Home / Департамент фаолиятидан / Фойдаси қанча-ю, зарари қанча…

Фойдаси қанча-ю, зарари қанча…

Райимбек Қаршиев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) бинойидек косибчилик билан шуғулланиб юрарди, ҳунарманд эди. Нима жин урди-ю, долларфурушликка «ишқи тушди».

Бошида ишлари юришгандек бўлди, чўнтагига беш-ўн сўм пул тушди. Ўзи каби «ҳожатбарор»лар орасида танилди. Бундан бир муддат ғурурланиб ҳам юрди. Ҳатто Қизилтепа туманидаги савдо марказларидан бирининг ёнини «пакка» қилиб ҳам олди. Аммо, «кўза синар кун» муқаррарлигини ўйламади.

Одатий кунларнинг бирида ёши 35 лар чамасидаги аёл уни сўраб келиб, ўзини Насиба, дея таништирди.

— Доллар сотасиз, деб эшитдим… — деди аёл.

— Ҳа-а… — дея жавоб қилди Райимбек атрофга олазарак қараб олар экан.

— Менга 2800 доллар керак, — гапида давом этди Насиба. — 100 долларини қанчадан сотасиз?

— 8500 дан бўляпти…

— Яхши, унда эртага пулни олиб келаман…

Аёл шундай деганча, хайрлашиб кетди. Эртаси куни айтилган соатда Райимбекнинг ёнига келди.

— Ҳозирча ёнимда 800 доллар бор, холос, — деди Ра­йимбек Насиба 24 миллион сўм пул олиб келганини билгач. — Бугун пулнинг ҳаммасини менга қолдириб кетаверинг. Эртага долларнинг қолганини олиб келиб бераман.

Насиба рози бўлди. Райимбек эса шу атрофдаги дўкон ичига кириб, аёлдаги пулни санаб олди. Сўнгра бу пулларни ўзига қарашли омборхонага олиб кириб, беркитиб чиқди.

У эндигина 800 АҚШ долларини Насибага берган ҳам эди, қаршисида пайдо бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларини кўриб, «эсхонаси чиқиб кетди». Чўнтагидаги 40 АҚШ долларни ҳам холислар гувоҳлигида уларга тутқазди…

Аввал тергов, кейин суд… Райимбек Қаршиев жиноят ишлари бўйича Конимех туман судининг ҳукми билан энг кам ойлик иш ҳақининг 40 баробари, яъни саккиз миллион бир юз тўққиз минг икки юз сўм миқдорида жарима жазосига тортилди. Худо билади, у бу «соҳа» ортидан шунча фойда кўрдими-йўқми…

Эгри иш ана шундай ташвишу муаммога рўбарў қилиши тайин.

Сарварбек ШАРИПОВ,

Департаментнинг Навоий вилоят бошқармаси инспектори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: