Home /   / Eтти миллиoн cўмлик зaнжиp

Eтти миллиoн cўмлик зaнжиp

Матлуба Шаҳноза билан қўшниси Холисхон орқали икки йил аввал танишган эди.

– Ўн икки ёки ўн беш граммлик тилла тақинчоғингиз бўлса, сотиб олардим, – деди у бир куни тақинчоқлар савдоси билан шуғулланадиган Шаҳнозага қўнғироқ қилиб.

– Ҳозир уйингизга олиб бораман, – деди Шаҳноза ва айтганидек тезда етиб келди.

Аввалига унга 10 граммлик «Кардинал» тақинчоғини кўрсатди. Матлуба тақинчоқни 3 млн. сўмга сотиб олди.

Пулни санаб олган Шаҳноза уни яна аврашга тушди:

– Биласизми, бир танишим 30 граммлик «Мидаз» деган тилла занжирини сотмоқчи. Бир кўрасизми? Тоза нарса… Оламан десангиз, бир соатда келтириб бераман.

– Нархи қанча бўлиши мумкин? – ўйланиб сўради Матлуба.

– Сизга арзон қиламиз-да, – деди «ҳожатбарор» тиллафуруш. – Етти миллион берсангиз бўлди…

– Унда мана сизга тўрт миллион… – деди Матлуба ниҳоят бир қарорга келиб. – Қолганига ҳозир ўзингиз сотган «Кардинал»ни қайтиб оласиз. Етти миллион бўлади. Розимисиз?

Шаҳноза рози бўлди. Тилхат ҳам ёзиб берди. Пулни олиб чиқаётган маҳал қўшни Холисхон ҳам уни кўрди. Бироқ Шаҳноза бир неча кун қорасини кўрсатмай кетди. Тоқати тоқ бўлган Матлуба унга қўнғироқ қилди.

– Танишим «Мидаз»ни сотмайдиган бўпти, – деди Шаҳноза бамайлихотир. – Пулингизни ишлатиб қўйдим. Бўлиб-бўлиб қайтараман…

Шундан кейин Матлуба у билан юзма-юз кўришиб, гап­лашиб олди. Тиллафуруш яна фалон куни пулни қайтараман дея тилхат ёзиб берди. Аммо фалон кундан ўтди ҳамки, на ундан, на пулдан дарак бўлди…

Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди томонидан «Ойдин» маҳалла фуқаролар йиғини биносида ўтказилган очиқ суд мажлисида Шаҳноза Хушмуродованинг жиноят иши кўрилди.

Қайд этилишича, 1988 йилда туғилган бу аёл фирибгарлик жинояти учун аввал 5 йилга озодликдан маҳрум этилган, сўнг жазо ахлоқ тузатиш жазосига алмаштирилган. Кейин ундан ҳам муддатидан аввал шартли равишда озод қилинган.

Судда Шаҳноза пулни Матлубадан қарзга олганини айтди. Аммо далиллар ва гувоҳларнинг кўрсатувлари олдида унинг бу важи совун кўпигидай ёрилиб кетди…

Суд ҳукм қилди. Шаҳноза Хушмуродовага илгари тайинланган жазо қисман қўшилиб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда
2 йилу 1 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Жабрланувчига етказилган зарар ҳам ундирилди.

 Обид ҚЎЛДОШЕВ,
Қашқадарё вилояти прокуратураси
бўлим бошлиғи

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: