Home /   / Эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш узлуксиз жараён

Эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш узлуксиз жараён

Коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият дунёда ҳам, мамлакатимизда ҳам мураккаблигича қолмоқда. Айниқса, кейинги пайтларда инфекцияга чалинганлар сонининг кескин ошаётгани, бу касалликнинг аҳоли орасида ҳам тарқалаётгани барчани бирдек ташвишга солиши табиий.

Албатта, мамлакатимизда бу офатнинг таъсирини юмшатишга қаратилган чора-тадбирлар ўз самарасини бермоқда. Ушбу чоралар доирасида эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар эса бу тоифадаги оилалар учун барқарор тирикчилик манбаларини яратиш, уларнинг тадбиркорлигини йўлга қўйиш, шу тариқа камбағалликни қисқартиришда муҳим аҳамиятга эга бўлаяпти.

Хусусан, қисқа муддатда кўрилган чоралар натижасида прокурорлар секторларида рўйхатга олинган қарийб 104 мингта эҳтиёжманд оиланинг 20 минг 100 нафардан зиёд аъзоси доимий, 30 минг 710 нафардан ортиғи эса мавсумий ишга жойлаштирилди.

Қарийб 3000 та эҳтиёжманд оилага иссиқхона қуриб берилди, 4800 дан зиёд оилага эса бозорбоп ва биринчи навбатда зарур бўлган маҳсулотларни етиштириш учун ер ажратилди.

Шунингдек, барча эҳтиёжманд оилаларга озиқ-овқат ва зарур дори-дармонлар мунтазам етказилмоқда. Бу оилаларга пул кўринишида берилган ёрдамлар эса деярли 20 млрд. сўмга етди.

Бундан ташқари қатор оилалар чорва, парранда, асалари уялари каби тирикчилик учун зарур бўлган воситалар билан таъминланди. Натижада бугунги кунга келиб ижтимоий аҳволи яхшилангани сабабли прокурорлар секторидаги эҳтиёжманд оилаларнинг 45 фоизини камбағаллар рўйхатидан чиқариш учун асослар пайдо бўлди.

Эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш узлуксиз давом этиши шарт бўлган жараёндир. Бинобарин, 22 июнь куни Бош прокуратурада ўтказилган селектор йиғилишида прокурор секторларида бу борадаги ишларни кучайтириш, самарадорликни ошириш масалалари танқидий-таҳлилий муҳокама қилинди. Жумладан, камбағал оилаларни қўллаб-қувватлаш борасида яратиб берилаётган имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш шартлиги таъкидланди. Уларга кўрсатилаётган моддий ёрдамни асоссиз равишда тўхтатиб қўйишга йўл қўймасликнинг аниқ механизмлари белгилаб берилди.

Эҳтиёжманд оилалар аъзоларининг бандлигини таъминлаш бундан буён ҳам устувор вазифа бўлиб қолади. Уларга иссиқхона қуриб бериш ва ижарага ер ажратиш каби ишлар қатъий назоратда бўлиши ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Ўзини ўзи банд қилганларнинг фаолиятини легаллаштиришга, уларга қонунлардаги имтиёзларни тушунтириш ва мазкур тоифадаги фуқароларни рағбатлантириш орқали улар сафини кенгайтиришга жиддий эътибор қаратиш давр талабидир.

Шунингдек, махсус дастурлар доирасида имтиёзли кредитлар ажратиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш устувор йўналишлардандир.

Секторлардаги ижобий тажрибаларни оммалаштириш орқали бутун мамлакат бўйлаб эҳтиёжмандларни қўллаб-қувватлашни янги босқичга кўтаришни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

Йиғилишда шу ва бошқа муҳим йўналишлардаги ишларни кучайтириш борасида секторлар раҳбарлари олдига аниқ вазифалар қўйилди ҳамда уларни самарали амалга ошириш бўйича тавсиялар берилди.

Бош прокуратура матбуот хизмати

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: