Home /   / ГАРОВ РЕЕСТРИ ЯГОНА ТИЗИМИ уни янада ривожлантириш борасидаги муҳим қадамлар

ГАРОВ РЕЕСТРИ ЯГОНА ТИЗИМИ уни янада ривожлантириш борасидаги муҳим қадамлар

Бугун мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва соҳа вакилларининг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар кўрилаяпти. Аввало ҳуқуқий база мустаҳкамланмоқда.

Тадбиркорлик субъектларини молиялаштириш учун қулай шароит яратиш ҳамда кредиторларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги ахборотнинг ягона реестрини шакллантириш мақсадида 2013 йилда “Гаров реестри тўғрисида”ги қонун қабул қилинган, Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 12 июндаги 155-қарорига мувофиқ ягона электрон ахборот базасини юритиш учун Марказий банк ҳузурида “Гаров реестри” давлат унитар корхонаси ташкил этилган.

Мазкур қонунда ҳам, қарорда ҳам суриштирув ва дастлабки тергов органларининг қарорлари асосида хатланган мулклар ҳақидаги ёзувларни гаров реестрига киритиш мумкинлиги кўрсатилган бўлса-да, Жиноят-процессул кодексида буни амалга оширишнинг процессуал механизми бўлмагани сабабли уларнинг ижроси таъминланмаётган эди. Бу эса ўз нав­батида илгари банклар ва бошқа кредит ташкилотлари томонидан гаров сифатида қабул қилинган мулкларнинг жиноят оқибатида етказилган зарарни бартараф қилиш мақсадида хатланишига ёки гаров эҳтиёт чораси сифатида қабул қилинишига олиб келиб, низоли ҳолатларни келтириб чиқарган.

Бундан ташқари, Жаҳон банки ва халқаро молия корпорациясининг «Бизнес юритиш» йиллик ҳисоботида Ўзбекистоннинг рейтингини яхшилашда кредиторларни қўллаб-қувватлаш йўли билан қулай бизнес муҳитини яратиш муҳим аҳамият касб этади. Шу мақсадда 2019 йил 22 октябрда “Кредиторларни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш кучайтирилиши ҳамда тадбиркорлик фаолиятини молиялаштириш механизмлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги  қонун қабул қилинди.

Мазкур қонунга мувофиқ Жиноят-процессуал кодексининг 290-моддасига ўзгартиш киритилиб, дастлабки тергов ва суриштирув органлари томонидан мулкни хатлаш тўғрисида қарор чиқарилганидан кейин бир кун ичида бу ҳақда гаров реестрига ёзув киритилиши белгиланди.

Қонунчиликдаги ўзгартишларни аниқ ва бир хил қўллаш мақсадида Бош прокуратура, Олий суд, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Давлат божхона қўмитаси, Миллий гвардия ва Марказий банк томонидан “Суриштирув, дастлабки тергов ва судда хатланган ҳамда гаров тарзидаги эҳтиёт чораси сифатида қабул қилиб олинган мол-мулклар тўғрисидаги ёзувларни гаров реестрига киритиш, ўзгартириш ва реестрдан чиқариш тартиби тўғрисида”ги низом қабул қилинди.

Низомга кўра Марказий банк ҳузуридаги “Гаров реестри” давлат унитар корхонаси юритаётган гаров реестри ягона ахборот базасига ёзувларни киритиш, ўзгартириш, реестрдан чиқариш ва ундан кўчирма олиш ҳимояланган алоқа каналлари орқали амалга оширилиши белгиланиб, 2020 йил 1 январгача:

– суриштирув, дастлабки тергов ва судда хатланган ҳамда гаров сифатида қабул қилиб олинган мулклар тўғрисидаги ёзувларни гаров реестрига киритиш, ўзгартириш ва реестрдан чиқариш бўйича дастурий таъминот ишлаб чиқиш ва уланиш чорасини кўриш;

– гаров реестрига ҳимояланган алоқа каналлари орқали онлайн тарзда ёзувларни киритиш, ўзгартириш ва реестрдан чиқаришни ҳамда кўчирмалар олишни йўлга қўйиш;

– гаров реестри билан ишлаш бўйи­ча масъул ходимларни бириктириш ҳамда уларнинг гаров реестри билан ишлаш кўникмаларини ошириш бўйи­ча ўқув семинарлари ташкил этиш вазифалари юклатилди.

Ҳозир Бош прокуратура томонидан прокуратура органларида низом талаб­лари асосида гаров реестри билан ишлаш бўйича амалий чоралар кўрилмоқда.

Зафарбек РУСТАМОВ,

Бош прокуратура бошқарма бошлиғининг ўринбосари

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: