Home /   / Фуқароларнинг фаоллиги оширилади

Фуқароларнинг фаоллиги оширилади

Бугун янгича тафаккур, янгича фикр билан яшамасак, мамлакатимиз ҳаётида бўлаётган ислоҳотлар кутилган самарани бермаслиги мумкин. Бу аввало фуқароларнинг онгу тафаккуридаги ўзгаришларга, ватан тақдирига дахлдорлик ҳиссининг ортиб боришига, жамоатчилик назорати ва фуқароларнинг фаоллигига боғлиқ.

Мамлакатимизда жамоатчилик назоратининг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотлар босқичма-босқич ўтказилмоқда. Аввало Конституциямизда давлатнинг жамият олдидаги масъуллиги мустаҳкамлаб қўйилди. Хусусан, Ўзбекистон Конституциясининг 2-моддасига мувофиқ давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар. Шунингдек, 2014 йил 16 апрелда қабул қилинган қонунга асосан Конституциямизнинг 32-моддаси жамоатчилик назоратини амалга оширишга оид янги норма билан тўлдирилди. Асосий қонунда бундай нормаларнинг акс этиши жамоатчилик назорати институтига конституциявий-ҳуқуқий мақом берди. Шу билан бирга, жамоатчилик назоратини амалга оширишга оид қонунчилик тизими шаклланишига замин яратди. Юқоридаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида 2018 йил 13 апрелда “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.

Дарҳақиқат, аҳолини жамоат ва давлат ишларини бош­қаришга фаол жалб этиш фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти ва юридик саводхонлигини ошириш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда самарали қарорлар қабул қилишнинг ғоят муҳим шарти ҳисобланади.

Шу билан бирга, мамлакатни ривожлантиришнинг жадал суръати жамият ва давлат ишларини бошқаришда фуқаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти бошқа институтларининг иштирокини янада кенгайтириш, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамо­йиллари ва нормаларини инобатга олган ҳолда уларнинг ушбу йўналишдаги фаолиятини авж олдириш учун қўшимча шароитлар яратишни тақозо этмоқда.

Жамоатчилик фикрини таҳлил этиш, фуқароларнинг давлат ва жамият ишларини бош­қаришдаги иштирокини кенгайтириш, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг янада очиқлигини таъминлаш мақсадида 2019 йил 4 октябрь куни Ўзбекистон Президентининг “Мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ислоҳотлар устидан жамоатчилик назорати самарадорлигини, шунингдек, фуқароларнинг демократик ўзгартиришлардаги фаоллигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга кўра жамоатчилик муҳокамасига қўйилган қонун ҳужжатларининг лойиҳалари бўйича муҳокама натижалари Адлия вазирлигига (ҳуқуқий экспертиза учун) ва Вазирлар Маҳкамасига (кўриб чиқиш учун) киритилади. Бунда, қоида тариқасида, келиб тушган таклифларни кўриб чиқиш натижалари кўрсатилиши мажбурийдир.

Шунингдек, қарорга биноан 2020 йил 1 январдан бошлаб республика, вилоятлараро ННТ(нодавлат нотижорат ташкилотлари)ларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган давлат божи ставкалари базавий ҳисоблаш миқдори(БҲМ)нинг 4 бараваридан 3 бараваригача, вилоят ННТлари учун — БҲМнинг 2 бараваридан 1 бараваригача пасайтирилади.

Фаолиятини туман (шаҳар), шаҳарча, қишлоқ ва овулда олиб борадиган ННТни давлат рўйхатдан ўтказиш учун давлат божи ставкаси БҲМнинг 50 фоизи миқдорида белгиланади.

Қарорга асосан халқаро амалиётда кенг тарқалган жамоатчилик назоратининг таъсирчан шаклларини жорий этиш ва давлат органлари ва ташкилотлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари фаолияти, тегишли соҳалардаги ишларнинг ҳолатини яхшилашда уларнинг роли ва самарали иштироки масалаларини назарда тутган ҳолда уч ой ичида “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунни қайта кўриб чиқиш белгилаб қўйилди.

Эндиликда республиканинг барча давлат органлари ва ташкилотларида, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда, фаолиятини молиялаштириш манбасидан қатъи назар, ушбу орган ва ташкилотларнинг бюджетдан ташқари манбалари ҳисобидан мажбурий тартибда уларнинг веб-сайтлари яратилади.

Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини янада ошириш мақсадида Ўзбекистон Президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бош­қаруви миллий агентлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги икки ой муддатда давлат органлари ва ташкилотларининг расмий сайтига қўйиладиган асосий талабларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқади. Шунингдек, интернет тармоғида республиканинг барча давлат органлари ва ташкилотларининг, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг сайтлари мавжудлиги ва фаолият юритиши инвентаризациядан ўтказилади.

Яна бир эътиборга молик жиҳати шуки, “O‘zbekiston” телеканалида фуқаролик жамиятини ривожлантириш соҳасидаги вазифаларни кенг кўламда тушунтириш ва тарғиб қилиш, аҳолини ташвишга солаётган долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун олимлар, социологлар, тадқиқотчилар, экспертлар, жамоат арбоблари, аёллар, ёшлар ва фуқаролар иштирокида доимий фаолият юритувчи “мунозара майдончаси”ни ташкил этишга қаратилган телекўрсатувлар туркумини тайёрлаш ва намойиш этишни назарда тутувчи “Jamoatchilik fikri” таҳририяти ташкил этиладиган бўлди.

Бундан ташқари, қарорга мувофиқ 2020 йил 1 февралга қадар Нодавлат нотижорат ташкилотлар тўғрисидаги кодекс лойиҳаси ишлаб чиқилади.

2019/2020-ўқув йилидан бошлаб эса тўлов асосида ННТлар раҳбарларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курслари ташкил этилади.

Фарҳоджон НАЗАРОВ,

Бош прокуратура бошқарма прокурори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: