Тезкор хабарлар
Home / Тавсия этимиз / Эртага меҳмонлар олдида хижил бўлгандан кўра бугун ўзимизни ойнага солайлик

Эртага меҳмонлар олдида хижил бўлгандан кўра бугун ўзимизни ойнага солайлик

DOLZARB MAVZU

Кейинги йилларда ҳудудларни жадал ривожлантириш, аҳоли даромадлари ва турмуш даражасини ошириш, шунингдек, инвестицион жозибадорликни яхшилашга ёрдам берувчи стратегик тармоқлардан бири сифатида Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг 21-23 февраль кунлари Бухоро шаҳрида ўтказилган I халқаро «Зиёрат туризми» форуми ана шу чора-тадбирларнинг узвий давоми бўлди.

Халқаро анжуманда ислом дунёсидаги нуфузли халқаро ташкилотлар, сайёҳлик корхоналари, зиёрат туризми бўйича туристик компаниялар мутасаддилари, дин уламолари, шунингдек, жаҳоннинг 20 дан зиёд мамлакати вакиллари, мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашгани ҳам мазкур форумнинг аҳамиятидан далолат бериб турибди.

Бундан ташқари, дам олиш кунлари Англия премь­ер-лигасининг «Burnley» ва «Tottenhem» жамоалари ўртасида ўйинда «Life is too short not to visit Uzbekistan» — «Ҳаёт Ўзбекистонга ташриф буюриш имкониятидан фойдаланмай қоладиган даражада қисқадир», деб номланган реклама стадион пештахталарида акс этди. Футбол оламида энг томошабоп ҳисобланадиган Англия чемпионатида бундай даъватнинг илгари сурилиши мамлакатимизга сайёҳларни жалб қилиш йўлидаги жуда катта қадам саналади. Ўз навбатида, бу саъй-ҳаракатларга ҳамоҳанг равишда туристик объект­ларимизнинг ҳам бугунги ҳолатини ҳам назардан қочирмаслик лозим. Чунки, ўрганишларимизда айрим зиёратгоҳларнинг аҳволи мақтарли ҳолатда эмаслиги аён бўлиб қолди.

Қуйидаги мақолада шу ҳақда сўз боради.

____________________________________

Республикамизнинг туризм соҳасидаги халқаро нуфузини шакллантиришда Самарқанд вилоятининг туризм салоҳияти беқиёс ўрин эгаллайди. Вилоятнинг кўплаб ноёб меъморий ёдгорликлари, маданий мерос объектлари, илмий, тарихий ва санъат асарлари ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси объектлари рўйхатига киритилиб, келажак авлод учун асраб-авайлаб келинмоқда.

Айни вақтда вилоятда 541 та туристик намойиш этиш объектлари, 119 та меҳмонхона ва 23 та оилавий уй меҳмонхоналари, 100 дан ортиқ миллий ва европа таомлари тайёрлайдиган ресторан ҳамда миллий услубдаги чойхоналар, 127 та туроператорлик субъектлари фаолият кўрсатмоқда. Шу билан биргаликда, 157 та туристик синф­га мансуб автотранспорт воситалари, 184 та ҳамроҳ-таржимонлар сайёҳларга хизмат кўрсатмоқда.

2018 йил давомида вилоятга жами 2,4 миллион нафар туристлар ташриф буюрган. Жорий йилда ҳам ўтган йилга нисбатан сайёҳлар сони икки баробарга ошиши кутилмоқда.

Ўтган йили вилоятда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича 215 миллиард сўмлик 75 та лойиҳалар амалга оширилди. Хусусан, Самарқанд халқаро аэропорти ва темир йўл вокзали, Регистон мажмуаси ва Амир Темур мақбараси туристик мажмуаларида бепул «Wi-Fi» зоналари, турис­тик ахборот марказлари, сайёҳлар учун махсус симкарталар сотиш ташкил этилди, 64 та миллий ва хорижий валюталарда пул айирбошлаш шохобчалари (банкоматлар) ўрнатилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 январь куни Самар­қанд вилоятига ташрифи давомида берган топшириқлари бўйича «Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш юзасидан амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар тўғрисида»ги йиғилиш баёни ижроси юзасидан Самарқанд вилоятига келадиган сайёҳлар оқимини икки баробар оширишни назарда тутувчи 5 та йўналиш ва 53 та банддан иборат «Йўл харитаси» лойиҳаси ишлаб чиқилди ва келишиш учун Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига юборилди.

Мазкур ҳужжатга асосан 2019 йилда 22 та янги меҳмонхонани ишга тушириш, 80 та янги уй меҳмонхона ташкил этиш орқали улар сонини 100 тага етказиш, туроператорлар сонини 150 тага етказиш, 51 та туристик туркумдаги транспорт воситаларини сотиб олиш, 18 та маданий мерос объектларида аудио ва радио гидлар ўрнатилиши, 23 та йўл кесишмаларида туризм йўл кўрсаткичлари ва белгиларини ўрнатиш, Самарқанд вилояти ҳудудида 38 та санитария-гигиена шохобчаларини ташкил этиш, 50 дан зиёд фестиваллар, сайллар ва тадбирлар ўтказилиши белгиланди.

Давлатимиз раҳбари ва ҳукумат томонидан қабул қилинган қарор ва дастурларда белгиланган вазифаларнинг тўлақонли ижро этилишини таъминлаш бўйича Самарқанд вилоят прокуратураси органлари томонидан қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, туризм салоҳиятини ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф этиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгилаб борилмоқда.

Моддий маданий мерос объектларини ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш ва зарур ҳолатда сақлаш бўйича инвестиция мажбуриятларини олган ҳолда ижарага бериш йўлга қўйилмоқда. Аммо ижобий ишлар қаторида камчиликлар ҳам афсуски, учраб турибди.

Жумладан, «келаётган сайёҳларга жамоат ҳожатхоналари борми», мавжуд бўлса, «улар қай ҳолатда, жиҳозланиши санитария қоида ва меъёрлари талабларига мувофиқми» каби саволлар юзасидан ўрганиш ўтказганимизда гувоҳи бўлдикки, аҳвол ачинарли ҳолатда…

Мисол учун, «Қўшҳовуз» масжиди санитария-гигиена шохобчаси 6 бўлмали қилиб қурилган бўлиб, 2 та бўлмасининг аҳволи таъмирталаб, ногиронлар учун умуман шароит яратилмаган, гигиеник воситалар билан таъминланмаган, масжид ҳудуди тозаланмаган, таҳоратхонаси таъмирталаб. «Рухобод» мақбараси санитария-гигиена шохобчаси икки хонадан иборат бўлиб, биттаси қулфланган. Гигиеник жиҳозлар билан умуман таъминланмаган, ногиронлар хонаси мавжуд эмас. Ҳудудда ободонлаштириш ишлари олиб борилмаган. Электр жиҳозларига вақтида эътибор берилмаганлиги боис, фойдаланиш учун хавфли аҳволга келиб қолган.

«Имом Абу Мансур ал-Мотурудий» мақбарасида  санитария-гигиена шохобчаси атиги бир хонадан иборат. У ҳам санитария-гигиена талабларига умуман жавоб бермайди. Ҳудудда ободонлаштириш ишлари олиб борилмаган, ҳожатхонага олиб борувчи йўлак қаровсиз аҳволда, ёритувчи жиҳозлар ўрнатилмаган. Хонадаги чиқиндилар олинмаган.

Бундан хулоса қиладиган бўлсак, юқорида таъкидлаганидек, тарихи узоқ йилларга бориб тақаладиган мазкур туристик мажмуаларимиз айни вақтда намунавий типдаги замонавий санитария-гигиена шохобчаларига муҳтож. Эркак ва аёллар учун камида 1 тадан алоҳида кириш қисмига эга хона, ювиниш ва таҳоратхона, ногиронлиги бўлган шахс­лар кириши ва фойдаланиши учун зарур шароитлар яратилган махсус хона ҳамда йўлакли пандус санитария-гигиена шохобчалари барпо этилса, эртага меҳмонлар олдида хижолат тортиб қолмаймиз.

 

Азимжон Қодиров,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: