Home / Тавсия этимиз / Эркакнинг ўрни…

Эркакнинг ўрни…

“Маҳаллада дув-дув гап” фильмини кўрмаган киши бўлмаса керак. Унда шундай саҳна бор: аёли гўё чарчаб келаётган эрининг қўлидан сумкаси, елкасидан кители ва бошидан шляпасини олиб, уни айвонга ўтқизади. Дам ўтмай оёғи тагига тоғорача қўйиб, оёқларини ювгач, юқорига чорлайди. Бу ҳолга кўникиб қолган Арслон эса пинагини ҳам бузмайди. Ҳатто… бир оғиз раҳмат ҳам…

Албатта, бу ўша эркакнинг феълидан келиб чиққан ҳолат. Бизнинг айтмоқчи бўлганимиз эса бошқа нарса.

Сиртдан қараганда, оиланинг “шеф”идек кўринган Ойпошшадек аёл ҳам қай кайфиятда бўлмасин, ўзининг хотинлик бурчини аъло даражада бажариб қўяди. Ҳа, “бу 60-70 йил аввалги кино… Ўшанда шундай олинган-да…” дегувчилар ҳам топилар. Шаксиз! Чунки ўша давр аёллари учун ҳаёт, турмуш тарзида эрнинг ўрни юқори бўлган. Шу боис оиладаги келишмовчиликларга эркак бар­ҳам берган. Сўнгги сўзни у айтган!

Эрининг сўзини икки қилиш у ёқда турсин, юзига тик боқа олмаган аёлга “ажрашаман” деган фикр бутунлай ёт бўлган. Оиланинг қадри баланд, ҳурмати улуғвор бўлган.

— Бугунги кунда эрнинг ҳам кераги бўлмай қолди. Бир-иккита бола туғиб олсанг, қари­ганинг­да ўшалар кунингга ярайверади…

— Нимасини айтасан?! “Ундай тур, бундай юрма…”, “Анавини қил, буни қил…”. Ҳаммаси жонга тегади бу эркакларнинг…

Айрим аёлларнинг гоҳи қулоққа чалинадиган бу каби гап-сўзларидан кимдир ёқа ушлайди, кимдир парво ҳам қилмайди.

Тўғри, масалага шу аёллар кўзи билан боқсак, улар “эркинлик” сари интилаётган чиқар. Аммо бир нарсани унутишга ҳаққимиз йўқки, фарзандлар тарбияси ҳам отасиз шунга яраша “эркин” бўлади. Оилага, жуфти ҳалолига содиқликни, унинг хизматини қилишни оғир билган аёлга эртага шу фарзандлари хиёнат қилмайди деб ким кафолат бера олади?

Дарҳақиқат, бола тарбиясида отанинг ўрни беқиёс. Ота тарбиясини кўрмаган бола жилови бўш от мисол. Қачон хоҳласа, жиловини узиб кетиши мумкин. Бу — масаланинг бир томони. Иккинчиси эса — борди-ю ақл-ҳушли фарзанд бўлиб ўсганида ҳам орзу-ҳавасли жойлари борки, отасиз ҳаётнинг ўша жойлари татимайди. Бола ўксинади. Отаси тирик бўла туриб унинг меҳрига зорлигидан ўкинади.

Халқда “Тўрт кўз тугаллик билан саодатга етказсин” деган гап бор. Хўш, бу нима дегани?! “Тўрт кўз”, яъни икки жуфт кўз. Бу эр-хотин, ота-она кўзига ишора эмасми?! Демак, саодат уларнинг бирлигида экан-да?!

Чиндан ҳам рўзғорда бироз етишмовчилик бўлса ёки бошқа бир чигаллик туфайли ўртада низо чиқади. Бундай кезларда аёлнинг ақли расолиги, кези келганда эрнинг жаҳлига мулойимлик билан жавоб қилишга ўзида куч топиши оилани доимо фароғатга чорлайди. Арзимаган можароларни рўкач қилиб, ажрашишга шошган аёл барибир бунинг жабрини тортишини ҳаётда кўп кўрганмиз.

Сен эмас, сиз десак…

Бу мулоҳазаларни қачонлардир қоралаб қўйган эканман. Мавриди келганди, яна эсладим.

Туманлардан биридамиз. Ажрашиш арафасидаги икки-уч оилани яраштириш ниятидаги гуруҳга ҳамроҳлик қилишимга тўғри келди. Асаблар тоза таранг­лашди. Кечагина сипо бўлиб ўтирган келинларнинг оғзидан чиқаётган гап-сўз, катталарга нисбатан беписандлик, қуда-андаларнинг бир-бирини ҳақо­ратлаши дилларни доғлади. Қайтаётиб бир отахон билан гурунглашиб қолдим. Эгнида оҳорли, дазмолланган яктак (одатда ёши улуғ отахонларни кир кийимда учратаверганимдан у кишига алоҳида эътибор қаратувдим ўшанда). Соқоли чиройли кузалган. Юзидан нур ёғилади. Гап айланиб ўша сонияларда меъдамга уриб бўлган қайнона ва келин муносабатига тақалгач, ота гап бошлади.

— Менинг тилла келиним бор. Саломат — келинларнинг каттаси. Бундан йигирма йил аввал оиламизга тушган. Илиқ муомаласи, ширин таомлари ўз йўлига-ю, оиламиз шаъни, фаровонлиги учун жон куйдириши алоҳида таҳсинга лойиқ.

У келин бўлиб тушганида биз ёш эдик. Аёлим баъзан дилини ранжитса-да, у миқ этмас, бировга нолимас, яна жилмайиб айтганини қилиб кетаверарди. Кейинги фарзандларимни ўқитиш, уйлантириш, узатиш ташвиши бошланганда ҳам ўғлим билан бирдай ёнимизда турди. Аммо… Афсуски, худо уни фарзанддан қисди. Биз оиламизни тарк этишини асло хоҳламасдик. Лекин қариндош-уруғ унда-бунда гап қилишар, хотиним билан мени ўғли зурриёдсиз ўтаётганини ўйлашмаяпти деб айблашарди. Бу гаплар албатта аёлимга ҳам таъсир қилмай қолмасди. Баъзан феъли ўзгариб, ўғлимизни хотинидан ажрашишга ундамоқчи бўларди. Лекин ўғлим “фарзандсиз ўтсам ўтаманки, хотинимдан ажрашмайман” дерди.

Тақдирни қарангки, иккинчи қизим туғиш жараёнида вафот этди. Фарзанд доғи мени ҳам, аёлимни ҳам эгиб қўйди. Бир ўғил, бир қизини куёвим бизга ташлаб, тезда уйланиб олди.

Келиним бутун вужуди билан икки болани бағрига олди. Аллоҳнинг иродасими, янги чақалоқни қучоқлаб, аллалаб ўтирса, кўкрагига сут келибди. Мана, ўша чақалоқ бу йил ўн тўртга киради. Катта қизини узатдик.

Хотиним ҳар гал келинга “Сиз менинг қизимсиз. Мендан     кейин оиламизнинг барча йўл-йўриғини сиз бошқарасиз. Фарзанд­ларингизнинг роҳатини кўринг” дерди.

Ўтган йили қайтиш қилди раҳматли. Шундан бери Саломат иссиқ-совуғимдан доим хабардор. Мен уни аёл эмас, фаришта деб ўйлайман.

Отахоннинг ҳикоясидан жуда таъсирландим. “Қандай бағрикенг аёлларимиз бор-а?!” дея ҳавас қилдим. Икки-уч кундан сўнг эса…

Бекатда икки дугона бор овозда суҳбатлашаяпти.

— Кеча сериал кўраман деб овқатим эсимдан чиқиб кетибди. Ўлгур тагига олиб, кўмирга айланибди ҳамки, ҳидини сезмабман… Эрим бир нима демади-ю, тумтайиб ётиб олди. Қайнонам ҳам келиб қозоннинг аҳволини кўрди-ю, ҳеч нима демади. “Э-э, оч қолсанг, менга нима?!” дедиму, ўзим иккита тухумни қовуриб еб олдим… Уларни чақиргим келмади…

— Вой, боплабсан! Кеча мен ҳам эримнинг танобини тортиб қўйдим. Ўртоғининг туғилган кунидан кайфияти чоғ келди. Уйларни йиғиштиришга вақт тополмагандим. Шуни баҳона қилиб ўзича нималардир деган бўлди. Кейин “Чарчадим, пича дам оламан” деб энди диванга чўзилувди, “Ойим қилган мебелга ётишни биласиз, қизи ёмон бўлдими?!” дедим. Рост-да, менсиз туғилган кунга борди, индамадим. Энди яна менинг ишларимдан кир қидиришига бало борми?! Гапим нафсониятига тегиб кетдими, хўмрайганча полга кўрпача солиб ётиб олди. Эрталаб нонушта ҳам қилмай ишга жўнаворибди. Зарда қилсанг ўзингга! Тўғрими?!

Бу суҳбатни эшитганлар ҳар икки жувонга ғалати қараб қўйиб, нари кетишди. Мени эса хаёл оғушига тортди. Кўнгилни бундай чилпарчин қилишларнинг қайтими қандай бўларкин-а ҳали?! Ботган кун-ку, қайтиб чиқар-а… Аммо бахт қуёшингиз қайтиб чарақлармикан?!

Кеча ўзи ва онаси оч ётиб қолганидан ори келган эрингиз бугун тўртта кабобни нон орасига солиб келиб, онаси билан еб ўтирса-ю, сизга кел демаса, аҳволингиз нима кечади?! Бошқа вақтлар эрингиз нарса келтирса, нақ байрам бўлиб кетарди, а? Қайнонангиз олдига дастурхон ёзиб, иссиқ чой дамлардингиз. “Олинг-олинг” қилиб ўтирардингиз. Энди бундай бўлмаса керак… Негаки, кеча оилангиздагиларни писанд қилмай қўйганингизни ошкор этдингиз. Бундан уялиш ўрнига дугонангизга мақтанаяпсиз. Эрингизни, қайнонангизни орқасидан бўлса-да сенлаяпсиз. Дилингизда уларга ҳурмат йўқ, меҳр йўқ. Чамаси, қозоннинг кўмирга айланиши ҳам биринчи марта эмас чоғи… Ана шундай иккинчи, учинчилар сизни бу уйга омонат қилиб қўймасайди деган ҳадигим бор…

Хато қилганингиздан уялиб, “Вой, ойижон, шундай бўлиб қолибди. Яхшики, дадам йўқ. Бўлмаса, уятдан бошимни қандай кўтариб юрардим?!” деганингизда уни ўзингизга яқин олаётганингизни, ундан паноҳ излаётганингизни, уйдаги эркакларнинг ҳурматини жойига қўяётганингизни кўрсатардингиз холос. Сиздаги самимият қайнонага кўчиб, ёнингизга тушиб тезда бош­қа овқат тадоригини кўрармиди?! Бўлган воқеа эркакларга сездирилмай, орангизда сир бўлиб қоларди эҳтимол. Қайнона-келинни ана шу нарсалар бир-бирига яқин қилади билсангиз! Сиз эса у билан ўртангизда жар пайдо қилдингиз.

Дугонангиз ҳам аллақачон шу “мартаба”га эришган кўринади. Ишқилиб, эри кеч­қурун уйига қайтсин-да…

Ситамлар исёни

Мана бу манзара энди бутунлай бошқа…

Бошда ҳам оила — муқаддас маскан дедик. Бунда аёлнинг ўрни ўзгача эканини таъкидладик. Аммо… аёл уйим-жойим деса-ю, эр кўчани ўйласа… Бундан Яратганнинг ўзи асрасин!

Мадамин ҳам оила қадрига етмайдиганлар тоифасидан эди. Хотинини уриб-хўрлашдан уялмасди. Гулчеҳра билан турмуш қуришганида кўпчилик ҳавас қилди уларга. “Кўз тегмасин, худди узукка кўз қўйгандек бир-бирига ярашганини қаранг!” дейиш­ди катталар.

Бироқ икки йилгина аҳил яшашди. Кейин Мадамин шаробхўрликка ўрганди. Бир жойда ёлчитиб ишламайди. Қўлига пул тушди дегунча улфатлари олдига чопади. Аёл орзулари саробга айланиб бораётганидан сиқиларди. Лекин на илож, бирин-кетин дунёга келган фарзандларини ўйлаб ўзини бардам тутишга интиларди. Кунда-кунора бўладиган жанжаллардан безибми, ё оилага кўмак бўлар дедими, шифохонага кир ювувчи бўлиб ишга жойлашди. Рўзғорга сал барака киргандек бўлди. Лекин…

“Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас” дегувчилар ҳақ экан. Энди Мадамин хотинининг маошига кўз тикадиган бўлди. Можаролар яна авж ола бошлади.

— Ойлик олдингми? — сўради эр ишдан чарчаб келган хотинидан.

— Ҳа… аммо рўзғорга керакли у-бу… — Гулчеҳра у ёғини гапиролмади. Ғазабдан кўзи қизара бошлаган эрининг важоҳатидан қўрқиб кетди. Бечоранинг юрагини Мадамин аллақачон олиб қўйганди. Салгина баҳона топилгудек бўлса, аёвсиз дўппосларди. Ҳозир ҳам тунов кунги калтаклардан моматалоқ бўлиб кетган баданлари зирқираб оғрияпти.

— Ҳе… Пул топган киши бўлиб бозор қилдингми ўзингча?!

— Озроқ макарон, сабзи, пиёз олгандим…

Гулчеҳранинг қулоқ-чаккасига тарсаки келиб тушди. Бераҳм эр уни ура бошлади. Аёл ингранди, нажот истаб дод солмоқчи бўлди.

— Овозингни ўчир, ифлос! Қоронғи тушсин ҳали, аъзойи-баданингни бурда-бурда қилмасам!.. — Мадамин шундай деганча кўчага чиқиб кетди.

Гулчеҳра оёқларини зўрға судраб айвон четига ўтирди. Ҳаёти муттасил давом этаётган изтироблар алангасида қовурилиб ўтаётганини ўйлаб юм-юм йиғлади. Ора-сира бахтли кунларини эслаб энтикиб-энтикиб ҳам қўйди…

“Энди нима қиламан? — ўйланарди аёл. — Кечқурун келса, қўлидан соғ чиқмаслигим аниқ… Қаерга қочай? Кимдан паноҳ истаб ёлворай?! Йўқ, бу рўзғор рўзғор бўлмайди! Яхшиси, ажрашаман… Ҳозир болаларимни олиб ойимникига кетаман-да, бор гапни айтаман. Ўша ерда бир қарорга келармиз…”.

Мадамин кайфи тароқ уйига келса, хотини йўқ. Сўка-сўка ухлаб қолди. Эртасига эса куни билан боши оғриб, кўчага чиқолмади. На биров ҳолидан хабар олди, на биров оғзига овқат тутди.

“Ҳали кўрсатиб қўяман унга! Уйига бориб, сочидан судраб олиб келаман. Келса, шундай хумордан чиқиб дўппослайманки, уйдан чиқолмайдиган бўлиб қолади!”.

Шу хаёл билан қайнонасиникига жўнади. Дарвозадаёқ унга пешвоз чиққан қайнукаси Одилжон опаси уйда йўқлигини айтганди, бирдан жаҳл отига минди. Гўё барига шу қайнукаси айбдордек, уни ерга йиқитиб, дўппослай кетди.

Шовқин-суронга уйдагилар югуриб чиқишди. Қанчалик уринишмасин, Одилжонни Мадаминнинг чангалидан ажратиб ололмасдилар. Шу можаро устига Гулчеҳра ишдан қайтиб қолди. Манзарани кўрди-ю, дод солиб ўзини эрининг устига отди:

— Ўзимни уриб-хўрлаганингиз камми?! Нега укамни урасиз? Қочинг, ўзи яқинда операция бўлган у. Ўлдириб қўясиз!

У ҳарчанд ҳаракат қилмасин, тобора ваҳшийлашиб бораётган эрига кучи етмасди. Нима қиларини билмай, сал нарида турган арматурага кўзи тушиб қолди. Жон ҳолатда уни олди-ю, эрининг дуч келган ерига ураверди, ураверди…

Ҳадемай кун ботади. У ўрнидан турди-ю, қонли қўллари билан ҳовли ўртасига юрди. Бахтга қарши оиладагилар ҳам карахт, унга бир сўз айтишга ҳам тиллари айланмасди. Ерга ўтириб қолган онасигина “Нима қилиб қўйдинг?..” дея олди зўрға пичирлаб…

Қонли қўлларига кўзи тушди-ю беҳуш ерга йиқилди…

Бу фожиа шундоққина ёнгинамизда рўй берди.

Дарвоқе, эркакни улуғлаш ҳақида гап борар экан, танганинг иккинчи томони — шундай ҳолатлар ҳам борлигини эсга олгим келди.

Эркакларнинг аёлларни хўрлаши, уларга ожизлигини пеш қилиб муомала қилиши бизнинг ўзбекона қадриятларимизга ёт аслида. Инсон аввало ҳаётнинг ўткинчи эканини ҳис этмоғи лозим. Одамлар бир-бирининг қадрига етмас экан, ўзгаларнинг уволига қолиши аниқ. Ўртада болаларнинг шумшайиб, жовдираб қолиши ундан-да аянчли!

Нилуфар НИЁЗОВА,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: