб, шундан 2391 таси қаноатлантирилди, 1994 таси юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилди, 32 таси рад этилди. Мисол учун, 2019 йил сентябрь ойида Жиззах шаҳрининг Сайҳон маҳалласида аҳолининг мурожаатлари юзасидан ўтказилган сайёр қабул натижасига кўра маҳаллада жойлашган 20-мактабнинг мажлислар зали, спорт зали, 5-оилавий поликлиниканинг Сайҳон филиали таъмирланди ҳамда филиалда ижтимоий дорихона ташкил қилинди. Маҳалла идораси поликлиниканинг бўш турган тўртта хонасига кўчирилиб, битта хонасида кутубхона ташкил қилинди, бир нафар ногирон аравача билан таъминланди.

Шунингдек, вилоят сектори ҳудудида ёлғиз яшовчи 170 киши 380,7 млн. сўмлик 11 хил озиқ-овқат билан таъминланди. Шу билан бирга, 2187 нафар кекса ва ногиронларга соғлиғини тиклаш учун сиҳатгоҳга йўлланма берилди.

Давлат раҳбарининг бешта ташаббусини ҳаётга кенг жорий қилиш мақсадида 370 та маърифий тадбир уюштирилиб, уларда 36 мингдан ортиқ ёшлар қатнашди. Аҳолининг компьютер саводхонлигини ошириш учун 325 та тўгарак фаолияти йўлга қўйилди.

Барча туман ва шаҳар 2-сектор штаб­ларида кутубхона, шунингдек, Ғаллаорол, Фориш, Зафаробод туманлари ва Жиззах шаҳрида биттадан китоб дўкони ташкил этилди.

Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида сектор ҳудудида 29 та ижтимоий дорихона ташкил қилинган бўлиб, барчаси аҳолига хизмат кўрсатиб келмоқда.

Вилоят прокуратураси органлари томонидан соғлиқни сақлаш соҳасида ўтган йили ўтказилган 60 та текшириш натижасида қонунга зид 134 та ҳужжатни бекор қилиш ҳақида протест келтирилган. Аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш тўғрисида ваколатли идораларга 72 та тақдимнома киритилган, 6 киши қонун бузилишига йўл қўймаслик ҳақида огоҳлантирилган. Жиддий қонунбузилишлар юзасидан учта жиноят иши қўзғатилган ҳамда 356 кишининг бузилган ҳуқуқлари тикланган.

Секторда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга эътибор қаратилмоқда. Жумладан, 1034 нафар тадбиркорнинг муаммоси ҳал этилди, шундан 197 тасига 8,3 млрд. сўм кредит, 74 тасига 1247 га ер ажратилиши, 294 таси коммуникация тармоқларига уланиши, 34 тасига лицензия берилиши таъминланди, 186 та ҳолатда бузилган ҳуқуқлари тикланди.

2019 йили 564 та тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, 293 та тадбиркорнинг фаолияти қайта тикланди ва 785 та иш ўрни яратилди. Мисол учун, вилоят сектори раҳбари ташаббуси билан Арнасой тумани «Янгибўстон» ҚФЙда яшовчи Жамила Турсуновага 4 сотих ер ҳамда 160 млн. сўм кредит ажратилди ва у болалар майдончасига эга бўлган истироҳат боғи барпо этди.

Бугунги кунда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида муаммолар ҳам учраяпти. Таҳлилларга кўра ер ва бино ажратиш, қурилиш ва муҳандислик тармоқларига уланиш учун рухсат олиш масаласи ҳал этилмагани, айланма маблағи ва кредит олиш учун гаров бўладиган мулки йўқлиги, қарзи кўпайиб кетгани ҳисобига айрим тадбиркорлик субъектлари ишламаяпти. Жумладан, уларнинг 484 таси айланма маблағи етишмаслиги, 122 таси кредит олиш учун гаров таъминотига эга эмаслиги, 310 таси солиқ қарзини тўлаш манбасига эга эмаслиги, 21 таси ер олишда муаммоси мавжудлиги, 159 таси товар ва хизматларга талабнинг камайгани, 45 таси моддий техник базаси етишмаслиги ва 112 таси бошқа сабабларга кўра фаолиятини тўхтатган.

Президентимиз вилоятга ташрифи доирасида 2019-2021 йилларда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари дастурини тасдиқлаган. Дастурга асосан 2019 йилда 93 та (571,9 млрд. сўмлик) лойиҳа ишга тушиши режалаштирилган бўлиб,  амалда 106 та лойиҳа инвестициялари ўзлаштирилди, 103 та (596,6 млрд.) лойиҳа ишга туширилди. Бироқ белгиланган учта лойиҳа ишга туширилмагани оқибатида 127 та иш ўрни яратилиши кечикмоқда.

Шунингдек, Дўстлик, Зафаробод ҳамда Янгиобод туманлари 2-секторларида дастурга хорижий инвестиция иштирокидаги лойиҳалар киритилмаган.

Лойиҳаларни молиялаштириш бош­ланмагани ва ўз вақтида ишга туширилмагани юзасидан вилоят прокуратураси томонидан Арнасой, Дўстлик, Мирзачўл, Пахтакор тумани ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарларига нисбатан интизомий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилган.

Секторда 2019 йилга белгиланган 16,8 млн. АҚШ доллари миқдорида экспорт режаси 138 фоизга бажарилди. Бироқ ҳақиқатда экспортбоп маҳсулот етиштириш учун мавжуд ички имкониятдан фойдаланмай, режа бошқа вилоятларда етиштирилган маҳсулотларни экспорт қилиш ҳисобига бажарилмоқда.

Келгусида экспорт режасини бажариш учун логистика марказлари, агросаноат кластерларини яратиш, экспорт инфратузилмасини ишга тушириш талаб этилади. Ўз ўрнида экспортёрнинг муаммоларини ўз вақтида ҳал этиб бермаган мутасадди ташкилотларнинг раҳбарларига нисбатан прокурор таъсир чоралари қўллаб келинмоқда.

Вилоятда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, пахта ва ғалладан мўл ҳосил олиш борасида бир қатор ишлар қилинмоқда. Жумладан, 2019 йилда прокурорлар секторида 1211 та фермер хўжалиги томонидан 78254 тонна ғалла топширилиб, режа 107 фоизга бажарилди. 467 та фермер хўжалиги давлатга 48371 тонна пахта топшириб, режани 100,4 фоизга бажарди.

Вилоят прокуратураси органлари ўтказган назорат тадбирлари давомида 2019 йилги пахта ҳосили учун тўланмаган 2,9 млрд. сўм қарзларни ундириш бўйича судларга 1,8 млрд. сўмлик даъво аризалари киритилди. Қолган 1,1 млрд. сўмлик қарзларни ундириш чоралари кўрилмоқда.

Секторда жиноятчиликка қарши кураш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича туман идоралараро комиссияси штаблари қайта ташкил этилиб, уларга секторлардан бир нафар ходим бириктирилган. Ҳудудларда «Геоинформацион харита» ишлаб чиқилгани, унда жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилиши эҳтимоли юқори бўлган ҳудудларни мобил патруль хизмати орқали мунтазам назорат қилиш имкони яратилгани ўз самарасини бермоқда. Профилактик тадбирлар натижасида Арнасойнинг Чинобод, Зарбдорнинг Тозауруғ маҳаллаларида 2019 йили умуман жиноят содир этилмаган.

Бундан ташқари, Жиззах шаҳар 2-секторида вилоят ИИБ ППХ ва ЖТСБ ППХ батальони ва Миллий гвардиянинг Жиззах вилояти бошқармасида мавжуд бўлган куч ва техникалар ҳисобига уч босқичли аралаш тартибда 8 та (6 та пиёда, 2 та авто) суткалик патруль йўналишлари ташкил этилган. Ушбу йўналишларда хизмат олиб бориш учун 83 нафар турли хизмат ходимлари жалб қилинган.

«Хавфсиз шаҳар» концепцияси бў­йича 2019 йилда «102» рақамига жами 573 та хабар келиб тушган, шундан 23 таси жиноят ҳақида, 317 таси маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақида.

Ҳудудий ИИБ ва таянч пунктларига жами 17545 киши (256 нафари жиноят содир этганликда гумон қилиниб, 2658 нафари ҳуқуқбузарлик содир этгани учун, 13780 нафари шахсини аниқлаш учун, 518 нафари тиланчи, 165 нафари фоҳиша, 168 нафари муайян яшаш жойига эга бўлмаган) олиб келиниб, шундан 1014 нафари тиббий реабилитация пунктига, 19 нафари вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилган.

Шунингдек, барча туманларда ва вилоятда Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича идоралараро комиссия тузилган.

Фуқаролар билан мулоқотни кучайтириш ҳамда уларнинг муаммоларини ҳал этиш орқали аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш, турмушида сезиларли ижобий ўзгаришлар бўлишига эришамиз.

Асилбек Ашуров,

Жиззах вилояти прокурорининг ўринбосари

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: