Home / Жиноят ва жазо / Фирибгар қора курсида

Фирибгар қора курсида

Бировлар кимнидир алдаб икки сўм пулини олса, ўзини уддабурон ҳисоблай бошлайди. Аммо охири ўзи алданган бўлиб чиқади. Янгиариқ тумани тиббиёт бирлашмаси хўжалик ишлари мудири лавозимида ишлаб келган У.Х. ҳам осон пул топиш мақсадида фирибгарликка қўл урди.

2019 йилнинг ёзида тиббиёт бирлашма ҳовлисидан ўтиб кетаётиб, кичик тиббий ходим Ш.Й.ни тушкун кайфиятда кўради. Суҳбатлашганида у қизи тиббий коллежни тамомлаганини, гинекология бўлимига ишга кириш учун ҳужжат топширганини, аммо имтиҳондан ўта олмаганини айтади.

– Соққасини берсангиз, шу ишни ўзим ҳал қиламан, – деди У.Х.

– Йўғ-э, менга ҳаммаси шаффоф бўлади, бу масалага пул аралашмайди, бош шифокорнинг талаби шу дейишганди-ку.

– Ёш боламисиз, шу гапларга ишониб юрибсизми? 1000 доллар беринг, ўзим қизингизни ишга жойлаб қўяман.

Ш.Й. ўйланиб қолди.

– Майли-ю, лекин менда унча пул йўқ-да.

– Топинг, бу ишга кўз тикиб турганлар қанча, сизга бир яхшилик қилай деяпман, – деди хўжалик ишлари мудири.

Орадан бир неча кун ўтиб, Ш.Й. 800 доллар топганини айтди. У.Х. бу камлигини, пулни тўлиқ қилиб берса, қизи сентябрь ойида ишга тушиши мумкинлигини билдирди. Ш.Й. қарз олиб 1000 долларни тўғрилади. Аммо қизи ишга тушмади. У.Х. ҳар сафар турли баҳоналар билан вақтни чўзиб келаверди. Орадан етти-саккиз ой ўтиб, Ш.Й. алданганини билди. Ҳуқуқ-тартибот органига мурожаат қилишга мажбур бўлди.

У.Хдан алданган бир у эмасди. Яна бир фуқарони кичик тиббий ходим лавозимига ишга киритиб қўйиш эвазига 300 долларини олиб, алдаб келаётганди. Иши битавермагач, Н.Р. ҳам У.Х.дан пулини қайтиб беришини талаб қилиб келаётганди. Охири у ҳам ҳуқуқ-тартибот органидан ёрдам сўради.

Тергов жараёнида У.Х. аслида бу фуқароларни ишга жойлаштиришни хаёлига ҳам келтирмагани, бош шифокорнинг бу гаплардан умуман хабари йўқлиги, шунчаки пул зарурлиги туфайли уларни алдаганини айтди.

Қилмиш – қидирмиш, фирибгарлик жазосиз қолмайди. Эртами-кечми фош бўлиб, суднинг қора курсисига етаклайди.

Мазкур ҳолат юзасидан У.Х.га жиноят иши қўзғатилиб, суд ҳукми ўқилди.

Неъматжон АСҚАРОВ,

Хоразм вилояти прокурорининг катта ёрдамчиси

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: