Home /   / Гўдакнинг ҳаққига хиёнат қилманг!

Гўдакнинг ҳаққига хиёнат қилманг!

Дугонам Малоҳат икки қиздан сўнг ўғил фарзандли бўлди. Ўша куни сафарга чиққан турмуш ўртоғи хушхабарни эшитиб, дарҳол ортига қайтмоқчи бўлди. Малоҳатнинг «Шошилманг, эрта-индин қайтарсиз. Ишларингизни битказинг, ўзи бугун тонгда етиб борган бўлсангиз» деган гапларига ҳам қулоқ солмади. Аксига олиб шу куни тинмай ёмғир ёғарди. Машинани тез ҳайдаб келаётган Элбек ногоҳон бошқарувни йўқотди ва…

Аввалига бўлган воқеани Малоҳатга айтишмади. Янги меҳмонга катталар Ёдгор деб исм қўйишди. Турмуш ўртоғининг оламдан ўтганини эшитган Малоҳат дунёга сиғмай қолди. У ҳеч ким билан гаплашмас, бир нуқтага тикилиб, ўтган кунларини эсларди. Фарзанд доғида куйган қайнонаси келинининг ҳолатидан баттар эзиларди. Кунлар ойларга, ойлар йилларга уланиб, Малоҳатнинг дардига ҳам вақт даво бўлди. У барчасига кўникди.

Уч фарзандни тарбиялаш, уларни ҳеч кимдан кам қилмай улғайтириш Малоҳатга оғирлик қила бошлади. Ишлаб топган пули томоғидан ортмасди. Болалар ҳам, уларнинг орзу-ҳаваси ҳам улғайиб борарди. Оиланинг ёлғиз боқувчиси бўлган дугонам билан уч фарзандига нафақа олиш мақсадида маҳаллага мурожаат қилдик. Ўзи аслида маҳалламизда камбағал, болалар нафақасини оладиган оилалар бармоқ билан санарли. Шунинг учун ҳам мурожаатимиз тез кунларда ҳал бўлади деган умидда эдик. Аммо…

Малоҳат билан раиснинг олдига кирганимизда унинг «Ҳеч қандай муаммо йўқ. Ўзи сиз нафақа олсангиз яхши бўларди. Ҳар ҳолда боқувчиси йўқ, ёлғиз онасиз деган таклиф билан бормоқчи бўлиб тургандим. Яхшиям ўзингиз келибсиз. Ҳозир котибим таътилда эди. Эртага эрталаб келсангиз ҳеч қандай муаммосиз ишингиз ҳал бўлади. Олиб келган ҳужжатларингизни ўзим эрталаб котибга бериб қўяман» деган гапларидан дугонамдан кам суюнмадим.

Якшанба куни ўғлим билан бозор-ўчар қилиб, дугонамни йўқлаб бордим. Ҳовлида ўйнаб юрган болаларни кўриб, завқим ошди. Улар қаторига ўғлим ҳам қўшилди. Ўзим эса ошхонада куймаланаётган дугонам­нинг ёнига ўтдим.

– Эҳ, дугонажон, ҳаёт мен ўйлаганчалик осон эмас экан. Тўғриси, Элбек акамсиз қийналиб кетдим. Рўзғорнинг ками, фарзандлар тарбияси елкамга оғирлик қилаяпти. Тунов куни Маржона оёқкийими йиртилгани учун боғчага бормайман деб жанжал қилса, Мубина янги кўйлак олиб бермасангиз мен ҳам боғчага бормайман деб хархаша қилди. Ўша пайти аҳволимни кўрсанг эди. Нима қилишни, қаердан пул топишни билмай бошим қотди. Бу ёғи сендан олган қарзимни қачон қайтараман экан деб сиқилиб кетдим.

– Бу нима деганинг, мен сенга қарзга пул берганим йўқ. Мана шу жиянларимнинг қувончи учун ёрдам бердим холос. Келаётган ҳафта мен ҳам маош оламан. Насиб бўлса, Ёдгоржонга атаб қўйган сарполаримни олиб келаман. Айтганча, маҳалла раиси ёрдам берамиз деганди-ку, нима бўлди? Айтган куни бордингми!?

– Бордим. Ҳамма кўриб турган аҳволимга янада аниқлик киритиш учун бормаган жойим, тайёрламаган ҳужжатим қолмади. Шу ишнинг ортидан бир ҳафта юрдим. Энг қизиғи, ҳали ҳам ҳужжатларнинг ками бор. Эртага охирги кун, ҳаммаси тайёр бўлиб қолса керак. Ҳужжатларни тайёрлаганимиздан кейин дарров эмас, икки ой ўтиб нафақа олар эканмиз. Олгунимча ёз ҳам келиб қолар экан. Ҳа майли, ношукур бўлмайин, шунисига ҳам шукур.

– Бу нима деганинг? Қанақа икки ой? Икки ойдан ке­йин олади деб қаерда ёзилган экан? Ҳужжатларинг тайёр бўлган кундан олишинг керак. Бу сенинг эмас, гўдакларингнинг ҳаққи-ку. Сенга ким айтди ўзи шу гапни?

– Билмасам, – деди елка қисиб дугонам. – Маҳалланинг котиби «ҳужжатларингизни ҳозир тайёрлаб қўямиз, нафақа пулини эса икки ойдан кейин оласиз» деганди-да. Мен бирор марта нафақа олган бўлмасам. Котибнинг айтган гапини айтаяпман-да сенга.

Тўғриси, дугонамдан эшитганларимга ҳайрон қолдим. Қанақасига икки ойдан кейин олиши мумкин? Аслида болаларга бериладиган нафақа ҳужжати рўйхатга олинган кундан бошлаб ҳисобланади-ку?! Ёки мен билмайдиган янги қарор, фармон чиқдимикан?!

Ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида ишга боришдан аввал маҳалла идораси томон юрдим. Нима мақсадда келганимни эшитган котибнинг аввалига юзи оқарди. Сўнг нима дейишни билмай роса каловланди. Шундан билдимки, котиб ўзининг манфаати учун икки ойлик нафақа пулини олиб қолмоқчи бўлган.

– Менга қаранг, Малоҳатнинг бошига тушган ишни, қийналиб яшаётганини бошқа билмаса ҳам сиз жуда яхши биласиз. Бечора тунни тонгга улаб тикувчилик қилади. Рўзғорида етишмовчилик бўлгани учун сизларга мурожаат қилди. Ёлғиз боши билан уч болани боқиш унга осон бўлаётгани йўқ.

– Энди бизнинг ҳам харажатли жойимиз бор-да, – дея дудуқлана-дудуқлана сўз бошлади котиб. – Ойлик маошимиз рўзғордан, болалардан ортмайди. Харажат талаб қиладиган топшириқлар эса кўп. Ана шу харажатларни нимадир қилиб қоплашимиз керак-ку. Ўзи Малоҳатдан олиб қолмоқчи эмасдик, фақат…

– Инсофни, диёнатни унутманг, ака. Болалар учун тўланадиган нафақа сизнинг ёки Малоҳатнинг эмас, ҳимояга муҳтож уч гўдакнинг ҳаққи. Етимларнинг ҳақига қилинган хиёнатнинг бадали жуда оғир бўлади.

Аччиқ бўлса-да, айтган бу гапларимдан котибнинг қалби оғриб, виждони уйғонди шекилли, стол тортмасида турган, юзига Малоҳат Топволдиева деб ёзиб қў­йилган пластик картани қўлимга тутқазди.

Болаларининг икки ойлик нафақа пули тушган картани қўлига оларкан, кўзларидан шашқатор ёш оққан дугонам бағримга отилди.

Нигина ШОЕВА,

журналист

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: