Home /   / Халққа хизмат қилиш — устувор вазифамиз

Халққа хизмат қилиш — устувор вазифамиз

Давлатимиз раҳбарининг халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши лозимлиги ҳақидаги талабларидан келиб чиққан ҳолда, прокуратура органлари томонидан халқимизга хизмат қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни бартараф этиш, турмуш шароитини янада яхшилаш, самарали мулоқот ўрнатиш, энг муҳими, халқнинг давлат органларига ишончини мустаҳкамлаш борасидаги ишлар тизимли йўлга қўйилмоқда.

Бугунги кундаги долзарб масалалардан бири бўлган аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган қонунчилик ижроси устидан доимий назорат ўрнатилган бўлиб, жорий йилнинг ўтган даврида вилоят прокуратураси органларининг бевосита амалий ёрдами билан 3466 нафар фуқаро ишга жойлаштирилди.

Кам таъминланган оилаларнинг даромадини ошириш, тадбиркорликка йўналтириш мақсадида 3146 нафар шахс­га 30 миллиард 319 миллион сўм кредит ажратилишида амалий ёрдам кўрсатилди.

Бундан ташқари, сектор ҳудудида яшовчи 4387 та кам таъминланган оилага такрорий экин экиш учун ғалладан бўшаган ер майдонларини “1” сўм қийматида ижарага бериш асосида шартномалар тузилишида амалий кўмак берилиб, ер майдонлар ажратилди. Масалан, Қўштепа туманида яшовчи кам таъминланган оила раҳбари Ж.Тешабоев ишга жойлаштирилди, оила томорқа майдонларидан самарали фойдаланиши учун мевали кўчатлар, шунингдек, имтиёзли кредит маблағи ҳисобидан чорва ҳайвонлари берилди. Шунингдек, ушбу оила аъзоларининг қўшимча даромад олишини таъминлаш мақсадида тумандаги “Мусаффо файз” фермер хўжалигининг ғалладан бўшаган ер майдонидан такрорий экин экиши учун “1 сўм” қийматида ижарага ер майдони ажратилишида кўмак берилди.

Уйда таълим олаётган ногирон ўқувчиларнинг ижтимоий шароити ўрганилганида, улардан 647 нафари зарур ўқув жиҳозлари билан таъминланмаганлиги аниқланди. Вилоят прокуратураси органларининг бевосита кўмаги билан уларга ўқув жиҳозлари ва қуроллари берилиши таъминланиб, таълим олишлари учун зарур шароит яратилди.

Иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларнинг ўз вақтида тўланиши бўйича қонунчилик ижроси аҳволи доимий равишда назоратга олиниб, ўрганиб борилмоқда. Мазкур йўналишда ўтказилган прокурор назорати тадбирлари давомида қонун ҳужжатларига зид бўлган ҳуқуқий ҳужжатларни бекор қилиш ёки ўзгартириш юзасидан 20 та протест келтирилди, қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш бўйича жойларга 8 та тақдимнома киритилди, 30 нафар мансабдор шахс маъмурий жавобгарликка тортилиб, қўпол қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 2 та жиноят иши қўзғатилди. Судларга 721 миллион сўмни ундириш бўйича 290 та даъво аризаси киритилди, 1,8 миллиард сўмдан ортиқ иш ҳақидан бўлган қарздорлик ундирилиб берилиши таъминланди. Натижада 1500 нафардан ортиқ шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланишига эришилди. Мисол учун, “Фарғона геофизика экспедицияси” филиалининг 621 нафар ишчи-ходимининг 534 миллион, “Фар­ғона иссиқлик манбаи” ишлаб чиқариш давлат бошқармасининг 224 нафар ишчи-ходимининг 115,2 миллион сўмлик иш ҳақлари вилоят прокуратурасининг амалий ёрдами билан тўлиқ тўлаб берилиши таъминланди.

Хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунингдек, жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этганларига ижтимоий кўмак бериш натижасида 1903 нафар хотин-қизлар ишга жойлаштирилди, 61 нафари уй-жой билан таъминланди, 74 нафарининг уй-жойлари таъмирланди, 6,2 миллиаррд сўмлик кредитлар олинишида амалий ёрдам берилиб, 771 нафар хотин-қизлар тадбиркорликка жалб этилди.

Ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда. Шундай тоифадаги шахс­ларнинг 527 нафарига тиббий ёрдам кўрсатилди, 157 нафари шифохонага жойлаштирилди, 250 нафарига сиҳатгоҳларда даволаниши учун йўлланмалар берилди. Шу билан бирга, 124,5 миллион сўмлик дори-дармонлар тар­қатилди, 61 нафари аравача, 125 нафари протез-ортопедия воситалари, 29 нафари эшитиш мосламаси билан таъминланди, 3 993 нафар ёрдамга муҳтож фуқарога озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак ва маиший техника воситалари тарқатилди. Мактаб ёшидаги 597 нафар ногирон ўқувчиларнинг уй шароитида таълим олишини яхшилаш мақсадида стол-стул, китоб жавони ва ўқув қуроллари берилди. Дан­ғара тумани, “Телиминг” МФЙда яшовчи Х.Ортиқов ва фарзанд­лари ногиронлиги, шароити оғир бўлганлиги сабабли, уларнинг яшаш уйи ва ёрдамчи хўжалик хоналари тўлиқ қайтадан қуриб берилди, томорқа ер майдонида товуқ ва қуён боқиш учун шароит яратилди.

“Ёшлар — келажагимиз” Давлат дастурида белгиланган тадбирлар ижросини таъминлаш борасида ҳам муайян ишлар олиб борилмоқда. Вилоятда ташкил этилган “Yosh tadbirkorlar” коворкинг-марказларида шу кунга қадар        2147 нафар ёшга бухгалтерия, юридик ва бошқа соҳалардаги мурожаатлари бўйича тегишли маслаҳатлар берилди. Жорий йилнинг 1-ярмида 152 нафар ёш тадбиркорга 25 миллиард 856 миллион сўм кредит берилди, кредит ажратилган ло­йиҳалардан 124 таси ишга туширилди, 1200 нафар (шундан, 570 нафари ёшлар) фуқароларнинг бандлиги таъминланди.

Жумладан, ёш тадбиркор “Шуҳратбек сара мевалари” МЧЖ раҳбари А.Бекмирзаевнинг лойиҳаси бўйича унга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш омборини ташкил этиш учун 800 миллион сўм кредит берилишида амалий ёрдам кўрсатилиши натижасида жамият томонидан 10 та иш ўрни яратилди.

Комил Алиходжаев,

Фарғона вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: