Home /   / Халқаро конференция бўлиб ўтди

Халқаро конференция бўлиб ўтди

Мамлакатимиз раҳбари томонидан халқимизни ҳаётдан рози қилиш йўлида амалга оширилаётган эзгу, хайрли ташаббуслар, кенг қамровли ислоҳотлар бугун энг чекка ва олис қишлоқлардаги инсонлар ҳаёт тарзида ҳам намоён бўлмоқда.

Сўнгги йилларда вилоят ва туман марказларида ободонлаштириш ва марказий кўчаларнинг меъморий қиёфасини янгилаш бўйича самарали ишлар амалга оширилди. Бироқ, сир эмаски, мамлакатимизнинг салмоқли қисмини ташкил этадиган қишлоқ ва маҳаллаларда аҳолини қийнаб келаётган муаммолар, ўз ечимини кутиб турган масалалар йиллар давомида тўпланиб қолган эди.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 29 мартдаги «Обод қишлоқ» дастури тўғрисида»ги ва 2018 йил 27 июндаги «Обод маҳалла» дастури тўғрисида»ги Фармонлари олдимизда кўндаланг турган ана шундай масалаларга ечим бўлди, яъни қишлоқ ҳамда маҳалла аҳли ҳаётида янги тараққиёт даврини бошлаб берди.

Мазкур тарихий ҳужжатларда белгиланганидек, мамлакатимиз бўйлаб, энг аввало, чекка, олис ва табиий иқлим шароити оғир бўлган ҳудудларда, маҳаллаларда аҳолининг  яшаш  шароитини тубдан  яхшилаш, турмуш  тарзи ва даражасини сезиларли даражада  ижобий томонга ўзгартириш, қишлоқларимиз қиёфасини замонавий мезонлар асосида қайта қуриш, айниқса, ёшлар учун муқим иш ўринларини яратишга қаратилган ишлар амалга оширилди.

Ана шундай кенг кўламли ишларни таҳлил қилиш, келгусидаги ишларни режалаштириш бу борадаги ишларни тизимли юритишда муҳим ўрин тутади.

2019 йил 25 январь куни «International Hotel Tashkent» меҳмонхонасида «Обод қиш­лоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари: дастлабки ютуқлар ва истиқболдаги мақсадлар» мавзусида бўлиб ўтган халқаро конференция ҳам ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Админис­тра­ция­си, Вазирлар Маҳкамаси, Бош прокуратура, «Тараққиёт стратегияси» маркази, «Юксалиш» Умуммиллий ҳаракати, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, БМТТД­нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Швейцария Конфедерацияси, АҚШ Давлат департаменти вакиллари, вазирлик ва қўмиталар, маҳаллий давлат ҳокимияти, республика хўжалик ва бошқарув идоралари масъул ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Конференция «Обод қиш­лоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларининг ижроси ва ривожланиш истиқболлари ҳа­қида кенг жамоатчилик ҳамда халқаро ҳамжамиятни ўз вақтида ва тўлиқ хабардор қилиш, келгуси вазифаларни муҳокама қилиш, шунингдек, қишлоқ аҳолисининг яшаш шароитини яхшилашга йўналтирилган лойиҳаларни амалга ошириш учун халқаро тажриба ва халқаро молия институтларининг маблағларини жалб қилиш мақсадида ташкил этилди.

Қайд этилганидек, 2018 йилда «Обод қишлоқ» дастури ижроси доирасида 159 та туманларнинг 417 та қишлоқларида 3,2 триллион сўмлик, «Обод маҳалла» дастури доирасида эса 41 та туман ва шаҳарларининг 105 та маҳаллаларида 690 миллиард сўмлик  ишлар бажарилди.

Конференцияда «Обод қиш­лоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари ижросининг 2018 йилдаги сарҳисоби, Дастурлар ижроси доирасида давлат органлари, хусусий сектор ва фуқароларнинг ҳамкорлиги асосида аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш бўйича келгусидаги вазифалар, қиш­лоқ жойларидаги инвестиция­вий лойиҳалар ижроси ва ил­ғор хорижий тажрибаларни жорий этиш мониторингига фуқароларни жалб этишнинг классик ва инновацион механизмлари, шунингдек, мазкур дастурларни молиялаштиришнинг ташкилий механизмлари ва мақсадли жамғармаларни шакллантириш каби мавзулар муҳокама қилинди.

Тадбир якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди ҳамда ривожланиш истиқболлари ҳақида фикр алмашишди.

Асроржон Турғунов,

Бош прокуратура бошқарма прокурори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: