Home / Жиноят ва жазо / Етмиш миллионнинг етмиш жилоси

Етмиш миллионнинг етмиш жилоси

Бахтиёр Шокиров (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 2018 йил февраль ойидан буён Қарши туманидаги «Кат» МФЙ раиси вазифасида ишлаб келаётган эди. Афсус… Оқсоқол сифатида маҳалланинг катта-ю кичигига йўл кўрсатиши, ҳалолликда, инсофу диёнатда барчага ибрат бўлиши зарур бўлган бу одам элининг эмас, нафсининг сўзларига қулоқ тутди. Бу кўчанинг охири берк эканини кўра-била туриб, нафсини жиловлай олмади.

Ўтган йилнинг сентябрь ойи эди. Маҳалла идорасига кириб келган Севара Ўткирова деган аёл уй-жой қуриш учун 6 сотихдан 2 та ер участкаси сотиб олиш ниятида эканини, раис сифатида шу масалада ёрдам беришини илтимос қилди.

— Ўн икки сотих нима, гектарлаб десангиз ҳам топиб берамиз, синглим, — деди оқсоқол керилиб унга. — Мана менинг телефон рақамим, қўнғироқлашиб турасиз, сотиладиган ер участкаси бўлса, хабар бераман…

Орадан бир-икки кун ўтиб, Севара қўнғироқ қилиб, илтимоси нима бўлаётгани билан қизиқди.

— Топилди, — деди раис ҳовлиқиб. — Тез маҳалла идорасига етиб келинг, ўзим олиб бориб кўрсатаман…

С.Ўткирова дарҳол маҳалла идорасига етиб борди. Раис бировнинг машинасида олиб бориб, «Кат» МФЙ Янгибоғ қишлоғи ҳудудидан ўтган кичик ҳалқа йўлида жойлашган қаровсиз бўлиб ётган ер майдонини кўрсатди.

— Мана, синглим, сизларга 12 сотих ер, — деди ва сўнг гўё ўз томорқасини сотаётгандай оғзини тўлдириб нарх айтди. — Юз миллион берасиз…

Бироқ Севарага ер участкаси ёқмади. Оқсоқолнинг кайфияти тушиб кетди. Наҳотки, шундай харидорни қўлдан бой бериб қўйса? Таваккал, деди-ю, харидорни ўша атрофдаги бошқа ерга бошлаб борди ва фуқароларга иссиқхона қуриш учун ажратиб берилган ер участкаларидан бирини кўрсатди.

— Нархидан гапиринг, раис бува, — деди С.Ўткирова ерни обдон кўздан кечиргач. — Фақат бўладиганини айтинг…

— Энди нархи от билан туя бўлармиди, — деди оқсоқол чайналиб. — Икки участкага қирқдан саксон миллион берасиз, ўзим хатлатиб бераман, кадастр-падастрларига ҳам ёрдам қиламан…

— Бунча пулим йўқ, раис бува, — деди аёл саросимага тушиб. — Айтдим-ку, оладиган қилиб нарх айтинг… Икковига ўттиз бешдан етмиш беришим мумкин. Ҳали уйимдагилар билан ҳам маслаҳатлашиб кўришим керак…

Раис рози бўлди. Орадан бир неча кун ўтиб, Севара қўнғироқ қилиб, уйидагилар рози бўлишганини, ер участкасини сотиб олмоқчи эканини айтди.

— Паспорт «копия»ларингизни олиб келинг, ернинг ҳужжатларини тайёрлаймиз, — деди оқсоқол иш силлиқ битаётганидан оғзи қулоғига етиб.

— Ер участкасининг биттасини ўзим, иккинчисини онамнинг номига расмийлаштирмоқчи эдим, — деди харидор.

— Унда онангизнинг ҳам паспорти нусхасини олиб келинг…

С.Ўткирова тезда зарур ҳужжатлар билан етиб келди.

— Тез кунлар ичида сотиб олмоқчи бўлган ер участкаларингизда бир хонали уй ва ҳожатхона қуришингиз зарур, — дея ақл ўргатди раис. — Унгача маҳалла фуқаролар йиғинидан ер участ­касига уй-жой қурилгани тўғрисида маълумотнома бераман…

— Яхши, — деди аёл бироз ўйланиб. — Пулни қачон олиб келай?

— Эртага, — деди раис. — Телефон қиласиз, қаерга олиб боришни айтаман…

Аёл кетди. Раис эса С.Ўткирова ва унинг онаси С.Мирзаева аслида Қарши шаҳрида истиқомат қилсалар-да, гўёки Қарши тумани, «Кат» МФЙда яшашлари ва улар томонидан уй-жой қурилгани ҳақида сохта маълумотнома ва МФЙ кенгаш аъзоларининг йиғилиш баёнини ёзиб, маҳалла муҳри ва там­ғаси билан тасдиқлаб, тайёрлаб қўйди.

Эртаси куни оқсоқол маҳалла ҳудудидаги «Олим бобо» чойхонасида тушлик қилиб ўтирганида С.Ўткирова унга қўнғироқ қилиб қолди.

— Қаердасиз, раис бува? Етмиш миллион тайёр, олиб бораяпман…

— Тушлик қилаётувдим, — деди раис мўмай пул дарагидан тамшаниб. — Чойхонадаман, шу ерга обкелаверинг…

Бироз ўтиб С.Ўткирова қўлида пакетга ўралган пулни олиб, чойхонага кириб келди. Пулни стол устига қўйиб, «Мана, етмиш миллион сўм пул», — деди. Раис пулни олиб, ўзи тайёрлаган сохта баённома-ю маълумотномани берди.

— Мен бу ерда ҳеч кимни танимасам, — деди аёл қоғозларни сумкасига солар экан. — Қурилишни қандай қиламан? Қишлоқнинг ўзидан уста топиб бера олмайсизми?

— Топамиз, — яна керилди раис «ҳожатбарор»лик билан. — Ҳозир ўша ернинг эгасини чақираман. Укалари зўр уста, гаплашиб беради…

Оқсоқол шундай дея кимгадир қўнғироқ қилди. Бироз ўтгач, чойхонага бир киши кириб келди. Раис уни ернинг эгаси Йўлдош фермер, дея таништирди. Аёл у билан қурилиш ишлари хусусида келишиб олгач, хайрлашди. Кетишидан олдин пул тўла пакетни яна оқсоқолнинг олдига суриб қўйди. С.Ўткирова чиққанидан сўнг унинг мурожаати асосида тадбир уюштирган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари оқсоқолни жиноят устида қўлга олишди.

Жиноят ишлари бўйича Қар­ши тумани судида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида Бахтиёр Шокировга оид жиноят иши кўриб чиқилди. Суд мажлисида Бахтиёр Шокиров содир қилган қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини баён қилиб, оилавий аҳволини, кекса ёшда эканини ҳисобга олиб, қонуний енгиллик беришни сўради. Қизиқ, у ҳаром ишга қўл ураётганида ҳам кекса ёшдалиги, маҳалла оқсоқоли деган улуғ номни кўтариб юргани, қилаётган қинғир иши асло бу ҳолатига ярашмаслиги хусусида ўйлаганмикан?      Ё етмиш миллионнинг етмиш жилоси кўзларини қамаштириб, хаёлини буткул ўғирлаб қўйдимикан?

Суд ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан Бахтиёр Шокиров 1 йил-у 6 ой муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқу­қидан маҳрум қи­линиб, унга энг кам ойлик иш ҳақининг юз баравари миқдорида жарима ва 2 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси та­йинланди.

Абдурашид ЖЎРАЛОВ,

Қашқадарё вилоят прокуратураси

бўлим бошлиғи

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: