Home /   / Фарзанднинг собиғи бўлмайди

Фарзанднинг собиғи бўлмайди

Алимент сўзини эшитганимизда, хаёлимизда аросатда қолган болалар гавдаланади. Айрим эркакларнинг ўз пушти камаридан бўлган фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товлаши ақлга сиғмайди.

МИБ Шайхонтоҳур тумани бўлимида ана шундай қарздор ота – У.Зиё­хўжаевдан вояга етмаган уч фарзандининг таъминоти учун алимент ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати мавжуд эди. Ҳужжат 2019 йилнинг 20 декабрь куни келиб тушган, шу куни ижро иши қўзғатилиб, тарафларга юборилган. Давлат ижрочиси томонидан қарздор ҳар ой алиментни ўз вақтида тўлаши ва тўлов паттаси нусхасини давлат ижрочисига тақдим этиб бориши тушунтирилган. Аммо ота фарзандларини таъминотсиз қолдираверади.

Шундан сўнг давлат ижрочиси томонидан қарздорнинг Ўзбекистондан четга чиқиш ҳуқуқи чекланиб, унинг автотранспортига нисбатан банд солиш ҳақида қарор қабул қилиниб, ижросини таъминлаш мақсадида тегишли ташкилотларга юборилади. Қатъий чоралар кўрилгач, алиментчи ота бурчини адо этишга киришди. Тушунтирув ва тарғибот ишлари натижасида қарздор фарзандларининг таъминоти учун улар вояга етгунига қадар тўлаши лозим бўлган 245 млн. сўм алимент пулини тўлаб берди.

Бўлим томонидан ижро ҳужжати ижроси таъминланиб, қарздорга нисбатан қўйилган чекловлар бекор қилинди.

Шу ўринда бир мулоҳаза, ўз оиласини сақлаб қололмаган, фарзанд­ларини тақдир ҳукмига ташлаб, ўзи ҳеч нарса кўрмагандай юрадиган, боласининг моддий таъминоти сўралса, тепа сочи тикка бўладиганлар наҳотки эркак деган номга лойиқ бўлса?..

 

Мехрож Насруллаев,

МИБ Шайхонтоҳур тумани бўлими бошлиғи

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: