Тезкор хабарлар
Home /   / Халқ билан мулоқот қалб билан мулоқотдир

Халқ билан мулоқот қалб билан мулоқотдир

Ҳар ким яхши шароитда, барча имконият мавжуд бўлган муҳитда бахтли-саодатли яшашни истайди. Бундай эзгу орзу-истакни рўёбга чиқариш учун юртимизда барча саъй-ҳаракатлар ана шундай юксак мақсадга йўналтирилмоқда. Ташаббусларнинг жойлардаги ижросини тўлақонли таъминлаш эса олдимизда турган энг улкан вазифадир.

Шу боис, халқ орасига кириш, аҳоли билан яқиндан мулоқот ўрнатиш ҳамда уларнинг дардини эшитиб, оғирини енгил қилишга кўмаклашиш бугунги кун раҳбар ходимлари, мутасадди идораларнинг энг долзарб вазифаларидан бирига айланган.

Жорий йилнинг 7-8 май кунлари Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари А.Мавлоновнинг Наманган вилоятининг Норин ва Поп туманларида ўтказган сайёр қабули ҳам фикримизни тасдиқлаб турибди.

Сайёр қабуллар давомида 95 нафар фуқаронинг мурожаати қабул қилинди. Уларнинг 17 таси жойида ҳал этилди, яъни 7 таси қаноатлантирилиб, 10 таси бўйича тушунтириш берилди. 21 таси Бош прокуратура назоратига олиниб, 57 таси тегишлилиги бўйича ўрганилмоқда.

Норин туманида ўтказилган сайёр қабулда 42 та мурожаат қабул қилинди. Шундан 3 таси ҳал этилиб, 12 таси Бош прокуратурага юборилди, 27 таси ўрганилмоқда.

Фуқаролар, давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва жамоат ташкилотлари вакиллари қатнашган мазкур тадбирда мурожаатлар, асосан ишга жойлашиш, соғлиқни сақлаш, уй-жой, моддий ёрдам, йўлларни таъмирлаш, тоза ичимлик суви билан таъминлаш, суд қарорлари, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда коммунал масалаларга оид бўлди.

Мурожаатларнинг аксариятига шу ернинг ўзида ечим топилди. Хусусан, 1949 йилда туғилган, Норин тумани, «Зарбдор» МФЙда яшовчи Сорахон Аббосова Ҳаж зиёрати масаласида мурожаат қилди. Унинг билдиришича, турмуш ўртоғи Зиёвиддин Аббосов билан биргаликда Ҳаж зиёрати учун вилоят ҳокимлигига мурожаат этишган. Жорий йилда улар зиёратга боришлари керак эди. Бироқ ўтган йили З.Аббосов вафот этади.

— Биз билан навбати келганлар эр-хотин экан. Улар бу йил бориб кела қолишсин. Менинг навбатимни кейинги йилга суришда амалий ёрдам сўраб келгандим, — деди С.Аббосова ўз мурожаатида.

Масъуллар мазкур мурожаатни жойи­да ҳал этишди. С.Аббосова ке­йинги йилги Ҳаж зиёратига борувчилар рўйхатига киритилди.

Поп туманида ўтказилган сайёр қабулда 53 та мурожаат қабул қилинди. Шундан 14 таси жойида ҳал этилди, яъни 7 таси қаноатлантирилиб,       7 таси бўйича тушунтириш берилди.  9 та мурожаат Бош прокуратурага юборилди. 30 таси эса ўрганилмоқда. Хусусан, икки нафар фуқаро ишга жойлашиш борасида мурожаат қилганди. Поп тумани, «Алишер Навоий» МФЙда истиқомат қилувчи Гулёра Собитова тумандаги ташкилотлардан бирига ҳисобчи вазифасига ишга жойлаштирилди. 2018 йилда Поп тумани Тиббиёт коллежини тамомлаган Ситора Мирзаева туман тиббиёт бирлашмасида ҳамшира сифатида иш бошлади.

Бундан ташқари, 3 нафар фуқарога тиббиёт муассасаларида даволаниш учун ордер берилди.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, сайёр қабуллардаги аксарият мурожаатлар ундирув билан боғлиқ бўлмоқда. Масалан, фуқаро Д.Маматов опаси О.Шодиқуловага собиқ турмуш ўртоғидан фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро судининг қарорига асосан алимент пули ундирилиши белгилангани, бироқ ҳозирги кунда қарздор томонидан фарзандлари учун тўланиши керак бўлган 11 миллион 968 минг сўм алимент пуллари тўланмаётгани, унга чеклов қўйилганига қарамай, Россия давлатига кетганини баён этиб, мазкур алимент пулларини ундиришда амалий ёрдам сўраган.

Мазкур ҳолат ўрганилганида аниқланишича, А.Шодиқуловдан алимент ундириш имконияти йўқ, деб топилган. Сайёр қабул жараёнида суд қарори қайта ижро иши юритувига олинди.

Шунингдек, Поп тумани, «Ғурумсарой» МФЙда яшовчи фуқаро Д.Абдуллаев ўзига нисбатан алиментдан бўлган қарздорлик бўйича қўлланилган чекловни бекор қилиш бўйича мурожаат этган. Сайёр қабул жараёнида у 3,5 миллион сўм алиментдан бўлган қарздорликни тўлиқ тўлади ва четга чиқишга чеклов олиб ташланди.

Сайёр қабулда ечими маълум вақт талаб этадиган мурожаатлар бўйича тегишли ташкилотларга кўрсатмалар берилиб, ижроси назоратга олинди.

Шукрулло ҲАТАМОВ,

Бош прокуратура бошқарма прокурори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: