Home / Муносабат / «Эркин муҳаббат»нинг шармандали якуни

«Эркин муҳаббат»нинг шармандали якуни

Афсуслар билан таъкидлаш лозимки, сўнгги пайтларда шаҳар кўчаларида куппа-кундуз куни бўлса ҳам нафақат бир-бирига суйкалишиб юрган, ҳатто қучоқлашиб, ўпишаётган йигит-қизларни учратиш одатий ҳолга айланиб қолди. Тунги клублар ҳақида-ку, айтмаса ҳам бўлади. У ерда нималар бўлиши барчага кундек равшан. Қоронғу залга кириб олиб, бир-бирига бузуқларча ҳаракатлар қилиб, қийшанглаб ўйнаётган йигит-қизлар буни ўзларича «муҳаббат» деб ўйлашар? Йўқ, бу муҳаббат эмас! Муҳаббат — покиза туйғу! Бу туйғу кўча-кўйда булғанмайди. Ўз майлини йигитга топшириб қўйган қизни эса муҳаббат оташи эмас, шайтоннинг ўтли нафаси бошқаради, бошқачароқ айтсак, нафси бошқаради.

Ҳолбуки, иболи, ҳаёли қиз ҳеч қачон йигитга ўз муҳаббатини очиқ изҳор этмайди. Бу бизнинг талабимиз эмас, қизлар табиатан шундай яралган. Ҳатто қушларнинг ҳам фақат нари сайрайди. Ҳамонки, қиз йигитга «Мен сени севаман» деб айтган экан, демак, у ҳеч қачон йигит томонидан қадрланмайди. Демак, унинг ташлаб кетилишига йигит эмас, ўзининг одобсизлиги сабаб.

Қуйида келтираётган воқеада йигит судланувчи бўлса-да, гапни қизлардан бошлашимизга сабаб бор. Қиз болани нозик чиннига қиёслашади. Унинг шаънига озгина доғ тушса ҳам, ҳар қанча ювишга уринилмасин, кетиши қийин бўлади. Бизнинг миллийлигимиз шунда, агар қизни бир йигит билан кўриб қолиб, ота-онасига айтишса, оила исноддан бўғилади. Агар «Ўғлингиз бир қиз билан кетаётган экан» де­йилса, «Ҳа, йигитчилик-да» деб қўя қолишади. Узоқ йиллардан буён давом этиб, қон-қонимизга сингиб кетган одат бу. Шунинг учун  ҳам  қизларни ёмон оқибатлардан эҳтиёт қилиш мақсадида гапни улардан бошладик.

Зайниддин билан Маҳлиё (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 2009 йил лицейда ўқиб юрган кезлари танишиб, бир-бирларига кўнгил қўйишди. Икки ёш ўқишни битиргандан кейин ҳам учрашиб, гўё Тоҳир ва Зуҳралардек юришарди. Улар орасидаги бу муносабат 2015 йилнинг июнь ойигача давом этади, яъни Зайниддин бошқа бир қизга уйлангунига қадар. Шу ерда ҳақли савол туғилиши мумкин. Нима учун улар шунча вақт бир-бирига кўнгил қўйиб юрди-ю, йигит бошқасига уйланди?.. Юқорида таъкидлаганимиздек, икковлари бир-бирларига ўз изҳорларини очиқчасига айтган бўлсалар, ажабмас. Бундай кўнгил изҳорлари ортидан эса икки қарама-қарши жинс ўртасида ҳаёсиз хатти-ҳаракатлар бўлиши ҳам мумкин. Ўз-ўзидан эркак кишига суйкалишдан уялмаётган қиз ҳақида йигит нималарни ўйлаши мумкин? «Ҳали бир ёстиққа бош қўймасдан менинг раъйимга қаршилик билдирмаяпти. Эҳтимол мендан аввал ҳам бошқа йигит билан шу қилиқларини қилгандир, ҳозир мен билан хайрлашиб, бошқасининг олдига борса-чи?» деган хаёлга бормайдими?.. Айнан шу фикрда бўлиши ҳақиқатга яқинроқ. Демак, бундай қизлар йигитлар учун муҳаббат тимсоли эмас, балки бироз ўйнаб, кўнгил талаби қонганидан сўнг ташлаб юбориладиган бир матоҳ сингари бўлиб қолади. Зайниддин шунча йил бирга юрган Маҳлиёни балки шунинг учун ҳам четга суриб, бошқасига уйлангандир. Бу бизнинг фикримиз.

Ҳаммаси тўйдан кейин бошланди. Оилали бўлган Зайниддин тўйдан ке­йин қиз билан алоқани узди. Гўё икки ёш ўз йўлидан кетаётгандек эди, аммо орадан бир йил вақт ўтгач, йигит аввалги «муҳаббат»ини қўмсаб қолди. Маҳлиёга қўнғироқ қилиб, у билан соатлаб гаплашадиган бўлди. Қиз ҳам аввалига унга қаршилик қилмади. Телефон орқали бўлаётган ишқ тўла суҳбатлар йигит ва қизнинг яна олдингидек юзма-юз кўришиб, қўл ушлашиб юришларига сабаб бўлди. Вазият шу даражага бориб етдики, уларда тоғ қўйнидаги дала ҳовлилардан бирини ижарага олиб, кўнгилхушлик қилиш нияти туғилди. Бир кунни белгилаб, икковлон йўлга тушишди. Оппоқ «Спарк»нинг олд ўриндиғига ўтириб, оилали бир эркак билан йўлга отланган Маҳлиё бошига тушган қора кунлари-ю ота-онаси ва қариндошлари орасида шарманда бўлишининг дебочаси шу бўлишини билганида, балки бу мақсадидан қайтган бўлармиди…

Хуллас, йигит ва қиз режалари бўйича тоғ бағридаги дала ҳовлилардан бирини ижарага олиб, дам олишни бошлаб юборишди. Фоний дунёнинг ўткинчи ҳавасларига берилиб кетган ёшлар ўзларининг беҳаё қилиқлари-ю ярим яланғоч юрганларини қўл телефонларида видео ва суратларга олиб, бир-бирларига кўрсатишар, гўё шундан завқ олаётгандек эдилар. Бора-бора уларни фақатгина «висол» онлари бир-биридан ажратиб турарди, холос. Охир-оқибат Зайниддин ҳирсга берилди, орадаги сўнгги пардани ҳам бузиб, Маҳлиёга ёпишди. Айнан шу пайтда қизнинг миясига ўзига совчи келаётгани, номусини йўқотса, кейинги ҳаёти барбод бўлиши мумкинлиги ҳақидаги фикр яшиндек урилди ва Зайниддинни итариб юборди. Улар ҳайҳотдек дала ҳовлини бошларига кўтариб, жанжаллаша бошлашди. Бақир-чақирни эшитган қўшни ҳовлидагилар ёрдамга чиқишди, эшикни тақиллатиб, «ҳай-ҳай»лашди. Бегона овозни эшитган Зайниддин қиздан қўлини тортди. Маҳлиё бўлса нарсаларини йиғиштириб, йиғлаганча кўчага отилди. Катта йўлга чиқиб, ўткинчи машиналарни тўхтатиш учун қўл кўтариб турганида, ортидан Зайниддин етиб келиб, уни куч билан машинасига миндирди. Йигит вазиятни юмшатиш учун Маҳлиёдан кечирим сўради, овутди ва уйига элтиб қўйди.

Аммо бу билан Зайниддин ортга чекинмади. Чунки унинг қўл телефонида Маҳлиёнинг дала ҳовлида тушган беҳаё суратлари сақланиб қолган эди.

Шу воқеадан сўнг Маҳлиё йигитдан ўзини тортди. Қўнғироқларига жавоб бермай қўйди. Бу ҳолат Зайниддинни ғазаблантира бошлади. Бир неча бор Маҳлиёнинг ишхонасига борди. Қиз у билан бошқа гаплашмаслигини, муносабатларига нуқта қўйганини айтганида, йигит «Шунақами, менга иккинчи хотин бўлишга мажбур бўласан ҳали» дея жаҳл билан машинасига ўтириб, жўнаб қолди. Орадан бир неча кун ўтгач, Маҳлиё кечки пайт ишхонасидан уйга қайтаётганида, Зайниддин унинг қўлига катта конверт бериб, «Энди менга иккинчи хотин бўлишга мажбурсан» деб кетди.

Қиз четроққа ўтиб, шоша-пиша конвертни очди. Конверт ичидан дала ҳовлида олинган суратлар чиқди. Зайниддин ўша пайтда «Хавотир олма, ҳаммасини ўчириб ташладим» деганди. Лекин… Суратлар орасида бир парча қоғозга ёзилган хат ҳам бор экан. Маҳлиё уни ўқиганидан сўнг кўз олди қорон­ғулашиб кетди. Хатда «Агар меники бўлмасанг, шу расмларни интернетда тарқатиб, сени шарманда қиламан» деб ёзилган эди. Тушкунликка тушиб қолган қиз бир неча кун ишга ҳам бормади. Зайниддиннинг қўнғироқларига ҳам, смс-хабарларига ҳам жавоб бермади. Шундан сўнг йигит Маҳлиёнинг уйига келиб, ўша суратларнинг иккинчи нусхасини унинг онасига тутқазди. «Қизингиз менга иккинчи хотин бўлмаса, шарманда бўласизлар» деб барча бўлган ишларни айтиб берди. Хуллас, вазият чуқурлашиб, газак олди.

Икки томоннинг оиласи ва қариндош уруғлари, ҳаттоки маҳалла ҳам бунга ечим топа олмади. Орага катталар аралашгандан сўнг Зайниддин очиқдан-очиқ қизни айблай бошлади. Маҳлиё оиласига таҳдид қилаётганини, яъни турмуш ўртоғининг телефонига уйланмасидан аввалги учрашиб юрган кезларидаги бирга тушган расмларини жўнатиб, турмушини бузиб юбормоқчи эканлигини айтиб, туҳмат қила бошлади.

Барчасига ойдинлик киритиш учун қизнинг оиласи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ариза билан мурожаат қилди. Олиб борилган суриштирув ва тергов жараёнида барчасига ойдинлик киритилди. Зайниддиннинг қилмишлари фош этилди. Жиноят ишлари бўйича Сергели туман суди томонидан З.Баҳриддинов Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 136-моддасида (Аёлни эрга тегишга мажбур қилиш ёки унинг эрга тегишига тўсқинлик қилиш) кўрсатилган жиноятни содир қилганликда айбдор деб топилди ва унга 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Кези келганда яна бир воқеани келтиришни лозим топдим. Маҳалламиз раиси бир юмуш билан идорасига чақирди. Оила қурганига бир ой ҳам бўлмаган эр-хотин ажрашмоқчи бўлаётганини ўша ерга борганимда билдим. Сабаби, ёш келин тўйдан кейин куёвни ёнига йўлатмай, уч кундан сўнг уйдан қочиб кетибди. Куёв томон келинни қидириб, қизнинг уйига боришса, у ерда ҳам йўқмиш. Қудалар узоқ қариндош бўлгани учун бу ишни овоза қилмай, ўзлари сўраб-суриштириб, қизни қидиришибди. Ниҳоят ёш келинчакни бир йигитнинг уйидан топишибди. Кўп гап-сўзлардан кейин келин ўша йигитда кўнгли борлигини, у билан анчадан буён севишиб юрганини, тўй куни ҳам вақти-вақти билан қўнғироқлашиб турганини очиқ айтибди. Афсусланарлиси, ўша қиз буни иснод деб қабул қилмаяпти, балки «муҳаббати учун кураш» дея таърифламоқда. Чиндан ҳам шундаймикин? Йўқ, асло! Нима учун кескин равишда шундай хулосага келяпмиз? Сиз ҳам ўйланг-чи, агар қиз тўйдан аввал юрган йигитини чиндан ҳам севса, нима учун бегона йигит билан турмуш қурди? Адашдими? Ёки ота-онаси мажбур қилдими?..

Бу можарода қизнинг ота-онаси фарзандининг бу туйғусидан мутлақо бехабар эканликларини айтишди. Онаси ҳатто «Вой қизим-эй, шунақа дардинг бор экан, айтмайсанми, суйганингга берардим» деб ўкинди. Агар йигитнинг севгиси ҳақиқий бўлганда эди, у муҳаббатини ҳимоя қилиш учун озгина бўлса-да курашарди. Бу ҳолатда қиз ўша йигит билан айшу ишрат қилиб юриб, бир инсоннинг соддалигидан фойдаланибди. Тўйгача жим юриб, оқ либос кийди, номини оқлаб олди. Энди яна ўша йигит билан аввалги ишини бамайлихотир қилиб юраверади.

Энди яна бир нарсани таъкидлаб ўтамиз. Ҳозир ёшларимизнинг барчасида замонавий телефон, хоҳлаган пайтларида интернет тармоғига кириш имконияти бор. Кўплаб ижтимоий тармоқлар орқали ҳорижнинг кўплаб бемаъни қилиқлари билан бирга, «эркин муҳаббат» деган аҳмоқона ғоя ҳам кириб келди. Айни вақтда ёшлар орасида бундай ғоя тарафдорлари кўпайди ва уларнинг сони янада ошиб бораяпти. Аслида бу бузуқликнинг ўзгинаси. Бу «эркин муҳаббат» эмас, қўпол бўлса ҳам келтирамиз, бу «ҳайвоний туйғу». Ҳатто унга «муҳаббат» деган покиза тушунчани қўллашнинг ўзи ҳам бемаъниликдир.

Хулоса шуки, муҳаббатини пок ҳолда асрай олмаган, муҳаббат туйғусига гард туширган йигит-қизларнинг муносабатлари охир-оқибат юқоридагидек якун топиши муқаррар. Яна шундай йигит-қизлар борки, улар муҳаббат туйғусини мутлақо қадрламайдилар. Улар учун энг муҳими — кўнгилхушлик қилиш. Ҳаё ва вафо борасида қизларга қанчалар талаблар қўйилса, йигитларга нисбатан ҳам шу даражада талаб бўлиши лозим. Афсуски, орамизда қизларга фақатгина нафсни қондириш воситаси, деб қаровчи йигитлар ҳам талайгина. Айтиш жоизки, бундай йигитлар келажакда бахтга эриша олмайди. Ҳақиқий эр йигит қадимдан ўз ор-номусидан ташқари, севгилисининг шаънини ҳам қадрлаб келган. Қолаверса, қиз ёки йигит, бир нарсани аниқ англаб олишлари шарт. Покиза уйга ҳеч қачон ифлос оёқ билан кирилмайди. Муҳаббат ҳам шундай, уни покиза асрай олганларгина оила қу­риш, фарзандлар кўриб, уларни тарбиялаши, узоқ йиллар бирга умргузаронлик қилиш бахтига муяссар бўладилар.

Камолиддин АСҚАРОВ,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: