Home /   / Ер сотган эр бўлмас…

Ер сотган эр бўлмас…

Прокуратура органлари томонидан фермер, деҳқон ва бошқа ер эгаларининг манфаатини ҳимоя қилишда қонун устуворлигини таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

Ўтган 2019 йилда Самарқанд вилоятининг айрим ҳудудларида кузатилган об-ҳаво экин майдонларига талофат етказган бўлса-да, деҳқонларимизнинг шижоати билан қийинчиликлар енгиб ўтилди. Жумладан, фермер хўжаликлари ва кластерлар  33 0645 тонна ғалла, 178 087 тонна пахта етиштирди, мева-сабзавот етиштириш ҳам ўтган йилларга нисбатан кўпаймоқда.

Вилоят прокуратурасининг ташаббуси билан Пайариқ туманидаги Қўлтўсин, Ғаллакор, Накурт қишлоқларида ёшларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида 20 та сув иншооти қурилди ва шу орқали 240,4 гектар ерда интенсив боғ ва токзорлар барпо этилиб, 480 киши иш билан таъминланди.

Вилоятда 1099 гектар токзор яратиш ва унда сув тежайдиган ускуналарни жорий қилиш учун қайтармаслик шарти билан ташаббускорларга 7 млрд. 300 млн. сўм маблағ берилди. Ушбу имтиёзлардан фойдаланиб, фаолиятини қонуний асосда олиб бораётган деҳқонларимиз баракали маҳсулот етиштириб, юртимиз равнақига ҳисса қўшмоқда.

Бироқ ердан фойдаланиш қоидаларига бефарқлик билан қараётган, ерни ноқонуний эгаллаб, сотиб, бошқалар ҳисобидан бойлик орттириш истагида бўлганлар ҳам талайгина.

Ерни талон-торож қилиш ҳолатларини аниқлаш бўйича тузилган ишчи гуруҳлар томонидан ўтказилган хатлов жараёнида айрим фуқаролар кўплаб экин майдонларини эгаллаб олиб, ноқонуний тарзда бинолар қургани, бунинг натижасида ер унумдорлигига жиддий зарар етказилгани, бунга эса мутасадди шахслар ўз вақтида муносабат билдирмагани маълум бўлди. Жумладан, вилоят бўйича 2482 та ҳолатда суғориладиган 436,3 гектар экин майдонида ўзбошимчалик билан уй қуриб олинган, 199 та ҳолатда 240,8 гектар ердан ўз билганича фойдаланиб келинган, 199 та ҳолатда 1056 гектар ер ноқонуний ажратилган.

Ўзбошимчалик билан эгалланган 216,9 гектар ерни бўшатиш ва ноқонуний қурилишларни буздириш тўғрисида судларга 1549 та даъво аризаси киритилди, 10,6 гектар ер ҳокимликлар захирасига қайтарилди.

Туман ва шаҳар ҳокимларининг 570,8 гектар ер ажратиш тўғрисида чиқарган 113 та ноқонуний қарори бекор қилиниб, қонун устуворлиги таъминланди.

Ҳуқуқбузарларга нисбатан ўнлаб ҳолатларда маъмурий қамоқ ва жарима чоралари қўлланди, 18 та жиноят иши қўзғатилиб, тергов жараёнида ҳосилдор ерларни ишдан чиқарган шахс­лардан 636 млн. 300 минг сўм зарар ундириб олинди.

Ҳозир барча ҳудудларда ердан фойдаланиш аҳволини аэрокосмик тасвирга олиш тизими жорий қилинган, ушбу кузатув тизими уй қуришга ер ажратишда ҳам қўлланмоқда.

Ерни ноқонуний эгаллаш бўйича жавобгарлик чоралари кучайтирилди. Шу билан бирга, ерни ихтиёрий қайтарган ва унинг оқибатларини бартараф этган шахсларни жавобгарликдан озод қилиш тартиби жорий қилинди.

Жамшид АХМЕДОВ,

Самарқанд вилояти прокурорининг катта ёрдамчиси

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: