Тезкор хабарлар
Home / test / Эртанги кунга масъулият ва жавобгарлик ҳисси билан яшаш, халқимизга садоқат билан хизмат қилиш – олий бурчимиз

Эртанги кунга масъулият ва жавобгарлик ҳисси билан яшаш, халқимизга садоқат билан хизмат қилиш – олий бурчимиз

Эртанги кунга масъулият ва жавобгарлик ҳисси билан яшаш, халқимизга садоқат билан хизмат қилиш – олий бурчимиз

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган йирик лойиҳалар ва аввал берилган топшириқлар ижроси билан танишиш мақсадида 6-7 май кунлари Фарғона вилоятида бўлди.

Давлатимиз раҳбарининг вилоятларга ташрифи чоғида ўша ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, ижтимоий-иқтисодий соҳаларни ривожлантириш, одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун алоҳида-алоҳида режалар қилиш анъанага айланди. Фарғона вилоятига ташриф ҳам шундай бўлди.

Шавкат Мирзиёев 6 май куни вилоятдаги йирик лойиҳалар билан танишар экан, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳисобидан туманларга саноатни олиб кириш, бандликни таъминлаш, хотин-қизлар ва ёшлар манфаатларини рўёбга чиқариш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Ҳудудда ўтган бир йилда эришилган натижалар чуқур таҳлил қилиниб, келаси йилга мўлжалланган вазифалар муҳокама этилди. Дунё бозорига чиқиш учун рақобатбардош бўлиш, саноат ўртача ривожланган туманларда экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, энг асосийси, вилоят иқтисодиётига сармоя, технология ва инновацияларни жалб этиш бўйича тегишли йўналишлар белгиланди.

Ташрифнинг иккинчи куни Фарғона шаҳрида вилоят фаоллари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, нуронийлар, тадбиркорлар иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев сўзининг аввалида йиғилганларни, бутун халқимизни Рамазон ойи ҳамда яқинлашиб келаётган Хотира ва қадрлаш куни билан табриклади.

2018 йили Фарғона вилоятида саноат 8 фоиз, хизмат кўрсатиш 9 фоиз, ўзлаштирилган инвестициялар 1,5 баробар ўсган. Лекин аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ҳудудий маҳсулот республика кўрсаткичидан анча пастлиги, Қўштепа, Фурқат, Олтиариқ, Фарғона, Ёзёвон туманларида саноат ривожланмагани қайд этилди.

Шу боис вилоятни 2019-2020 йилларда ривожлантириш бўйича умумий қиймати 26 триллион 401 миллиард сўмлик 643 та лойиҳадан иборат янги ҳудудий инвестиция дастури ишлаб чиқилган. Мазкур дастур доирасида 2,5 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилади ва 31 мингдан зиёд иш ўрни яратилади.

Масалан, Бешариқ туманида «Фарғона Ясин қурилиш моллари» корхонасида 200 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилиб, жорий йилда 800 минг тонна ва кейинги йилдан 1,2 миллион тонна цемент ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Қўқон шаҳрида «Индорама» компаниясининг 70 миллион доллар тўғридан-тўғри сармояси ҳисобидан Қўқон суперфосфат заводи модернизация қилиниб, фосфорли ўғит ишлаб чиқариш қуввати 100 минг тоннадан 375 минг тоннага етказилади. Учкўприк туманидаги «Шаффоф омадли саноат» корхонасида жами 30 миллион доллар сармоя ҳисобидан автомобиллар учун йилига 350 минг дона газ баллони, 2020 йилдан юк кўтарувчи электр каралар, мини-тракторлар ва қишлоқ хўжалиги техникаси учун ускуналар ишлаб чиқариш ўзлаштирилади.

Давлатимиз раҳбари мутасаддиларга дастурдаги ҳар бир лойиҳани амалга ошириш бўйича тармоқ жадвалларини тасдиқлаб, ижросини таъминлаш юзасидан топшириқлар берди.

Фарғона вилоятига инвестиция олиб келиш, саноат ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича бир йил фавқулодда сафарбарлик эълон қиламиз. Ана шунда ўзгариш бўлади. Келаси йил май ойида ҳокимликлар, барча вазирликлар қилинган ишлар ҳақида ҳисобот беради, деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз йиғилишда аҳолини иш билан таъминлаш, даромадларини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури доирасида ўз бизнесини бошламоқчи бўлган оилаларни аниқлаб, икки-уч ой ичида уларга белгиланган миқдордаги имтиёзли кредитларни тўлиқ ажратиш зарурлигини таъкидлади.

Фарғона – моҳир ҳунармандлар, уста деҳқонлар юрти. Бу ернинг кўнчилик, боғдорчилик анъаналари – тайёр бренд. Бундан фойдаланиб, вилоятда чарм ва пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича қўшимча лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, «Чарм-атторлик маркази» ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди.

Келгуси икки йилда Олтиариқ туманида 3 минг гектар майдонда узумчилик, Қува туманида 2 минг гектарда анорчилик, Қувасой шаҳрида 2 минг гектар майдонда гилосчилик кластерлари ташкил этилиши маълум қилинди. Ушбу кластерлар ўзлари мева етиштириш билан бирга аҳолидан ҳам сотиб олади. Бунинг учун хонадонларга 15 миллион туп ток, 10 миллион туп гилос ва 5 миллион туп анор кўчатлари етказиб берилади. Бу ҳам аҳоли даромадларини, ҳам вилоят экспорт салоҳиятини оширади.

Яқин йилларда Олтиариқ туманини тўлиқ узум етиштиришга ихтисослаштириш, илмий-тадқиқот институтлари ва Тошкент давлат аграр университети олимларининг тавсиялари асосида боғ ва ток қатор ораларида бозорбоп сабзавотлар етиштириш режалаштирилгани таъкидланди.

Вилоятда жорий йилда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 45 та қишлоқ ва 15 та шаҳар маҳалласида 8 мингта ҳовли-жой, 327 та кўп қаватли уй, юзлаб километр йўллар, ичимлик сув ва электр тармоқлари, ижтимоий соҳа объектларида 326 миллиард сўмлик таъмирлаш-тиклаш ишлари амалга оширилади. Натижада 212 минг аҳолининг турмуш шароити яхшиланади.

Фарғона, Қўқон, Қувасой ва Марғилон шаҳарларида 14 та кўп қаватли арзон уй, 145 та кўп қаватли тижорат уйлари, қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида 252 та якка тартибдаги ва 54 та кўп қаватли арзон уй-жой барпо этилади.

Йиғилишда ёшлар масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Вилоятда 7 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар сони 970 минг бўлиб, улар билан ишлаш масаласи ҳар доим диққат-эътибор марказида бўлиши қайд этилди. Шуни ҳисобга олиб, ёшлар билан ишлаш бўйича “Фарғона тажрибаси”ни яратиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилгани таъкидланди.

Жорий йилда 46 минг нафар ёшнинг бандлигини таъминлаш бўйича манзилли чора-тадбирлар шакллантирилган. “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастурига мувофиқ, 208 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратиш орқали 867 та лойиҳани амалга ошириш ва 7 минг иш ўрни ташкил этиш белгиланган.

Президентимиз бешта муҳим ташаббус бўйича Фарғона вилоятида ҳам муайян ишлар қилинаётгани, уларнинг ижроси ҳар бир ҳокимлик ва вазирликнинг асосий вазифасига айланиши кераклигини таъкидлади.

Бешта муҳим ташаббус – янги сиёсатимиз. Уларни амалга ошириш бўйича Бўка тумани намуна сифатида танлаб олинди. Ҳар бир туман ҳокими бешта ташаббусни жорий этиш бўйича йил якунида ҳисобот беради. Бешта ташаббус ижроси доирасидаги ҳамма ишлар мактаб атрофида мужассам бўлиши керак. Улардаги спорт заллари, клублар болаларга берилиши, ёшларимиз бу ерга келиб спорт билан шуғулланиши, китоб ўқиши, ахборот технологияларини ўрганиши, баркамол бўлиб улғайиши лозим. Иқтисодиёт қандай ривожланса, бешта ташаббус доирасидаги ишларга ҳам шундай эътибор қаратсак жамиятимизда муҳит ўзгаради, одамларимизда ҳаётга ишонч ортади. Бу баландпарвоз гаплар эмас ҳаёт-мамотимиз, деди Шавкат Мирзиёев.

Очиқ мулоқот тарзида ўтган йиғилишда сўзга чиққанлар Президентимиз бошчилигида барча соҳаларда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ҳудудлар ҳаётида ҳам аксини топаётгани, бундан аввало одамлар рози бўлаётганини таъкидлади. Шу билан бирга, айрим масалалар бўйича мавжуд муаммолар ўртага ташланди. Давлатимиз раҳбари кўтарилган ҳар бир муаммони жойида ҳал этиш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.

Шу билан Президентимизнинг Фарғона вилоятига ташрифи якунланди.

ЎзА

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: