Home / Жиноят ва жазо / Фамилияни алмаштириш, 200 ДОЛЛАР

Фамилияни алмаштириш, 200 ДОЛЛАР

Шаҳрисабзлик фуқаро Бибисора Норова (исм-фамилияси ўзгартирилган) фамилиясини алмаштиришга қарор қилгач, янги фуқаролик паспортини олиш учун ИИВ ҳузуридаги «Инновация лойиҳалари ва алоҳида сервис хизматлар кўрсатиш маркази»га маслаҳат сўраб борди. У ерда бир пайтлар ўғлининг ўқитувчиси бўлган Рашид Номозов техник инспектор вазифасида ишлар эди. Шу сабабли унинг тўғри йўл кўрсатишига ишонганди.

Рашид аввалига Бибисорага ҳақиқатдан тўғри йўлни кўрсатди. Унга фамилиясини алмаштириш учун зарур бўладиган ҳужжатлар тартибини тушунтирди. Бибисора ҳам унинг кўрсатмаларига асосан барча ҳужжатларни босқичма-босқич тайёрлаб берди. Эндиги иш ҳужжатларни Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими бошлиғига олиб кириш эди.

Инспектор Бибисорага бир-икки кунда хулосани тайёрлаб қўйишини айтиб кузатиб қўйди.

— Хулосангиз ҳам тайёр бўлди, — Р.Номозов аёлни хурсандчилик билан қарши олди. — Фақат хизмат ҳақига 100 кўкидан берасиз.

Бибисора инспекторнинг гапини ерда қолдирмади, аксинча дарров кўнди. Сумкасини кавлаб, сўраган пулини узатди.

Рашид аёлдан бунақа «мард»ликни кутмаганди. Шу заҳоти кўнглидан кўпроқ сўрасам бўлар экан, деган ўй ўтди. Шу сабаб яна пул сўрашнинг йўлини топди.

— Энди гап бундай, бу — менинг хизмат ҳақим, — Рашид қўлидаги пулга ишора қилиб сўзида давом этди. — Бироқ паспортингизни тезроқ олмоқчи бўлсангиз, яна 200 кўкидан беришингиз керак. Бу пулларни тегишли одамларга узатаман. Фақат бугун кечгача олиб келинг.

Инспекторнинг ёнидан тушкун кайфиятда кўчага чиққан Бибисора ўйлаб ўтирмай, унинг қонунга хилоф бу ҳаракатларига чек қўйишга қарор қилди. Бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга маълум қилди.

Аёл кетгач, инспектор оз-моз ишлаган бўлди-да, тушлик баҳонасида ташқарига чиқди. «Нозик» жойда ишламайдими, ташқарида йўлига кўз тикиб турганлар анчагина бор эди. Ўша ерда паспорт олиш учун ҳужжат тайёрлаб юрган икки кишини олиб, овқатланиш учун йўлга тушди.

Бу орада Бибисора инспекторга қўнғироқ қилиб, пул тайёрлигини билдирди ва учрашув жойини айтди. «Шаҳрисабз юлдузи» меҳмонхонаси олдида турган аёлни кўриб Рашид машинани тўхтатишни сўради ва шерикларига бир ҳужжатни олишим керак, дея аёлнинг ёнига келди. У Бибисорадан пулни олиб ортга қайт­моқчи бўлган вақтда қўлга тушди. Тадбир ҳақида билганида эса анча кеч бўлган эди.

Жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз тумани судида Рашид Номозовнинг мазкур жиноий қилмиши атрофлича кўриб чиқилиб, унга нисбатан 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Хуршид АЗАМАТОВ,

Шаҳрисабз туман прокурорининг ёрдамчиси

лавозимида иш ўрганувчи

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: