Home / Тавсия этимиз / Энг муҳим ўзгариш — одамлар тафаккурида бўлган ўзгариш

Энг муҳим ўзгариш — одамлар тафаккурида бўлган ўзгариш

Бу йил республикамиз давлат мустақиллигини қўлга киритганига 28 йил бўлди. Бу — жафокаш халқимиз ҳаётида улкан тарихий воқеа эди. Бу — миллионлаб юртдошларимиз қалбидаги энг муқаддас орзунинг рўёбга чиқиши, бу бир пайтлар ҳуррият учун курашиб, Ватан озодлиги юракларида армон бўлиб қолган не-не эрксевар инсонлар кутган қутлуғ кун эди. Ва яна бу Биринчи Президентимиз Ислом Каримов жасорат кўрсатиб, улкан масъулиятни зиммасига олган кун эди. Негаки, ниҳоятда таҳликали, воқеалар қандай кечишини олдиндан айтиш қийин бўлган бир даврда ана шундай қарорга келиш осон эмас эди. Ахир жонсиз кўринган заҳарли илон — умри поёнига етиб бораётган мустабид тузум кутилмаганда ҳамла қилиб қолиши ҳам ҳеч гап эмас эди-да.

Ўзбекистон мустақиллиги 1991 йил 31 август куни расман эълон қилинган бўлса-да, аслида истиқлолнинг тамал тоши олдинроқ қўйилган. «Пахта иши» билан боғлиқ қатағон азоблари давом этаётган, совет тузуми ҳали қиличини ўйнатиб турган бир пайт­да республикамиз аҳолисининг турмуш даражасини яхшилаш мақсадида 1989 — 1990-йиллар мобайнида 1,5 миллиондан зиёд оиланинг томор­қа ерлари кенгайтирилиши, 700 минг­та янги оиланинг томорқа билан таъминланиши, 1989 йилда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши, Наврўз байрамининг қайта тикланиши, Рамазон ва Қурбон ҳайитларининг умумхалқ байрами — дам олиш куни деб эълон қилиниши, собиқ иттифоқ ҳудудида илк бор Ўзбе­кис­тонда президентлик бошқарувининг жорий этилиши, 1990 йил 20 июлда Мустақиллик декларациясининг қабул қилиниши истиқлолимиз учун замин яратган эди.

Мамлакатимиз мустақил деб эълон қилингач, Ўзбекистон ССР Ўзбекистон Республикаси деб қайта номланди ва жаҳон харитасида тенг ҳу­қуқли, янги суверен давлат пайдо бўлди. «Ўзбекис­тон Республикасининг давлат мус­тақиллиги асослари тўғрисида»ги конс­титуциявий қонун қабул қилинди. Шу тариқа мамлакатимизда қонун устувор бўлган ҳуқуқий демократик давлат асосларини барпо этишга киришилди.

Маълумки, ҳар бир давлатнинг суверенитети, миллий давлатчилиги, фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликлари, ҳаёт тарзи, қонунчилигининг моҳияти Конституцияда ўз аксини топади. Ана шу энг муҳим ҳужжатга қараб у ёки бу мамлакатнинг қиёфасини, тараққиётнинг қайси йўлини танлаганини тасаввур этиш мумкин. Ўзбекистоннинг шундай Конституцияси ишлаб чиқилдики, у юртдошларимизга ҳар жиҳатдан манзур бўлиш билан бирга, дунё ҳамжамияти томонидан ҳам эътироф этилди. Чунки Асосий қонунимиз жаҳон андозаларига тўла жавоб берадиган, инсон қадр-қиммати юксак даражада улуғланган ҳужжат бўлди. Масалан, Конституциямизнинг 12-моддасида шундай дейилган:

«Ўзбекистон Республикасида ижтимоий ҳаёт сиёсий инс­титутлар, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривожланади. Ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмас».

Ваҳоланки, собиқ тузум даврида амалда бўлган Конс­титуциянинг бутун мазмун-моҳияти коммунистик тузумни, коммунис­тик мафкурани улуғлашга қаратилган эди. Бу тузум, бу мафкура қанчадан-қанча халқларнинг бошига турли-туман кулфатлар солганига тарих гувоҳ. Конститу­ция­мизнинг 13-моддасида «Ўз­бекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади» дейилган. Ана шу олий қадрият 28 йил мобайнида қабул қилинган барча қонунларимизнинг мазмун-моҳиятига сингиб кетган.

1992 йилнинг 2 марти ҳам Ўзбекистон ҳаётида муҳим ўрин тутади. Шу куни мамлакатимиз энг нуфузли халқаро ташкилот — Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлган эди. Бу юртимизнинг дунё ҳамжамиятидаги мавқеини ошириш сари ташланган яна бир қадам бўлди. Мамлакатимиз ана шу ташкилот ва унинг Тараққиёт дастури, Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО), Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ), Жаҳон соғ­лиқни сақлаш ташкилоти каби қатор таркибий тузилмалари билан самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини чинакамига ҳимоя қилиш суд-ҳуқуқ соҳасида ҳам кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишни тақозо этарди. Шу боис бу соҳага алоҳида эътибор қаратиб келинаётгани, айниқса, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида жуда муҳим таклифлар билдирилгани бежиз эмас. Концепция асосида мамлакатимизда ўлим жазосининг бекор қилиниши ҳамда қамоққа олишга санкция бериш ҳуқу­қининг судларга ўтказилиши халқимизга хос бағрикенглик ва инсонпарварлик фазилатларининг яна бир намойиши бўлди. Бу бутун дунёда эътибор ва қизиқиш уйғотди.

Осойишта ҳаётимизнинг ишончли пос­бони бўлган миллий армиямизнинг шакл­ланиши ўтган даврда эришилган асосий муваффақиятларимиздан биридир. Ўзбекистон ўзининг ҳудудий яхлитлигини сақлашга, ўзини-ўзи мудофаа қилишга қодир давлатга айланди. Ҳарбий соҳада амалга оширилган ислоҳотлар натижасида сон жиҳатидан ихчам, замонавий, ҳар қандай синовларга тайёр Қуролли кучларимиз шаклланди.

Ўтган йиллар мобайнида юртимиз улкан ютуқларни қўлга киритди. Мамлакатимиз шаҳар ва қишлоқларининг қиёфаси бутунлай ўзгариб, жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузи тобора юксалиб бормоқда. Асрларга татигулик бундай ўзгаришларни Қашқадарё вилояти мисолида ҳам кўриш мумкин. Бу ерда республикамиздаги гигант корхоналардан бири — Шўртан газ-кимё мажмуи барпо этилди. Муборак газни қайта ишлаш заводида янги қувватлар, Таллимаржон иссиқлик электр станциясида янги блоклар ишга туширилди. Тошгузар — Бойсун — Қумқўр­ғон темирйўл линияси қурилиб, фойдаланишга топширилди. Деҳқонобод калий заводи бунёд этилди, Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларига «Афросиёб» тезюрар поезди қатнови йўлга қўйилди.

Ўзлигимизни англаш, маънавий-маданий соҳадаги ишларни айтмайсизми: Шаҳрисабз ва Қарши шаҳарларининг 2700 йиллиги кенг миқёсда нишонланиши, Шаҳрисабзда соҳибқирон бобомиз Амир Темурга ҳайкал ўрнатилиши, Қаршида «Эл-юрт таянчи» монументи барпо этилиши, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан ўтган йили Шаҳрисабзда биринчи халқаро мақом санъати фестивалининг ташкил этилиши… Айтинг-чи, илгари нега бундай ривожланиш ва тараққиётга эришмаганмиз? Чунки мус­тақил эмас эдик. Марказнинг рухсатисиз ҳеч нарсани амалга ошириб бўлмасди. Марказ эса мустамлака юртга бундай имкон бермас эди.

Россия империяси мафкурасининг мақсади миллий маданиятларни камситиш, уларни йўқ қилиш, булар натижасида мус­тамлака халқларнинг ўзлигини англаш жараёнини тўхтатишдан иборат эди. Хивага юришида фон Кауфманга ҳамроҳлик қилган шарқшунос Александр Кун 300 дан ортиқ Шарқ қўлёзмаларини император кутубхонасига топширган. 1895 йилда Николай Веселовский раҳбарлигидаги экспедиция Амир Темур мақбарасидан ўймакор эшикни кўчириб олиб, Петербургга юборган. Ўзбекистонлик тарихчи Борис Луниннинг ҳисоб-китобларига кўра, Россия хазиналарига 1865 йилдан 1917 йилгача 3000 та Шарқ қўлёзмаси ташиб кетилган. 1915 -1916-йилларда шарқшунос Борис Иванов Бухоро мадрасалари ва вақф кутубхоналаридан 1125 та ноёб қўлёзмани олиб, Россия ва Европанинг кўплаб музей ва кутубхоналарига сотиб юборган.

Қадимги миллий-маданий бойликларни ташиб кетиш сиёсати шўро тузуми даврида янада авж олган. Ҳаваскор-археолог Жозеф Кастанье ўзи тўплаган нодир ёдгорликларнинг катта қисмини Эрмитажга, энг яхшиларини эса Парижга олиб кетган. Унинг мамлакатимиз маънавиятига етказган зарари 500 дан ортиқ нодир қўлёзма ва буюмлардан иборат эди. 1920 йил сентябрь ойида Бухоро хонлиги хазинасидаги олтин, кумуш буюмлар, ёдгорликлар ва пуллар 13 та вагонга ортилиб, Петербургга жўнатилган. Петербургдаги СССР халқлари этнографияси музейи ходими С.Рудин саккиз йил давомида 4000 дан ортиқ асори-атиқани ташиб кетган.

Фақат мустақилликкина хал­қимизга эркин нафас олиш, ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини берди. Мустақил тараққиёт йилларида юртдошларимиз турмуш тарзида жуда катта ўзгаришлар содир бўл­ди. Бироқ энг муҳим ўзгариш одамларнинг тафаккурида бўлган ўзгаришдир. Дунёқарашлар ўзгарди, интилиш ва ҳаракатлар ўзгарди, одамларнинг сиёсий фаоллиги ошди, онгу тафаккури юксалиб, атрофда бўлаётган барча воқеа ва ҳодисаларга дахлдорлик туйғуси, эртанги кунга ишончи ортиб бормоқда.

Президентимиз шу йил 8 июлда «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 28 йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорни имзолади.

«Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!» деган бош ғояни ўзида мужассам этган маърифий тадбирлар ҳамда тар­ғибот ишлари дастурида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси, шунингдек, «Фа­ол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» Давлат дастури, «Обод қиш­лоқ», «Обод маҳалла», «Ҳар бир оила — тадбиркор», «Ёш­лар — келажагимиз» каби дастурлар ва Президентимизнинг бешта муҳим ташаббуси доирасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг маъно-мазмуни ва руҳи мужассам этилишига алоҳида эътибор қаратилди.

Қарорни кенг тарғиб қилиш мақсадида аҳолининг турли қатламлари ўртасида маърифий учрашувлар, очиқ мулоқотлар, адабий-бадиий кечалар, долзарб мавзулар бўйича фикр алмашувлар, маданий тадбирлар ўтказилиб, уларга таниқли олимлар, ижодкор зиёлилар ва санъаткорлардан иборат тарғибот гуруҳлари жалб этилди.

Ҳа, такрор бўлса ҳам айтамизки, истиқлолнинг нурафшон йўли туфайли биз улкан ютуқларга эришдик. Шунинг учун ҳам мустақилликка эришган санамиз — 1 сентябрни тўлиб-тошиб, катта қувонч билан нишонлаймиз ва бу байрамни ҳақли равишда энг улуғ, энг азиз дея мадҳ этамиз.

Норбўта ҒОЗИЕВ,

                                                            «Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: