Home /   / Фарзанд доимо назоратда бўлсин

Фарзанд доимо назоратда бўлсин

Ҳар қандай давлатнинг келажаги ундаги ёш авлоднинг тарбияси, таълим олиши, салоҳияти ва соғлиғи билан чамбарчас боғлиқдир. Шу туфайли юртимизда ҳам баркамол авлодни тарбия қилиб, вояга етказишга алоҳида эътибор берилмоқда.

Самарқанд вилоят прокуратураси органлари томонидан бу борада муайян ишлар олиб борилаяпти. Жумладан, ўтган йилда вояга етмаганлар ҳақидаги қонунлар ижроси устидан ўтказилган текширишлар натижасига кўра, 187 та протест келтирилиб, қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан жойларга 362 та тақдимнома киритилган. 185 нафар шахс расман огоҳлантирилиб, судларга 27 та даъво аризаси киритилган, 93 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланган. Шунингдек, қўпол қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 14 та жиноят иши қўзғатилган.

Вилоят прокуратураси органлари ва бошқа мутасадди ташкилотлар ҳамкорликда вояга етмаганлар, айниқса, мактаб ўқувчилари ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ва улар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, спортга бўлган қизиқишларини янада ошириш, ўқувчилар ўртасида дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш, назоратсиз ва қаровсиз қолган, сабабсиз дарсларга келмаётган ёшларни аниқлаш ва дарсларга жалб этиш, вояга етмаганларнинг маданий ҳордиқ чиқаришларини таъминлаш мақсадида қатор амалий тадбирлар амалга оширилмоқди. Хусусан, прокуратуранинг ташаббуси билан спортнинг футбол, шахмат, миллий кураш ва стол тенниси турлари бўйича 2004-2005 йилларда туғилган 13-14 ёшли ўсмирлар ўртасида “Прокурор кубоги” мусобақалари ўтказилди. Мазкур мусобақаларга вилоят бўйича жами 9 минг нафардан ортиқ ўсмирлар жалб этилди.

Бундан ташқари, умумтаълим мактабларига ўқишга бормасдан, кўча-кўйларда, интернет-кафеларда, бозорларда юрган ҳамда савдо-сотиқ ишлари билан шуғулланаётган ёшларни аниқлаб, уларни ўқишга жалб қилиш бўйича тегишли ташкилотлар билан ҳар ҳафтанинг пайшанба ва жума кунлари рейдлар ўтказилмоқда. Шунингдек, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича 2018-2019 йилларга мўлжалланган тармоқ дастури ишлаб чиқилиб, унда белгиланган тадбирлар доирасида давра суҳбатлари ва учрашувлар ўтказилмоқда.

ИИБнинг профилактик рўйхатига олинган ўқувчилар билан доимий тарбиявий ишларни олиб бориш учун масъул ўқитувчилар ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш учун тўгарак раҳбарлари, шунингдек, МФЙ раиси ва жойлардаги профилактика инспекторлари бириктирилиб, улар билан алоҳида суҳбатлар ўтказиб борилиши назоратга олинди.

Ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларнинг иқтисодий соҳадаги билимларини мустаҳкамлаш, содир этилаётган жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш мақсадида таълим муассасаларида “Суд ва ёшлар” мавзусида учрашувлар ўтказиш анъана тусини олди.

Вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг вилоятдаги вакиллиги билан имзоланган тарғибот жадвалига асосан вилоятдаги барча таълим муассасаларида юқори синф ўқувчилари ва уларнинг ота-оналари иштирокида “Ёшларни ёт ғоялар таъсиридан сақлашда оила ва ўқув муассасасининг ўрни” мавзуида учрашувлар уюштирилди.

Ўқувчиларда содир бўлаётган психологик-физиологик ўзгаришларни эрта аниқлаш мақсадида 8-10 синф ўқувчиларидан махсус тест­лар олинди. Салбий натижа кўрсатган ўқувчилар билан жамоавий ва якка тартибдаги педагогик-психологик коррекцион ишлар олиб борилди. Шунингдек, ёшлар ўртасида жиноятчиликка қарши курашиш бўйича мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда муайян амалий тадбирлар ўтказилмоқда. Жумладан, прокуратура, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Самарқанд вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари, ИИБ ҳамда вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссия билан ҳамкорликда “давомат”, тунги назорат тадбирлари ўтказиб келинмоқда. Жумладан, ўқув муассасаларидаги дарсга қатнашмасдан назоратсиз ва қаровсиз юрган вояга етмаганларни аниқлаш, ўқишга жалб қилиш бўйича мутасадди идоралар билан 61 маротаба рейд ўтказилди. Ўқувчиларни таълимга жалб этиш ва назоратсизлигининг олдини олиш мақсадида 10 минг нафардан ортиқ мураббийдан иборат ишчи гуруҳлар ташкил этилди.

 

Жавлон Санаев,

Самарқанд вилоят прокурорининг ўринбосари

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: