Home / Тавсия этимиз / Энг улуғ неъмат

Энг улуғ неъмат

21 сентябрь – Халқаро тинчлик куни

Тинчлик, осойишталик иқтисодиётнинг жадал ривожланиши, аҳоли турмуш даражаси юксалиб боришининг етакчи омилидир. Уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бўлиб келмоқда. 

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ҳар йили нишонланадиган саналари қаторида яна бир кун бор. Бу 21 сентябрь — Халқаро тинчлик куни. Дастлаб 1981 йилнинг 30 ноябрида БМТ Бош ассамблеясининг 36-сессиясида Хал­қаро тинчлик куни деган сана таъсис этилганди. Унга мувофиқ сентябрнинг учинчи сешанбасида бу сана нишонлаб келинган. 2001 йилда ўтказилган 55-сессияда Бош ассамблея Халқаро тинчлик кунини  21 сентябрда нишонлаш бўйича махсус резолюция қабул қилди. Шу тариқа 2002 йилдан эътиборан мазкур сана ҳар йили нишонлаб келинмоқда.

21 сентябрь куни БМТнинг Нью-Йоркдаги штаб-квартирасида — Тинчлик қўнғироғи ёнида БМТ Бош котибининг мурожаатидан сўнг қўнғироқ чалинади ва бир дақиқалик сукутдан сўнг БМТ Хавфсизлик кенгаши раиси нутқ сўзлайди. Ушбу санада Бош ассамблея мамлакатларни ҳарбий ҳаракатлар олиб боришдан тийилишга даъват этади. Ҳар йили махсус шиор танланади. Масалан, “Тинчлик — Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг олий даъвати”, “Инсон ҳуқуқлари ва тинчликни сақлаш”, “Қуролсизланиш ва қурол-яроғни тарқатмаслик”, “Ёшлар — тинчлик ва тараққиёт тарафдори”, “Тинчлик ва демократия: ўз фикрингни билдир”, “Барқарор тараққиёт йўлида барқарор тинчлик” ва бошқа шиорлар шулар жумласидандир.

БМТ Бош ассамблеяси 1984 йил 12 ноябрда “Дунё халқларининг тинчликка бўлган ҳу­қуқ­лари тўғрисида”ги декларацияни қабул қилди. Мазкур ҳужжатнинг кириш қисмида БМТнинг бош мақсади халқаро тинчлик ва хавфсизликни қўллаб-қувватлаш, халқаро ҳуқуқнинг ташкилот низомида белгиланган асосий тамойилларидан келиб чиқиб ва барча халқлар хоҳиш-иродасини акс эттириб, инсоният ҳаётида урушни бартараф этиш, энг аввало дунёда ядро ҳалокатининг олдини олиш эканлиги баён этилган. Шунингдек, маз­кур ҳужжатда халқларнинг тинч ҳаётини таъминлаш ҳар бир давлатнинг муқаддас бурчи эканлиги ҳам белгилаб қўйилган. Гарчи декларацияда тинчликни сақлашга қаратилган чора-тадбирлар белгиланган, давлатлар ўз сиёсатини уруш билан боғлиқ таҳдидларни бартараф этишга йў­налтириши талаб этилган бўл­са-да, қарама-қаршиликлар, низолар, катта-кичик урушлар ҳамон давом этмоқда.

1999 йилнинг 13 сентябрида Бош ассамблея 53/243-резолюция билан Тинчлик маданияти декларациясини қабул қилди. Юқорида қайд этилган ҳужжатлардаги талаб ва тавсияларни ўқиб, уларнинг ҳеч бўлмаганда ярмига риоя қилинганда ҳам мусаффо осмон узра уруш булутлари тез-тез соя солмасди деган фикр ўтади хаёлингдан.

Айрим мамлакатларда юз бераётган воқеаларни кузатиб дунёнинг ишларига синчков бўлиб қоларкансан киши. Бундай кузатувлар ҳар биримизни кунда, керак бўлса, ҳар соат, ҳар дақиқа огоҳ бўлиб яшашга ундайди. Буни айниқса тинчликни энг муқаддас, энг тотли туйғу деб биладиган одам яхши билади. Негаки, айрим давлатларда бир тўда “устомон сиёсий арбоблар” уюштираётган “ўйин”лар оқи­батида баъзи мамлакатлардаги сиёсий вазият кескин ўзгариб кетаётган, урушлар, қон тўкишлар авж олиб турган бир пайтда соғлом фикрли одам бу ишларнинг менга дахли йўқ деб айта оладими? Йўқ, албатта. Нега деганда, дунё тажрибаси айнан шундай хаёлга борган, таъбир жоиз бўлса, ўзига ортиқча ишониб юборган мамлакатда кутилмаган ишлар юз бериб, бутун бошли халқнинг тақдири савол остида қолаётганига ОАВ орқали гувоҳ бўлаяпмиз.

Ўзбекистоннинг ўта муҳим геосиёсий минтақада жойлашгани, Буюк ипак йўли айнан юртимиздан ўтгани, бой геологик захиралар ва ишлаб чиқариш имкониятларига эгалиги, шунингдек, ҳар хил ташқи кучлар томонидан рағбатлантириб келинаётган, ички можаро авж олган Афғонистон билан чегарадошлик бизни янада ҳушёр бўлишга ундайди.

Шу боис мамлакатимиз мудофаасини мустаҳкамлаш масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Ҳарбий соҳадаги ислоҳотлар натижасида сон жиҳатидан ихчам, замонавий, ҳар қандай синовларга тайёр Қуролли кучларимиз шаклланди. Ҳарбийлар тили билан айт­ганда “Ким ўз армиясини боқишни истамаса, ўзга давлат армиясини боқишга мажбур бўлади”. Ҳарбийларимизнинг оилалари уй билан таъминланмоқда. Аскарларнинг моддий таъминоти яхшиланаяпти.

Хўш, нима учун бугун тинчлик ҳақида ҳар қачонгидан кўра кўпроқ гапирилмоқда? Бу саволга ҳаётга теран нигоҳ билан қарайдиган, кечаги кун билан бугуннинг орасидаги жуда катта фарқни ажрата оладиган, бир сўз билан айтганда, ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотган ҳар бир инсон жавоб бера олади. Ҳаммамизга аёнки, шу кунгача нимага эришган бўлсак, айнан тинчлик туфайли эришганмиз. Нимаики эзгу ният қилган бўлсак, ҳар бирига босқичма-босқич етишаяпмиз десак, сира янглишмаган бўламиз.

Юртимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлашнинг самарали тизими яратилди. Ўзбекистон Конституцияси, “Мудофаа тўғрисида”ги, “Терроризмга қарши кураш тўғрисида”ги, “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг миллий хавфсизлик концепцияси тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолияти концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ва бошқа қатор қонунлар мамлакатимизда тинчлик ва барқарорликни таъминлашнинг, фуқаролар, турли миллатлар ва элатлар ўртасидаги аҳилликнинг ҳамда осуда ҳаётимизнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилмоқда.

Айнан мамлакатимиздаги тинчлик сабаб бозор иқтисодиётига асосланган очиқ демократик давлат ва фуқаролик жамияти барпо этиш йўлидан дадил одимлаяпмиз. Халқимиз шукур қилиб яшашга одатланган. Бу муқаддас туйғу бизга ота-боболаримиздан мерос. Қарияларимиз қаерда бўлмасин дуога қўл очар экан, аввало тинчлик бўлсин, омонлик бўлсин дея ният қилади, Яратгандан шуни сўрайди. Бу икки сўз халқимизнинг қон-қонига, суяк-суягига сингиб, бебаҳо қадриятга айланиб кетган.

“Бизда ҳамма тенг ҳу­қуқ­ли”, “Совет халқининг ҳо­зирги авлоди коммунизмда яшайди” дейилган шўро ҳукумати даврида, яъни 1980-йилларнинг ўрталарида “пахта иши”, “ўз­беклар иши” оқибатида қанчадан-қанча бегуноҳ одамларнинг ёстиғи қуриди, бегуноҳ оилаларнинг аччиқ ва аламли кўз ёшлари тўкилди. Масалан, биргина Қашқадарё вилоятида “пахта иши” бўйича уч минг­дан зиёд одам ҳибсга олинган. Агар бу рақамларни республика миқёсида оладиган бўлсак, коммунизм деган “беғубор сиёсат”нинг тагида аслида қанчалик зулм ва зўравонлик, азоб-уқубат ётгани аниқ-равшан кўринади. Бас, шундай экан, ўша кунларни қўмсаш у ёқда турсин, ҳатто қорасини ҳам кўрмай дея бугунги фаровон ҳаёт, тинчлик деган азиз неъмат учун юракдан шукрона айтмаслик мумкинми? Мана нима учун бугун тинчлик ҳақида кўп гапираяпмиз, танлаган йўлимиздан ҳеч қачон қайтмаймиз дея қатъий ишонч билан айтаяпмиз.

9 май — Хотира ва қадрлаш куни арафасида уруш қатнашчилари билан учрашувларда ёшларга медаллиларга ҳавас қилишни эмас, балки ватанни асрашни, тинчликнинг қадрига етишни ўргатишимиз керак. Улар уруш қатнашчиларининг кўкрагидаги орден ё медалга эмас, қалбидаги жароҳатга қарасин, улар сиз билан бизнинг тинч яшашимиз учун жанг­гоҳларда жон олиб, жон берганларини тушуниб етсин.

Мамлакатимиздаги тинчлик сабаб бугун бозор иқтисодиётига асосланган очиқ демократик давлат ва фуқаролик жамияти барпо этиш йўлидан дадил одимлаяпмиз. Бугунги кунда мамлакатимизнинг ялпи ички маҳсулоти 2000 йилга нисбатан 3,1 баробар, аҳоли жон бошига ҳисоблаганда 2,6 карра ўсгани, экспорт ҳажми 4,4 баробар ошгани замирида ҳам бебаҳо неъмат — тинчлик ётади.

Ҳа, мамлакатимиздаги тараққиёт, фаровонлик ва обод­ликни тинчликдан айро тасаввур қилиб бўлмайди. Хал­қимиз тинчликсевар, сиёсатимиз эса тинчликпарвардир. Демак, энг буюк бойлигимиз — тинчликни асрашга ҳар биримиз масъулмиз. Зеро, ҳаётнинг ўзи содир бўлаётган урушлар, уяси бузилган қуш янглиғ ҳузур-ҳаловатини йўқотган, киндик қони томган ватанидан айрилиб, сарсон-саргардон юрган минг­лаб қочоқлар қисмати инсонларни тинчликка чақириқ энг улуғ халқаро тинчликни қадрлашга чорламоқда.

Норбўта ҒОЗИЕВ,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: