Home /   / Фyқapoлик кoдeкcи реал воқеликни акс эттирмоғи лозим

Фyқapoлик кoдeкcи реал воқеликни акс эттирмоғи лозим

Бугунги кунда жамоатчилик Фуқаролик кодекси лойиҳасини қизғин муҳокама қилмоқда. Ушбу лойиҳа фуқаролик қонунчилигини бозор иқтисодиёти тамойиллари ва қадриятларига, халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган. Лойиҳанинг ижобий жиҳатларини эътироф этган ҳолда ундаги баъзи масалалар бўйича муаммоларга эътиборни қаратмоқчимиз.

Фуқаролик кодекси тартибга соладиган энг муҳим муносабатлар гуруҳига мулк ҳуқуқи ва мулк билан боғлиқ муносабатлар киради. Ҳар қандай мулк моддий неъматларнинг юридик мужассами, давлат қудрати, халқ фаровонлиги ва инсон истеъмолининг асосий манбаидир. Бежиз Асосий қонунимизнинг 53-моддасида мулк ҳуқуқи, мулк шаклларининг тенглиги ва хусусий мулк ҳуқуқининг ҳимояси тўғрисида нормалар белгилаб қўйилмаган. Давлат мулки бўлган оммавий мулк ва кишиларга тегишли бўлган хусусий мулк муайян белгилари бўйича, яъни вужудга келиш асослари, тайинланиш мақсади, мулкка нисбатан мулкдор ваколатларини амалга ошириш, шу жумладан, унга эгалик қилиш тартиби, ундан фойдаланиш хусусиятлари, тасарруф этиш таомиллари билан фарқланади. Хусусий мулкда ваколатлар мулкдор томонидан қонун йўл қўйган доирада осон, қулай, содда тартиб ва таомилларда амалга оширилади. Оммавий мулк эса қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган тартиб ва таомиллар асосида ваколатли субъектлар тизими томонидан бошқарилади. Масалан, давлат бюджетини шакллантириш тартиби, уни қабул қилиш, тақсимлаш, ундан тўғри фойдаланишни таъминлаш тизими, ижро ва назорат интизоми – буларнинг барчаси оммавий мулк ҳам фуқаролик, ҳам оммавий ҳуқуқ нормаларига бўйсундирилган мураккаб тартиб-таомилга асосланган, ўзига хос юридик шакл эканлигидан далолат беради. Лекин ҳар иккала мулк шакли ҳам қонун олдида тенг ва бир хил ҳимоя қилинади. Қонунларда хусусий мулкка нисбатан ҳуқуқий ҳимоя ва муҳофаза механизмини таъминлаш белгилаб қўйилган, чунки хусусий мулкдорга ўргатишнинг кераги йўқ. У ўз хоҳиши ва манфаатларини яхши англаб етган, ўз мулкидан самарали фойдалана оладиган конкрет субъект. Бироқ оммавий мулкда бутун дунё бўйича мулкдан самарали ва тўғри фойдаланишнинг ҳуқуқий тизими белгилаб қўйилади. Оммавий мулк давлатнинг нормал фаолият юритиши учун, мамлакат мудофааси, хавфсизлиги, ижтимоий таъминот ва шу каби манфаатларга хизмат қилмоғи лозим. Бироқ кодекс лойҳасида мулк шаклларини фарқлаш ва бу шакллардаги ўзига хосликларни белгилаб қўйиш анъанасидан воз кечилган. Фикримизча, бу концептуал жиҳатдан нотўғри ёндашув.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 5 апрелдаги 5464-фармойиши билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш концепцияси 3-бўлими 1-бандида мулк шаклларини белгилаш тартибини қайта кўриб чиқиш, хусусий мулк самарадорлигини ошириш вазифалари қўйилган. Бироқ на оммавий мулк, на хусусий мулк шаклларининг хусусиятлари очиб берилган.

Оммавий мулкда барча аҳолининг манфаати ётади. Шу сабабли ҳам ҳар бир шахс оммавий мулкдан тўғри фойдаланишни талаб қилишга, ушбу талаб бузилган деб ҳисоблаган ҳар қандай ҳолатда судга ёки ваколатли идорага мурожаат қилишга ҳақли эканлиги кодексда ўз ифодасини топиши лозим. Оммавий мулк бўйича ваколатга эга бўлган субъектлар бенифициари олдида ҳисоб бермоғи шарт.

Фуқаролик кодекси лойиҳасида концептуал жиҳатдан яна бир нотўғри ёндашув юридик шахслар рўйхатининг ёпиқ қилиб қўйилганидир. Бунда энг баҳсли масала рўйхатнинг тижорат юридик шахслари, хўжалик жамиятлари ва ширкатлари, ишлаб чиқариш кооперативлари доирасида чеклаб қўйилганидир. Цивилист олимларнинг кўпчилиги бундан таажжубга тушмоқда. Мамлакатимиз иқтисодиётида катта юкни кўтариб турган хусусий корхоналар, оилавий корхоналар, фермер хўжаликлари, деҳқон хўжаликларини тугатиш ва уларни МЧЖга айлантириш (чунки қўшимча масъулиятли жамият иштирокчилари бир-бирлари учун ҳам солидар, субсидиар жавобгар бўлиши кўпчиликни бундай юридик шахсни ташкил этишдан чўчитади) тушунарсиз ҳол. Иқтисодий тизимда тижорий юридик шахсларни қайта ташкил этишлар изига тушгунча уч-тўрт йил ўтади. Бу эса уларнинг фаолиятини самарали амалга оширишга, уларни бошқаришга салбий таъсир кўрсатади.

Фуқаролик кодексида кишиларнинг, бошқа субъектларнинг биргаликдаги фаолиятини ташкил этувчи оддий ширкат тузилмаси ҳақида нормалар мавжуд. Амалдаги кодекс бўйича фақат якка тадбиркорлар ва тижорат ташкилотлари оддий ширкат шартномасининг тарафлари бўлиши мумкин, оддий ширкат шартномаси ёзма тузилиши талаб этилади. Агар кундалик ҳаётга назар солсак, оддий ширкатга ўхшаган тузилмалар ўн минглаб, юз минглаб топилади. Мана энг оддий мисол, мардикорлар одатда уч-тўрт киши бирлашиб, муайян бир ишни бажаришга буюртма олади ва биргалашиб ишлайди. Бундай гуруҳлар тез ташкил топади, муайян ишни бажариб тарқаб кетиши ҳам мумкин. Улар кишилар учун биргаликдаги фаолиятни ташкил этишнинг қулай шакли ҳисобланади. Фуқаролик кодексининг оддий ширкат бўйича нормаларини реал ҳаётга яқинлаштириш лозим. Бунинг учун оддий ширкат иштирокчилари якка тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтиши талабини ва оддий ширкат шартномасини ёзма тузиш талабини диспозитив қилиб ўзгартириш керак. Мана шунда юз минглаб одамлар ўз фаолиятини қонунга мувофиқ амалга ошириш имконияти яратилганидан қониқиш ҳис қилган бўлур эди.

Яна бир масала шуки, оддий ширкатнинг учинчи шахсларга ошкор этилмаган тури бор, у кодексда «яширин ширкат» деб белгиланган. Аслида унинг махфийлик жойи йўқ, фақат иштирокчилар учинчи шахсларга бу ҳақда ошкор этмаганлар холос. Шу сабабли ҳам «яширин ширкат» ўрнига «ошкор этилмаган ширкат» иборасини ишлатиш ўринли бўлур эди.

Фуқаролик кодекси лойиҳаси бўйича кўп мунозара нима учун бу мамлакатдан бу нормани олдинг, бошқа мамлакатдаги бошқа норма қайси асосга кўра рад этилди деган масала устида боради. Шу муносабат билан лойиҳани ишлаб чиқувчилар жуда катта меҳнат қилишганини эътироф этиш лозим. Кўп мамлакатларнинг қонунлари ўрганиб чиқилган ва уларнинг орасида муайян нормалар асос сифатида олинган. Булар орасида бизнинг ҳуқуқни қўллаш амалиётимиз учун муаммоли вазиятларга яхши ечим бўлиши мумкин бўлган шартнома конструкциялари ҳам бор. Масалан, Олий суд мутахассислари кейинчалик қайтиб сотиб олиш шарти билан тузиладиган олди-сотди шартномаси конструкциясини ижобий баҳоламоқда. Уларнинг фикрича, амалиётда пул қарз беришда гаровга нисбатан ишончсизлик мавжуд ва қарз шартномасини уй ёки автомашина олди-сотди шартномаси сифатида расмийлаштириш ҳоллари учрайди ва натижада низо вужудга келади. Агар вақтинча маблағ олишда уйни қайтариб сотиб олиш назарда тутилса, сих ҳам, кабоб ҳам куймаган бўлур эди.

Рақамли иқтисодиёт шароитида кўчмас мулк кадастри, турли мулкий ҳуқуқлар реестрлари, мулкка нисбатан банд қўйиш бўйича маълумотлар базалари бўлади. Улар фуқаролик муомаласи иштирокчилари учун шартнома тузишда, қарор қилишда муҳим аҳамиятга эга бўлган ахборот манбаи ҳисоб­ланади. Кодексда бундай маълумот базаларининг ҳуқуқий режими, уларнинг фаолиятини ташкил этиш таомиллари, жумладан очиқлик, шаффофлик, эркин ахборот киритиш, олиш имконияти ва маълумотлар бўйича операциялар амалга оширилганда манфаатдор шахсларни хабардор қилиш бурчи белгилаб қўйилиши лозим. Бу эса фуқаролик муомаласи иштирокчилари учун қулайлик яратибгина қолмай, ғайриқонуний ҳаракатлар содир этилишининг олдини олишга ҳам ёрдам берган бўлур эди.

Фуқаролик кодекси лойиҳасида тадбиркорликни доимий, тизимли асосда фойда олиш мақсадини кўзлаган фаолият сифатида белгилаш ҳам ўринли бўлмаган. «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 3-моддасида тадбиркорлик таваккалчиликка, мулкий жавобгарликка асосланган, фойда олиш мақсадини кўзлаган ташаббускор фаолият сифатида белгиланган. Ушбу моддага кўра тадбиркорликнинг асосий белгиси қонунга мувофиқ амалга оширилаётган фаолиятдир. Президентимиз 2020 йил 24 январда Олий Мажлисга қилган мурожаатида иқтисодиётимизда «яширин иқтисодиёт»ни кескин камайтириш вазифасини қўйди. Яширин иқтисодиёт билан легал иқтисодиёт ўртасидаги асосий фарқ шундаки, яширин иқтисодиёт субъектлари тизимли асосда доимий фойда кўриш мақсадини кўзлаб фаолият юритади, бироқ қонунга риоя қилмайди (яъни тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмайди, молия-бухгалтерия ҳужжатини юритмайди, солиқ тўламайди, ҳисобот тақдим этмайди, фаолияти назорат қилинмайди). Яширин иқтисодиётга қарши кураш олиб борилаётган бир пайтда Фуқаролик кодексида уни легал иқтисодиётга тенглаштириш мантиқан асосланмаган ёндашувдир.

Албатта, бу мулоҳазалар лойиҳанинг айрим қисмларигагина тааллуқли, унинг бошқа ижобий жиҳатларини кўпчилик эътироф этмоқда. Умуман олганда, Фуқаролик кодексининг янги лойиҳасини ишлаб чиқиш, муҳокама қилишда шошма-шошарликка йўл қўйиб бўлмайди. Бу жараён етти ўлчаб бир кесишни талаб этади. Тадбиркорлар, адвокатлар, юристлар билан бирга иқтисодчилар, сиёсатчилар, социологлар, тилшунослар ҳам бу жараёнда фаол қатнашса нур устига нур бўларди.

Кўп мамлакатларда Фуқаролик кодексининг муқобил вариантлари ишлаб чиқилиб, энг яхшиси танлаб олинган. Бизда ҳам шундай қилингани маъқул. Нима бўлганда ҳам келгусида Фуқаролик кодекси лойиҳасини ишлаш жараёнида қуйидаги тамойилларга риоя қилинса мақсадга мувофиқ бўлур эди. Аввало, ҳуқуқнинг, шу жумладан фуқаролик ҳуқуқининг асосий тамойилларидан бири «зарар келтирма» (no sri) ҳисобланади. Демак, янги нормалар зарар келтириши истисно этилиши шарт. Иккинчи тамойил – мамлакатимиздаги цивилистик фан илмий негизидан самарали фойдаланиш ва учинчидан – иложи борича амалдаги кодекснинг ўзини оқлаган нормалари ва тизимини сақлаб қолиш.

Фуқаролик кодекси кишиларнинг кундалик муносабатларини тартибга солар экан, унинг баён этиш усули содда, ҳамма учун тушунарли бўлиши лозим. Узундан-узоқ эргашган қўшма гаплар воситасида нормани шакллантириш қонуннинг моҳиятини англаб етишга тўсқинлик қилади.

 

Омонбой Окюлов,

Фуқаролик қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича идоралараро комиссиянинг аъзоси,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист, юридик фанлар доктори, профессор

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: