Home / Тавсия этимиз / Газ, қарз ва арз

Газ, қарз ва арз

Кундалик ҳаётимизни электр энергияси ва табиий газсиз тасаввур этиш қийин. Қишнинг совуқ кунларида уйни иситиш, овқат тайёрлаш, чой қайнатиш ва бошқа юмушларни ўз вақтида бажаришда табиий газнинг аҳамияти беқиёс. Уйимизда бир кун газ ёки электр энергияси бўлмаса, қанчалик ноқулайликларга сабаб бўлиши ҳаммага аён.

Бироқ айрим истеъмолчилар табиий газга нисбатан хўжасизлик, масъулиятсизлик билан муносабатда бўладилар. Унга ноқонуний, яъни газ ўлчагичсиз уланиб, совуқ кунлари гугуртни иқтисод қилиш учун ёки уйни иситиш мақсадида газ ускунасини ёқиб қўяди. Баъзилар давлат мулкини битмас-туганмас хазина деб билиб, қанча ишлатсам ҳам камаймайди ёки ҳисобини ҳеч ким билмайди қабилида иш тутади. Унинг тўловига келганда эса турли сабабларни рўкач қилади. Бу иши билан давлат иқтисодиётига катта миқдорда зарар етказаётганини ўйлаб ҳам кўрмайди.

Ваҳоланки, кейинги йилларда бутун дунёда ёқилғи-энергетика муаммолари кўзга ташланмоқда. Қазилма ёқилғи захираларининг камайиб бораётгани юзага келган тақчиллик ва нархлар сакрашининг асосий сабабидир. Негаки, улар қайта тикланмайдиган энергия ресурслари ҳисобланади. Қайта тикланмайдиган энергия манбаи эса гарчи захираси ҳар қанча кўп бўлмасин, ишлатилавергач, бир кун келиб тугаши аён. Шу боисдан ҳам мазкур муаммо ёнилғи-энергетика соҳасида фаолият кўрсатаётган жуда кўплаб олимлар ва мутасаддиларнинг ўй-хаёлини банд этгани ҳам бор ҳақиқат.

Маълумки, табиий газдан оқилона фойдаланиш, талон-торожликка йўл қўймаслик мақсадида мамлакатимизда эътиборга молик ишлар қилинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йилдаги «Табиий газ истеъмолчилари ва газ билан таъминловчи ташкилотлар ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китобларни такомиллаштириш тўғрисида»ги, 2018 йил 12 январдаги «Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарорлари шулар жумласидандир.

Шунингдек, Бош прокуратураси ҳузурида Мажбурий ижро бюросининг ташкил этилгани тўлов интизомининг мустаҳкамланишига туртки бўлди.

Шу жумладан, Қарши шаҳрида ҳам бу соҳадаги муаммолар бартараф этилмоқда.

Шундай бўлса-да, Қарши шаҳар газ идорасига иши тушган борки, ҳаммаси жиғибийрон. Сабабини сўрасангиз, газнинг пулини ўз вақтида тўлаб борардим, аммо йўқ жойдан фалон сўм пеня ёзиб қўйибди, деган жавобни эшитасиз.

— Газнинг пулини тўлайман, деб келсам, 443 минг сўм пеня ҳам тўлашингиз керак, деб қолишди, — дейди Қарши ихтисослаштирилган маданият мактаби ўқитувчиси, шаҳардаги «Мағзон» МФЙ, Мағзон кўчаси, 48-Б уйда яшовчи Асрор Тўланов. — Шу пайтгача газнинг пулини олдиндан ортиқчаси билан тўлаб келганман-ку, нега ўшандан ушлаб қолмагансизлар десам, пеня тўловининг ҳисоб рақами бошқа, деб жавоб беришди.

«Қарлиқбағот» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Қарлиқбағот кўчаси, 21-уйда яшовчи фуқаро Ирода Эгамбердиева йўқ жойдан 1 миллион 443 минг сўм пеня чиқариб ўтиришганидан жиғибийрон. «Ороловул» маҳалласидаги Шоҳариқ кўчаси, 18-уйда яшовчи Ўктам Турдиев 600 минг сўмлик пеня қаердан келиб қолганининг сабабини билолмай ҳайрон.

«Комилон» маҳалласи, Хитой кўчасида яшовчи Инат Жўраев биринчи гуруҳ ногирони, боз устига турмуш ўртоғи ҳам вафот этган, арзимаган пенсия олади. Унга 916 минг 182 сўм қарздорлик, 1 миллион 166 минг 138 сўм пеня ёзишган.

Бу ерда пеня қандай ҳолатларда белгиланади, деган савол туғилиши табиий. Ўз­бекис­тон Республикаси Фуқаролик кодексининг 261-моддасида берилган таърифга кўра, қарз­дор мажбуриятларнинг бажарилишини кечиктириб юборганида тўлайдиган ва ўтказиб юборилган муддатнинг ҳар бир куни учун мажбуриятнинг бажарилмаган қисмига нисбатан фоиз билан ҳисобланадиган неустойка пеня ҳисобланади.

Неустойка тўғрисидаги келишув асосан шартнома шарт­ларидан бири сифатида киритилади. Бундай мажбурият юзага келганда, унинг тўлови ихтиёрий равишда, низо келиб чиққан тақдирда эса, суд ор­қали амалга оширилади.

Бизнинг шарқона фалсафамизда инсоф, иймон, диёнат деган тушунчалар бор. Улар инсонни тўғрилик, ҳалоллик ва ростгўйликка ундайди. Амалдаги қонунларимиз ҳам адолат мезони асосида иш кўради. «Жанубгазтаъминот» унитар корхонаси  раҳбарияти қайси қарор ёки қайси мезонларга асосланиб деярли ҳамма истеъмолчиларнинг бўйнига пеня деган «юк»ни осиб чиқишди экан? Фуқаролик кодексининг 261-моддасида пеня шартнома шартларининг бири сифатида амалга киритилади, де­йилган. Мазкур корхона ҳеч қайси истеъмолчи билан шарт­нома тузган эмас. «Жанубгазтаъминот» унитар корхонасининг «Қаршишаҳаргаз» филиа­ли директори Собир Қаюмов ҳузурида бўлиб, аҳоли норозилигига сабаб бўлаётган масалага ойдинлик киритишини сўрадим.

— «Жанубгаз»га борасиз, пеня масаласида улардан сўрайсиз, биз участка бўлиб қолганмиз, биз истеъмолчиларга хизмат кўрсатамиз, холос, —  деди у киши. — Кассада ўтирганлар ҳам бизнинг ишчилар эмас.

«Жанубгазтаъминот» унитар корхонаси раҳбари ўринбосари Шокир Қодировнинг қабулига борганимда қабулдаги йигит ўзлари пастга тушар экан, «кутиб тураркансиз», деди. Бир соатларга яқин кутганимдан кейин пастдаги нав­батчига қабулхонага қўнғироқ қилдириб, яна аввалги жавобни эшитдим. Қарши шаҳар прокуратурасига қўнғироқ қи­либ, вазиятни тушунтирдим. Шундан сўнг Ш.Қодиров хушламайгина тушиб келди.

Унга ташрифимнинг сабабини айтган эдим, биз истеъмолчилардан “пеня ундирмай келаётгандик, республикадан комиссия келиб, ўтказиб юборилган қарздорлик учун пеня ундиришимиз лозимлигини айтишди” деб, менга Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йилдаги юқорида қайд этилган қароридан нусха кўчиртириб берди.

Қарорга илова қилинган Низомнинг 6-бандида «Истеъмолчининг газ учун муддати ўтиб кетган қарздорлиги мавжуд бўлганда унинг томонидан аванс тўлови сифатида ўтказилган маблағлари муддати ўтиб кетган қарзни қоплашга йўналтирилади ҳамда аванс тўлови сифатида ҳисобга олинмайди», дейилган. Шундай экан, мен аванс сифатида кўпроқ маблағ тўлаб қўярдим-ку, нега пеняни ўшандан ушлаб қолишмаган? Юқорида «Мағзон» маҳалласида яшовчи А.Тўланов ҳам олдиндан кўпроқ маблағ тўлаб қўярдим деганди. Шунингдек, ўзининг олдиндан тўлаган маблағимдан нега пеня учун ушлаб қолмагансизлар, деган саволига ҳам пенянинг ҳисоб рақами бошқа, деган жавоб олган. Бу жумбоқни қандай тушунса бўлади?  Нима учун пенянинг ҳисоб рақами бошқа бўлади? Нега улар беш-олти йиллик қарздорликни энди қўзғаяпти, шу пайтгача летаргик уйқудамиди? Саволлар кўп. Агар фуқаро пенядан қарздор бўлса нима учун у бу ҳақда олдиндан ёзма равишда ўз вақтида огоҳлантирилмайди? Бу саволларга  асосли жавоб эса йўқ.

— Пеня бўйича кўп ариза тушаяпти, — деди Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қи­лиш жамиятлари Қашқадарё вилоят ҳудудий бирлашмаси Қарши шаҳар бў­лими раи­си Қоржов Жўраев. — Жумладан, 3-миттитуман, 8-уй, 41-хонадонда яшовчи Ильмира Эҳсановага 183 минг 452 сўм, «Бўстон» маҳалласи, Бинокор кўчаси 28-уйда яшовчи Моҳичеҳра Маҳкамовага 395 минг 855 сўм, «Кунчиқар» маҳалласи, Қуёшли кўчаси, 1-Б уйда яшовчи Маҳмуд Пирматовга 320 минг 101 сўм пеня ёзилган. Шу бўйича туманлар­аро фуқаролик судига икки фуқаро номидан даъво аризаси киритдик. Ҳали ҳал қилув қарорини олмадик. Шундай бўлса-да, бу масалани юридик жиҳатдан баҳолаш мумкин. Бунда иккита хатога йўл қўйилган. Биринчидан, таъминотчи корхона ва аксарият истеъмолчилар ўртасида шартнома тузилмаган. Агар шартнома расмийлаштирилмаган бўлса, истеъмолчига мажбурият юклаб бўлмайди. Қолаверса, ҳисоблаш нотўғри бўлаяпти. Чунки Фуқаролик кодексининг 150-моддасига кўра, даъво муддати уч йил этиб белгиланган. Бундан чиқадики, истеъмолчилар билан шартнома бўлган тақдирда ҳам, 2016 йилдан бериси қамраб олиниши керак. Аслида пеня йилдан-йилга ўтмаслиги лозим. Истеъмолчиларга қарзингизни тўланг, деган мазмунда хат берилиши керак эди. Ҳисоб рақами бош­қа деб, пеняни алоҳида ҳисоб рақамга ундиришнинг тагида ҳам қандайдир сир бор. Унутмаслик керакки, пеня ҳам қарз. Шундай экан, ҳаммаси битта ҳисоб рақамга ўтказилиши керак.

Қ.Жўраевнинг изоҳи юқоридаги шубҳаларимиз ўринли эканини тасдиқлади. Тўғри-да. Пеня ҳам жарима сифатидаги чора, истеъмолчи зиммасидаги қарз. Ўтган йилларда фуқароларга қарздорлиги йўқлиги ҳақида маълумотнома бериб келган корхона бугун қандай қилиб яна уларни қарздорга чиқариши мумкин?! Летаргик уйқудаги шоввозлар энди бош­қача йўл тутишаяпти. Энди маълумотномада ҳам қарздорликни, ҳам пеняни акс эттиришаяпти.

Шу ерда бир гапни таъкидлаш керак. Ходимнинг меҳнат ҳақидан ушлаб қолиш Меҳнат кодексининг 164-моддаси талабларига мос бўлиши шарт. Яъни мазкур модда талаби бўйича иш ҳақидан ушлаб қолиш фақат ходимнинг ёзма равишдаги розилиги билан, бундай розилик бўлмаган тақдирда эса, суднинг қарорига асосан бўлиши мумкин. Бу ҳолат коммунал хизмат ҳақи­дан қарздорлик масаласига ҳам тааллуқлидир. Қолаверса, коммунал хизмат кўрсатишга оид шартнома шартларининг бажарилиши юзасидан жавобгарлик хизмат кўрсатувчи корхона-муассаса, ташкилот ва мижознинг, яъни шартнома тарафлари зиммасига юклатилади.

«Жанубгаз» УК мутасаддилари истеъмолчилар газ ҳақини вақтида тўламаётганига қаттиқ ёпишиб олишган. Ваҳоланки, ҳозирда «Қаршишаҳаргаз» участкасига 126 минг маиший истеъмолчи — аҳоли вакили қарайди. Кассалар жойлашган хонага кирган одамнинг нафаси қайтади. Бир кунда 1000-1200 фуқарога хизмат кўрсатилган тақдирда ҳам бунинг учун неча кун керак бўлади? Истеъмолчилар тўловни амалга оширишлари учун шароит яратиш, кассаларни кўпайтириш керак эмасми?

Боз устига “Табиий газдан фойдаланиш қоидалари”нинг фақат пеняга дахлдор банди ижроси устида бош қотираётган таъминотчи акахонлар унинг бошқа бандларини ҳам сидқидилдан адо этишса, барчага фойда бўларди назаримизда. Вазирлар Маҳкамасининг юқорида қайд этилган 22-сонли қарорида маиший истеъмолчиларга табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш замонавий ускуналарини харид қилиш, ўрнатиш, рўйхатдан ўтказиш, даврий давлат қиёслови ва пломбалаш тегишли равишда ҳудудий газ таъминоти ташкилотлари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади, деб қатъий белгилаб қўйилган. Охирги пайтда бу масала ҳам истеъмолчилар гарданига юклаб қўйилаётгани айни ҳа­қиқат. Ҳар қандай вазиятда ҳам халққа нисбатан адолатсизлик қилинмаслиги лозим.

Норбўта ҒОЗИЕВ,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: