Home / Жиноят ва жазо / Эгриқўл уста

Эгриқўл уста

Шундай ривоят бор:

Бир ўғри қанча вақт мобайнида тунлари яширин йўл (лаҳм) ковлаб, мамлакат хазинасини ўмармоқчи бўлибди. Не-не машаққат ва заҳматлар эвазига мақсадига эришиб, олтин-жавоҳирларни қопга жойлаб, орқалаб кетмоқчи бўлиб турганида, тун қоронғусида кўзига ярақлаб кўринган нарсани олмос деб ўйлабди ва уни ҳам олишга аҳд қилиб, ялаб кўрсаки, туз экан.

«Бу ердан туз тотдим, шу туз ҳаққи хазинани ўмариб кетолмайман», дея ҳеч нарса олмасдан чиқиб кетган экан…

Ушбу ривоятни келтиришимиз боисини қуйидаги тафсилот билан танишгач, англаб етишингизга аминмиз.

Азимжон Юлдашев устачилик, қурилиш ишлари-ю, унча-мунча кундалик юмушларни уддалай оларди. 2018 йилнинг баҳорида Чортоқнинг «Бодомзор» маҳалласида яшовчи Фозилжон Жўрабоев уйига шундай кундалик юмушларни бажариш учун келган Азимжоннинг қўли ишда бўлса-да, кўзлари атрофга олазарак боқиб, «олма-кесак терарди».

Тирикчилик важидан ҳалол меҳнат қилиб, ризқ-насиба топиш ниятида келган одамнинг фикру хаёли фурсатини топиб хонадонни шип-шийдам қилиш эканини эса, табиийки, хонадон эгалари хаёлларига ҳам келтиришмасди.

Оласи ичида бўлган кимса буни айни муддао деб билди-ю, дастлаб хонадон соҳибларининг уйда йўқлигидан фойдаланиб, 120 минг сўмлик «Скор» номли ўсимликлар парваришида қўл­ланиладиган дори воситасини, кейинроқ дарвозахонадаги 10 метр кабел ҳамда 1 қоп «селитра»ни «туя қилиб», пуллаб юборди.

Қарасаки, ушбу хонадон нақ хазинанинг ўзи. Уй эгалари буни пайқашмаяпти ҳам. Бундан қувонган эгри қўл уста май ойи бошларида бу ердан 300 минг сўмлик «дрелл», бозор баҳоси      1 миллион сўм бўлган 2 дона «Болгарка»ни, орадан бир неча кун ўтгач, ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, уй соҳиби қишки кийими чўнтагига яшириб қўйган 100 АҚШ доллари ҳамда 200 минг сўм пулни, ҳовлидаги 2 дона товуқни ўмариб кетиб, пуллаб юборди. Нав­батдаги «ов»да эса меҳмонхонага «юриш» қилиб, эшикни бузиб кирди ва 1 миллион сўмлик чинни идишларни пақирга солиб чиқиб кетди.

«Узоққа кў­тариб юраманми?», деган ўйда бу галги «ўлжа»ни айнан шу «Бодомзор» маҳалласида яшовчи бир аёлга сув текинга — 105 минг сўмга пуллаб, жуфтакни ростлади.

Айтиб ўтганимиздек, «Одамнинг оласи — ичида», деганда минг бора ҳақ эди ота-боболаримиз. Ҳалол, меҳнаткаш, юмушларни бажариб, ҳам менга нафи тегади, ҳам оиласи, рўзғорига ҳалол ризқ-насиба олиб боради, деб олиб келинган устанинг қўли эгри бўлиб чиқишини ким ҳам хаёлига келтирарди?!

«Бодомзор» маҳалласидаги ҳовли соҳиблари ҳам шу хаёлда эдилар. Куймаланиб, ўз юмушларини бажариб юрган устадан асло шубҳага боришмасди.

Нафси ҳакалак отган уста қиёфасидаги ўғри эса янгидан-янги режалар устида ишларди. Май ойи охирларида экинларга «селитра» солиш важидан укасининг уйига келган Фозилжоннинг акаси қарасаки, минерал ўғитнинг бир қопи йўқ. Шундан сўнг устанинг хатти-ҳаракатларини зимдан кузата бошлаган уй соҳиби Азимжондан бу ҳақда сўради. «Йўғ-э, уйингизда ишлаб юриб, тузингизни тотиб, ўғирлик қилармидим?!»,  дея жавоб берди у.

Аслида ҳам туз-намак тотган одамларнинг шундай қинғирликларга қўл уришига ишониш қийин эди. Аммо бу ўғирликларни устадан бошқа ҳеч ким қилиши мумкин эмасди. Ахир ҳовлига фақат у кирганди, холос. Шунинг учун Фозилжон уни қайта-қайта сўроққа тутавергач, бари ошкор бўлди.

У ўғри устанинг кирдикорлари устидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига мурожаат этди. Тергов ва суд жараёни барча ҳолатларга ойдинлик киритди. Ҳаттоки, айрим йўқолган нарсалар сотиб олган харидорлардан қайтариб олиб келинди ва эгасига топширилди. Шу тариқа туз тотган хонадонини ўмаришни одат қилган инсофсиз ўғри суд ҳукми билан тегишли жазога тортилди.

Дамиржон УСАНОВ,

Тўрақўрғон туман прокуратураси терговчиси

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: