Home /   / Ep – дaвлaт мулки

Ep – дaвлaт мулки

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасида ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойлик эканлиги, улардан оқилона фойдаланиш зарурлиги ва улар давлат муҳофазасида бўлиши қайд этилган. Бухоро вилоятидаги 3384200 гектар ернинг 199100 гектари суғориладиган ерлар тоифасига киради. Унинг 186200 гектари 4836 та фермер хўжалигига узоқ муддатли ижарага берилган.

Вилоят прокуратураси органлари маҳаллий ҳокимликлар, соҳа мутахассисларини жалб қилган ҳолда ерларни хатловдан ўтказди. Бу жараёнда аниқланган қонунбузилишларни бартараф қилиш бўйича прокурор назорати тадбирлари олиб борилмоқда. Ҳозиргача 373 та ҳолатда 98,3 гектар ер ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани, 943 та ҳолатда 92,26 гектар ерда ноқонуний қурилиш қилингани, 8 та ҳолатда 14,1 гектар ер ноқонуний ажратилгани аниқланди.

304 та ҳолатда ўзбошимчалик билан эгалланган ерлар қайтарилиб, 107 та ноқонуний қурилиш бузилган. Судларга жами 841 та, шундан маҳаллий ҳокимликлар томонидан 643 та, прокурорлар томонидан 144 та даъво аризаси киритилди. Шунингдек, аризаларни сайёр судда кўришга асосий эътибор қаратилиб, 66 таси қаноатлантирилди.

Прокуратура органлари томонидан ҳокимларнинг ер ажратиш ҳақидаги ғайриқонуний қарорларини бекор қилиш ҳақида 8 та протест келтирилиб, 5 та жиноят иши қўзғатилди.

Хусусан, Когон туманидаги «Когон Тилав Кенжа» фермер хўжалиги раҳбари Аҳмад Кенжаев ва иш юритувчиси Чори Элов жиноий тил бириктириб, хўжалик ҳисобидаги 0,15 гектар ерни уй қуриш учун фуқаро Н.Қудратовга 14 млн. сўмга сотиб юборган. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов олиб борилмоқда.

Ердан самарали фойдаланилишини назорат қилувчи кадастр хизмати ходимларининг ўзи ерни талон-торож қилганини қандай изоҳлаш мумкин?! Мисол учун, «Ермулккадастр» Ғиждувон филиалининг бошлиғи Бахтиёр Амонов ва бош муҳандиси Собир Ҳафизов «Ражаб Турди Омад» фермер хўжалигининг 1,05 гектар ерини фуқаро У.Сафаровга ноқонуний равишда расмийлаштириб бергани учун жиноий жавобгарликка тортилди.

Шунингдек, ўзбошимчалик билан қурилган уйларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш жараёнида ҳам қонун бузилгани ачинарли ҳол. Масалан, Бухоро тумани Боғдашт ҳудуди экинзорнинг 0,13 гектарига фуқаро С.Ҳамроев ушбу фармон қабул қилинганидан кейин уй қурган бўлса-да, Бухоро тумани ишчи комиссияси, туман ер ресурслари хизмати ва қурилиш бўлими, Бухоро шаҳридаги «Лоша» МФЙ мансабдорларининг қонунга зид ҳаракатлари оқибатида Бухоро тумани ҳокимининг қарори билан мулк ҳуқуқи эътироф этилгани аниқланди. Протест асосида мазкур қарор бекор қилиниши билан бирга ҳолат юзасидан 2020 йил 27 январда жиноят иши қўзғатилди.

Ерга оид қонунбузилишларни бартараф қилишни жонлантириш мақсадида ҳар бир туман ва шаҳарда 20 нафар обрўли оқсоқоллар, депутатлар ва фаоллардан иборат жамоатчилик гуруҳи ташкил этилиб, алоҳида автобус бириктириб берилди. Улар қонунбузарлар билан учрашиб, тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб бормоқда.

Қаҳрамон Саломов,

Бухоро вилояти прокуратураси бўлим прокурори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: