Тезкор хабарлар
Home / Жиноят ва жазо / Эр учун аталган «туҳфа»

Эр учун аталган «туҳфа»

Эри қамалиб кетгач, Фаёзахон (исм-фамилиялар ўзгартирилган) бироз тушкун кайфиятда қолди. Бир этак бола билан қандай кун кечиришини ўйлаб, тунлари азобланиб чиқарди. Эрининг қамалишига сабабчи бўлган заҳри қотилни эслаганида эса бунинг вақтида олдини ололмагани учун ўзини айбларди.

Одатий кунларнинг бирида ҳовли тозалаб юраркан, ногаҳон ҳовуз ёнидаги ўтлар орасидан униб чиққан «бегона ўт»ни кўриб қолди. Шу заҳри қотил сабаб эри қўлга олинган ўша кун кўз ўнгига келиб, ғазаб билан уларни суғуриб, ўчоққа ташлади. Барча кўргуликларига сабабчи бўлган офатни ёқиб, хумори босилгандек бўлди.

Аслида, у турмуш ўртоғининг гиёҳвандлик моддаси истеъмол қилишини зимдан сезиб юрарди. Шу боис хаёлида эрининг заҳри қотилсиз у ёқларда қийналиб юрганини ўйлаб, унга раҳми келарди.

Кузнинг одатдаги кунларида Фаёзахон уй юмушлари билан шуғулланиб юраркан, ҳовуз ёнида яна ўша ўзига таниш ўсимлик бўй чўзаётганига кўзи тушди. Жаҳл отига миниб, ўсимликни илдизи билан суғуриб, ўчоқ бошига борди. Гугуртни қўлига оларкан, яқин орада эри билан учрашувга бориши кераклиги ёдига тушди. Шунда беихтиёр ўчоқдаги ўсимлик баргидан бир нечтасини юлиб олиб, қолганини ёқиб юборди. Баргларни офтоб тушадиган жойга ёйиб, обдон қуритди. Кейин эса майдалаб, целлофан пакетга солиб, олиб қўйди.

Учрашув ҳақида хабар беришганидан Фаёзахоннинг қувончи чексиз эди. Қизларини синглисига қолдириб, ўғли билан Қарши шаҳрига бориш учун ҳозирлик кўра бошлади. Эри учун тансиқ таомлар тайёрлади. Минг ҳаяжон ичида, топган-тутганини сумкага жойлаб, ўзига ҳам бироз оро берди. Кўзгу олдида тураркан, негадир кўнглини маҳзунлик эгаллагандек бўлаверди. Кўз олдига аввалгидек эрининг тушкун аҳволи келаверди. Ўзича гиёҳвандлик моддаси олиб борса, эрининг кўнгли кўтарилиши мумкинлиги ўйлаб, яшириб қўйган жойидан уни излаб топди.

Шу тобда бу офатни ичкарига қандай олиб кириш масаласи кўндаланг турарди. Чунки у муассасадаги интизомни, маҳбусларнинг яқинлари қаттиқ текширувдан ўтказилишини яхши биларди. Кўзгуга қараб шуларни ўйларкан, хаёлига келган фикрдан қувониб кетди. Соч турмаклагични қўлига олиб, пакетдаги заҳри қотилни унинг орасига билинмайдиган қилиб жойлаштирди. Сўнг сочларини шу турмаклагичга қистириб, ўғлини етаклаганча йўлга тушди.

Жазони ижро этиш муассасасининг темир дарвозасига яқинлашаркан, Фаёзанинг юраги орқага тортиб кетди. Темир эшиклардан бирма-бир ўтиб бораркан, оёқларидаги титроқни ҳис қилгандек бўлди. Ходимларнинг тақиқланган нарсаларни қолдириш тўғрисидаги огоҳлантиришлари асосида телефони, пул ва заргарлик буюмларини тартибга кўра ўз ихтиёри билан топшириб, кейинги хонага йўналди. Фаёзахон бу жойда ўзи ҳам обдон текширилишини кутмаганди. Назоратчи аёл унинг соч турмаклагичини қўлига олгач, оёқларининг мадори буткул қочди.

Соч турмаклагичга яширилган «сир» фош этилди. Кейинги жараёнларни Фаёзахон тушида бўлаётгандек ўтказди. Эрининг кўнглини кўтараман деган хомхаёлда жиноятга қўл урганини тушуниб, ўз ёғида қоврилди. Соч турмаклагичдан топилган ўсимлик судга оид кимёвий экспетризанинг хулосасига кўра, оғирлиги 1,7 грамм бўлган марихуана гиёҳвандлик воситаси эканлиги аниқланиб, аёлга нисбатан жиноий иш очилди.

Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди томонидан мазкур жиноят иши сайёр суд тарзида атрофлича кўриб чиқилди, Фаёзахон Турдиеванинг оилавий аҳволи, муқаддам судланмаганлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги инобатга олиниб, унга энг кам ойлик иш ҳақининг 40 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Баҳодир ШЕРАЛИЕВ,

Қашқадарё вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: