Home /   / Фуқаро ишига қайтди

Фуқаро ишига қайтди

Мамлакатимизда аҳолининг турмушини яхшилаш, ҳар бир фуқаронинг эркин касб танлаши, ўзи қизиққан соҳада меҳнат қилиши учун муносиб шароит яратиш бўйича кенг кўламли ишлар қилинмоқда. Бироқ баъзи ташкилот ва муассасалардаги аҳвол фуқароларнинг судма-суд сарсон бўлишларига сабаб бўлаяпти. Қуйида келтирилган ҳолатда ҳам бир фуқаро ўз вазифасига қайта тикланиш учун ойлаб қимматли вақтини сарфлашига тўғри келган.

Ишдаги ҳужжатларга кўра, фуқаро Ш.Ҳамроев Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлигининг Сурхондарё вилояти бошқармаси шаҳарлар ва туманларда автомобиль ташувларини мувофиқлаштириш шўъбаси 1-тоифали инспектори вазифасида 2019 йилнинг 19 апрелига қадар ишлаган. Айни шу санада Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлигининг Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи И.Жўраевнинг буйруғига кўра Ш.Ҳамроев билан тузилган меҳнат шартномаси агентлик тугатилиб, Транспорт вазирлиги ташкил этилиши муносабати билан Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 1-бандига асосан бекор қилинади.

Шундан сўнг Ш.Ҳамроев судга Транспорт вазирлигининг Сурхондарё вилояти транспорт бошқармаси устидан даъво аризаси билан мурожаат қилиб, бошқарма бошлиғининг мазкур буйруғини бекор қилиб, ишга тиклаш ва мажбурий прогул кунлари учун иш ҳақи ундиришни сўрайди. Фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро судининг 2019 йил 14 августдаги ҳал қилув қарори билан даъво рад қилинади. Афсуски, юқори суддан нажот кутган фуқаронинг яна ҳафсаласи пир бўлади. Фуқаролик ишлари бўйича Сурхондарё вилояти суди апелляция инстанциясининг 2019 йил 10 сентябрдаги ажрими билан қарор ўзгаришсиз қолдирилади.

Чорасиз қолган Ш.Ҳамроев Бош прокуратурага ариза билан мурожаат қилади. Шундан сўнг Бош прокурор ўринбосари мазкур суд қарорларини бекор қилиб, даъвогарнинг даъвосини қаноатлантириш ҳақида Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига назорат тартибида протест келтирди.

Фуқаролик кодексининг 53-моддасида юридик шахсни тугатиш унинг ҳуқуқ ва бурчлари ҳуқуқий ворислик тартибида бошқа шахсга ўтмасдан бекор қилинишига олиб келиши белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 1 февралдаги «Транспорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонининг 1-бандига кўра эса Ўзбекис­тон автомобиль транспорти агентлиги негизида Транспорт вазирлиги ташкил этилиб, 7-бандда ушбу вазирлик Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлигининг барча ҳуқуқлари ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланиши кўрсатилган. Олий суд пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги «Судлар томонидан меҳнат шартномаси(контракти)ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланилиши ҳақида»ги 12-қарорининг 27-бандида меҳнат шартномаси корхонанинг тугатилиши сабабли Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 1-банди бўйича бекор қилинган шахсларни ишга тиклаш ҳақидаги низоларни ҳал қилишда судлар корхона мулкдорининг алмашиши ёки унинг қайта ташкил этилиши (қўшилиши, бўлиниши, янгидан ташкил топиши, ажралиб чиқиши, бирлашиши) корхонанинг тугатилиши деб қаралмаслигини ва меҳнат муносабатларини бекор қилишни келтириб чикармаслигини судлар назарда тутишлари зарурлиги белгиланган.

Шунингдек, Меҳнат кодексининг 98-моддасига кўра корхона мулкдори алмашганда, худди шунингдек корхона қайта ташкил этилганда (қўшиб юборилган, бирлаштирилган, бўлиб юборилган, қайта тузилган, ажратилганда) меҳнат муносабатлари ходимнинг розилиги билан давом этаверади. Қуйи судлар эса агентлик тугатилмагани, балки қайта ташкил этилганини эътиборга олмасдан меҳнат қонунчилигини, Президент фармонини нотўғри талқин қилган, Олий суд пленумининг кўрсатмасига риоя этмасдан корхонани тугатилган деб ҳисоблаб, Ш.Ҳамроевнинг даъвосини рад этиш ҳақида ноқонуний хулосага келган.

Юқоридагиларга кўра Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2020 йил 23 январдаги ажрими билан Бош прокурор ўринбосарининг протести тўлиқ қаноатлантирилиб, қуйи судларнинг қарорлари бекор қилинди. Ш.Ҳамроевнинг даъвосини қаноатлантириш ҳақида янги ҳал қилув қарори қабул қилинди ва у ишига тикланди.

Иш берувчилар қонунларга риоя қилса, ўзларининг ҳам, ўзгаларнинг ҳам вақтини тежаган бўлар эди.

Жамшид Қўшилов,

Бош прокуратура бошқарма прокурори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: