Home /   / Epни acpaш бapчaнинг бypчи

Epни acpaш бapчaнинг бypчи

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 июндаги «Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижроси прокуратура органлари томонидан қатъий назорат қилиб борилмоқда. Ерларни хатловдан ўтказиш, аниқланган қонунбузилишлар жойида бартараф қилинишини таъминлаш чоралари кўрилаяпти.

Ўтказилган хатловларда республика бўйича 34320 та ҳолатда 9626 гектар ер ўзбошимчалик билан эгаллангани, унинг 3801 гектарида ноқонуний қурилишлар қилингани аниқланди.

Бундан ташқари, хатлов давомида маҳаллий ҳокимлик­лар 2125 та ҳолатда 31501 гектар ерни қонун талабларини бузган ҳолда ажратиб бергани аниқланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5421-фармони билан ўтказилган умумхалқ акцияси доирасида қишлоқ хўжалиги ерларида қурилиши тугалланмаган биноларга ҳам мулк ҳуқуқи эътироф этиб юборилган. Масалан, Боғот тумани ҳокимлиги ва кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш комиссияси мансабдорлари бино қурилиши тугаллангани ҳақида сохта маълумотнома тузиб, мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича мурожаат қилмаган 10 нафар фуқаро номидан сохта мурожаат ташкиллаштириб, ҳокимнинг 1,2 гектар ердаги тураржойларга эгаликни белгилаш ҳақидаги 20 та қарорини чиқаришга эришгани учун жиноят иши қўзғатилиб, тергов олиб борилмоқда.

Қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги нобудгарчилигини қоплаш учун ҳисобланган 105,4 млрд. сўмлик зарар шу кунга қадар ундирилмаган. Шу жумладан, Жиззах (2,6 млрд. сўм), Наманган (4,2 млрд. сўм), Самарқанд (8 млрд. сўм), Сурхондарё (11,7 млрд. сўм), Андижон (18,7 млрд. сўм) ва Тошкент (55,8 млрд. сўм) вилоятларида зарар қопланмаган бўлса-да, ерлар фойдаланишга бериб юборилган.

Прокуратура органлари томонидан қонунбузилишларни бартараф қилишга қаратилган қатъий чоралар кўрилиб, айбдор шахсларнинг жавобгарлиги масаласи қонунда белгиланган тартибда ҳал қилинмоқда.

Хусусан, ноқонуний қурилган объектларнинг 20 846 таси (1838 га) бартараф этилди ҳамда 21029 та (3066 га) қурилмани мажбурий буздириш ҳақида судларга даъво аризалари киритилди. Туман (шаҳар) ҳокимларининг қонун ҳужжатларига зид бўлган 1994 та (30353 га) қарори прокурорларнинг протести асосида бекор қилинди ёки қонунга мувофиқлаштирилди.

Шунингдек, ўзбошимчалик билан эгалланган 6029 гектар ер захирага қайтарилди, захирадаги 385,8 минг гектар сувли ер жисмоний ва юридик шахс­ларга ажратиб берилди.

Ер билан боғлиқ қонунбузилишлар юзасидан 231 нафар мансабдор шахснинг жиноий жавобгарлик масаласи ҳал этилди. Жиноий жавобгарликка тортилганларнинг 2 нафари агроинс­пекция ва фермерлар кенгаши, 6 таси маҳаллий ҳокимлик, 8 нафари архитектура, 14 таси маҳалла, 61 нафари кадастр ходими, 72 таси фермерлардир. Масалан, Янгийўл тумани қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи З.Й. «Валиев инвест барака» фермер хўжалиги раҳбари Ш.В. билан жиноий тил бириктириб, хўжаликка тегишли 0,3 гектар суғориладиган ерни фуқароларга 38400 АҚШ долларига фирибгарлик йўли билан сотган.

Шундан сўнг З.Й. нопок йўл билан топган пулининг 8000 долларига уй ва ер сотиб олиб, ҳайдовчиси ва бўлим мутахассиси А.С. номига расмийлаштирган ҳолда жиноий даромадини легаллаштирган. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ўтказилмоқда.

Бундан ташқари, Қўшкўпир туманидаги «Янгибой боёвул» фермер хўжалиги раҳбари Х.И. хўжаликка тегишли 0,12 гектар суғориладиган ерни 5 нафар фуқарога 18500 долларга фирибгарлик йўли билан сотган.

Шунингдек, «Ермулккадастр» давлат корхонаси Асака тумани филиали бўлим бошлиғи Ў.Ю. ва Х.А. 2020 йилнинг 10 март куни фуқаро М.А.нинг хонадони кадастр ҳужжатини расмийлаштириб бериш ва «Қоратепа» МФЙ ҳудудида захирада турган 0,10 гектар ерни иссиқхона қуриш учун ажратиб бериш эвазига 12400 долларни ушбу фуқародан фирибгарлик йўли билан олаётган вақтда ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ўтказилмоқда.

Улуғбек Ахунов,

Бош прокуратура бошқарма прокурори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: