Home /   / Гувоҳлар судланувчига айланди

Гувоҳлар судланувчига айланди

Қарши транспорт прокуратураси томонидан Ички ишлар вазирлиги транспорт ички ишлар бошқармаси нефть МТК АМБ Ховос отряди Қарши гуруҳи командири вазифасини бажарувчи А.Жалиловга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича дастлабки тергов ва суд терговида мазкур отряд ходимлари Олимжон Ёқубов ва Ўрол Исмоилов гувоҳ сифатида сўроқ қилинган эди. Жиноят кодекси талабига кўра огоҳлантирилган бўлса-да, улар судланувчи А.Жалиловга пул йиғиб беришмаганини, ўша пайтда раҳбарларнинг руҳий босими билан ҳужжатларга қўл қўйиб беришганини қайд этишган. Бу билан суд органининг нормал фаолиятига тўсқинлик қилиб, билатуриб ёлғон гувоҳлик беришгани аниқланди.

Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди ўтказган суд мажлисига улар гувоҳ сифатида эмас, судланувчи сифатида чақирилди. Судланувчиларнинг иккаласи ҳам айбига иқрор бўлмади. Уларнинг таъкидлашича, А.Жалилов уларга тазйиқ ўтказиб, барча ходимлардан комиссия харажатларига деб пул йиғиб беришни талаб қилгани, “хоҳласангиз шу, бўлмаса Ховосга бориб ишлайсизлар” дея таҳдид қилгани ҳақида дастлабки терговда гувоҳлик беришган, аммо энди буни тасдиқламайдилар, буни транспорт ички ишлар бошқармаси нефть МТК АМБ бошлиғи Н.Ҳамдамов “терговчи нима деса, шуни қиласан” деб айтгани учун айтишга мажбур бўлишган.

Бироқ ёлғоннинг миси чиқиши аниқ. Уларнинг жинояти суд мажлисида гувоҳларнинг кўрсатувлари, Ховос отряди Қарши гуруҳи ходимларининг А.Жалиловнинг ҳаракатларидан норози бўлиб берган аризалари, суднинг А.Жалиловга нисбатан чиқарган ҳукми сингари бир қатор далиллар билан ўз исботини топди.

Суд ҳукми билан Олимжон Ёқубов ва Ўрол Исмоиловга бир йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Ҳа, жиноят ҳақиқати ва адолати тамойилида гувоҳларнинг аҳамияти катта. Гувоҳнинг кўрсатуви орқали жиноятнинг қай тарзда, ким томонидан содир этилганига ойдинлик киритилади. Бу борадаги ёлғон кўрсатувлар қанчадан-қанча инсонларнинг тақдирини ўзгартириб юбориши, энг ёмони, адолатга путур етказиши мумкин. Шу боис гувоҳнинг зиммасидаги масъулият жуда залворли экани шубҳасиз. У айтаётган ҳар бир сўзининг қийматини аниқ билиши, бу жараёнга виждон амри билан ёндашиши керак. Акс ҳолда юқоридаги “қаҳрамон”ларимиз ҳолига тушиб қолиш ҳеч гап эмас…

Жаҳонгир ЖАБАРОВ,

Қарши транспорт прокурорининг ёрдамчиси

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: