Home /   / Экилгaни эмac, кўкapгaни ҳиcoб

Экилгaни эмac, кўкapгaни ҳиcoб

Ўсимликлар дунёси ҳаёт учун зарур кислороднинг асосий манбаидир. Тадқиқотларга қараганда, бир гектар ердаги дарахтлар бир кеча-кундузда 220-275 килограммгача карбонат ангидрид газини ютиб, 180-215 килограмм кислород ажратар экан.

Бу миқдор ўртача 500 кишини кун давомида кислород билан таъминлашга етади. Маълумотларга кўра, тўртта дарахт бир кишининг кислородга бўлган кунлик эҳтиёжини қондиради. Буни бежиз келтирмадик. Хўш, шундай экан, мамлакатимизда яшил майдонлар яратиш, дарахтларни муҳофазалаш бўйича ишлар қандай бораяпти?..

Ҳар йили баҳорда мамлакатимиз бўйлаб миллионлаб мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилади. Бу яхши анъана, албатта. Бу йил дарахт экиш мавсуми 20 февралдан бошланганидан кўпчилигимиз хабардормиз. Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг хабарига кўра, бу йил 205 миллионта дарахт кўчати экиш режалаштирилган.

Гувоҳи бўлганингиздек, ўтган йилларда ҳам шу каби миллионлаб кўчатлар яхши ният билан ерга қадалган. Аммо уларнинг қарови-чи? Улар тутиб кетдими, кўкардими, парваришига кимдир эътибор бераяптими? Мана шу жиҳатлар, очиғи, кўпинча эътибордан четда қолиб кетаётгани ҳам айни ҳақиқат. Ваҳоланки, экиш мавсумида қанча техника, куч, маб­лағ сарфланади?! Мақсад яшил ҳудудларни кўпайтиришми ёки шунчаки «Фалон жойга фалонча ниҳол қададик» дея овоза қилишми? Агар йиллар давомида экилган кўчатлар вақтида суғорилиб, агротехник талаблар асосида парвариш­ланганда эди, аллақачон юртимизнинг асосий қисми яшилликка бурканган, ўрмонзорга айланган бўларди. Лекин ундай бўлмади. Қани ўша манзара?

Бир пайтлар чорвачиликдан анча йироқ бўлган бир дўстим мендан «Тўртта бузоқ олдим, қанча боқсам, қанча фойда қиламан?» деб сўраган эди. «Қорамолни олиб оғилга бойлаб қўйганинг билан у ўз-ўзидан семирмайди, уларни меъёри билан боқиб, иссиқ-совуғидан доим хабардор бўлиб турсанггина фойдасини кўрасан» деганимда у «Шунча одам боқаяпти, мен эплай олмас эканманми?» деб мендан бироз хафа бўлди. Орадан бир неча ой ўтди. Дўстлар билан йиғилиш­ларнинг бирида у мени четга тортди ва «Тўғри айтган экансан. Қарасанг бўлар экан, менда эса уларга яхшилаб қараш учун имконият бўлмади. Оқибатда тўртовини қайтиб бир неча юз минг сўм зарарига сотдим» деди.

Дарахт ниҳолларини ҳам ҳар ким ерга қадаб кетаверади, аммо унга боғбонлик қила олмас экан, фойда эмас, аксинча, зарар кўради. Мана неча йилдирки, фалонча дарахт экдик деб бонг урилади. Аммо ҳар баҳорда такрорланадиган бу эзгу ишларнинг давоми билан ҳеч ким қизиқмайди. Энди ўйлаб кўринг, шунча йиллардан буён ўтқазилган ниҳолларнинг ярми кўкартириб олинганда ҳам диёримизда қандай гўзал манзара бунёд бўларди? Бироқ бунинг учун ура-ура қилиб кўчат экаётган мутасаддилардан озгина эътибор, бошқалардан эса фидойилик, жонкуярлик талаб этилади.

Эътибор берган бўлсангиз, Чорвоқ сув омборининг чап тарафидан юқорига қараб, Сижжак қишлоғи томон юрганингизда йўлнинг икки томонидаги қовжираб ётган қирларга бир неча йил аввал турли манзарали дарахт кўчатлари экилганди. Улар меҳр билан парвариш қилингани учун бир текис униб, баравж ривожланаяпти. Агар эътибор шундай давом этса, бир неча йилдан кейин гўзал манзарага гувоҳ бўласиз. Бундай эзгу ишларни оммалаштириш керак.

Аксарият ҳолларда турли акция ва тадбирлар уюштирилиб, кўчат экишга бел боғланади-ю, аммо ниҳолни кўкартириш учун ҳафсала қилинмайди. Оқибатда қанчадан-қанча ниҳоллар илдиз отмай, қуриб қолади. Бизнинг иқлимда сув ташиб ёки танасига сув тўлдирилган баклажка илиб қўйиб кўчат суғориш билан ҳеч қачон натижага эришиб бўлмайди. Шу боис ҳам аввало дарахт экилган ҳудудларнинг суғориш тизимини яхши йўлга қўйиш керак. Қолаверса, ҳар бир дарахтни суғурталаб, гуллаб-яшнаб кетиши учун шароит яратиш зарур. Бунинг учун эса ўша ҳомий ташкилотлар ўн мингта кўчат экишмасин, ярмини, балки учдан бир қисмини экишсин, аммо шу ниҳолларни суғориш тизимини ҳам қилиб беришса, савоб ишни охиригача қилган бўлишади. Ёки умумфойдаланувдаги ҳудудлар ва автомобиль йўллари ёнига экилган кўчатларни кўкартиришни шартнома асосида, маълум ҳақ эвазига ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш билан шуғулланадиган хусусий фирма ва МЧЖларга бириктириб қўйиш керак. Шундай қилинса, ҳар бир экилган дарахт учун жавобгар шахс пайдо бўлади.

Дарахт ниҳоллари экиш билан боғлиқ яна бир муаммо борки, бу ҳар йили давлат ғазнасидан миллионлаб маблағнинг ҳавога учиб кетишига сабаб бўлмоқда. Бир неча йил аввал хориждан хилма-хил кўп йиллик буталар билан бирга, турли манзарали дарахт кўчатлари олиб келиб экиш анъанага айланди. Бу билан ҳудудларимиз кўркига кўрк қўшувчи дарахтлар сони кўпайди. Аммо масаланинг иккинчи томони ҳам борки, бу қимматбаҳо кўчатлар тўғридан-тўғри хориждан келтирилгани боис иссиқ иқлимимизга мослашиб кетиши қийин кечмоқда. Уларни сақлаб қолиш учун қанчалик ҳаракат қилинмасин, кўп ҳолатларда натижага эришиб бўлмаяпти. Саратон, кутилмаган жазирама барибир бу ноёб дарахтларга таъсирини ўтказмай қолмаяпти. Хусусан, Қрим арчаси, Қрим қарағайи, каштан, эман, Шарқ туяси, япон софораси, каталпа, заранг, акация, шумтол, лола дарахти каби намчил ва мўътадил минтақаларда ўсадиган дарахтларни бизнинг иқлимимизда парваришлаш жуда катта эътибор ва кўп сув талаб қилади.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, эман, каштан, лола дарахти шўр ва зах тупроқда умуман кўкармайди. Ёки биз аксарият ҳолатларда магистраль йўл ёқаларига, яъни шағалли ерларга Қрим қарағайи экамиз. Бу дарахт эса бундай шароитда кўкариб кетиши жуда мушкул. Шунинг учун ҳам у ҳар қанча парвариш қилинмасин, саратонда қуриб қолаверади. Шу боис аввало туман ва шаҳарлар иқлимидан келиб чиқиб экиладиган дарахт турларини аниқлаб олиш керак. Майли, пойтахтдаги ноёб дарахтлар вилоятларда бўлмасин ёки вилоятдаги чиройли дарахтларни пойтахтда учратмайлик, лекин барча ҳудудларимиз яшилликка бурканиб, баҳаво бўлишига нима етсин.

Айни вақтда республикамизнинг ҳар гўшасида, ҳар қадамда янги иморатлар қурилаётганидан кўзингиз қувнайди. Бироқ бугун деярли қайта қад ростлаётган шаҳарларда яшил майдонлар йил сайин қисқариб бормоқда. Деярли барча ҳудудларимиздаги хиёбонлар, кўчалар ёқасидаги навқирон дарахтлар аёвсиз кесилиб, ўрнига на мева, на салқин берадиган дарахтлар экилди. Одамлар жазирамада мазза қилиб, салқинлаб дам оладиган жойлар экзотик буталар, дарахтлар билан безатилди. Кўп йиллик дарахтлар кесиб ташланиб, янги кўриниш олган аксарият кўча ва хиёбонларда иссиқ кунлари қуёш нуридан паналашга жой йўқ. Бутасимон ва пакана дарахтлар соясига бош суқиш, афсуски, бефойда.

Демак, ҳар йили номигагина дарахт экиб, кейин уни ўз ҳолига ташлаб қўйиш «анъанаси»дан воз кечиб, ҳар туп кўчатга эътиборли бўлиш, ўрмон ва дарахтзорларни кенгайтириш орқали тоза ҳаво учун курашиш ташаббусини қўллаб-қувватлаш лозим. Яшил майдонлар яратишга ҳар биримиз ҳисса қўшмоғимиз керак. Айниқса, ёшларимиз ўртасида экологик маданиятни кенг тарғиб қилиш, улар қалбида табиатга нисбатан меҳр уйғотишда ибрат кўрсатишимиз зарур. Шундагина кўзланган мақсадга эришилади, юртимиз боғларга бурканади.

Камолиддин АСҚАРОВ,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: