Home /   / Дocтoннинг ceвги дocтoни

Дocтoннинг ceвги дocтoни

Ёшлик – умрнинг баҳори. Бу даврда одам нималарни орзу қилмайди дейсиз. «Ўн саккизга кирмаган ким бор?..» деганларидай, навқирон даврга бағишланган куй-қўшиқлар, шеъру ғазаллар кўп.

Бу пайтда қилмишининг оқибатини ўйлаш, мулоҳаза қилиш ёки кимдандир фикр сўраш ёшлар учун ёт. Уларга насиҳат умуман ёқмайди. Ўз сўзини маъқуллатишга уринади. Албатта, ёшларнинг ҳаммаси шундай деган фикрдан йироқмиз. Лекин гуруч курмаксиз бўлмайди.

Достон (исм-фамилиялар ўзгартирилган) бир неча йил аввал маҳалласида Мунира ва Зуҳра билан бир бегона қизни учратди. Ёш йигитнинг кўнглида нотаниш сулувга нисбатан илиқлик пайдо бўлди. Вақтни бой бермай эртаси куни Мунирани йўқлади.

– Кечаги қиз ким эди?

– Ҳа, Дилдорани сўраяпсанми? Тоғамни қизи бўлади.

– Таништириб қўймайсанми?

– Юрагингдан урдими?

– Шундай деса ҳам бўлади.

– Майли, эртага уйига бораман. Гап­ларингни етказаман. Агар рози бўлса учраштираман.

Достон Дилдора билан учрашувни узоқ кутмади. Эртаси куниёқ учрашишди.

Дамни ғанимат билиб Достон қиздан телефон рақамини сўради. Дилдорага ҳам йигит маъқул келди шекилли, телефон рақамини берди.

Шундан кейин бу икки ёшнинг энг чиройли дамлари бошланди. Улар ҳар куни кўришишга уринар, мободо кўришолмаса телефонда суҳбатлашарди.

Шу ўринда Дилдоранинг кунда-кунора учрашувга чиқишига қаршилик қиладиган яқинлари йўқми деган савол туғилади.

Дилдоранинг отаси бошқа вилоятда эди, акалари эса шаҳардаги уйида туришарди. Кўпинча Дилдора уйда онаси билан қоларди. Баъзан онаси акаларидан хабар олишга кетган пайтлари Мунира билан Зуҳра Дилдоранинг уйига келиб ётишар эди.

Тинимсиз суҳбатлар, учрашувлар бора-бора йигит ва қизни бир-бирига ипсиз боғлади.

Ширин дамлар, ёқимли таассуротлар қолдирадиган онларимиз жуда тез ўтгандай бўлса, андуҳга бой дамларнинг бир лаҳзаси соатдай туюлади.

Достон билан Дилдоранинг учрашиб юрганига ҳам икки йил бўлди.

Бир куни Достон совчи юбормоқчи эканини, ота-онаси рози бўлса уйланишини айтди.

– Ҳозир вақти эмас. Отамсиз тўй қилмаймиз, – деди Дилдора йиғламсираб. Шундагина отаси туҳматга учраб қамалиб қолгани, ҳозир ҳам қамоқда эканини айтди. Йигит қизнинг отаси қайтишини кутиб, кейинроқ совчи жўнатишга рози бўлди.

Дилдора университет талабаси бўлди. Қиз дарсдан ташқари вақтини Достон билан ўтказарди. У билан истироҳат боғларини кезар, кинога тушар, бозор айланарди.

Достон унга машина бошқаришни ўргатди. Дам олиш масканларидан ташқари зиёратгоҳлар ҳам уларнинг диққатидан четда қолмасди.

Орадан йиллар ўтиб Дилдоранинг отаси уйга қайтди. Достон яна совчи юбормоқчи бўлди. Бу гал ҳам қиз уни фикридан қайтарди. Оиласи моддий жиҳатдан қийин аҳволда эканлиги, тўй қилишга шароити йўқлигини яшириб ўтирмади.

Қиз Достондан ҳеч сир яширмасди, ўрталаридаги муносабат ҳам самимий эди. Достон уни тушунди ва яна кутишга қарор қилди. Яна йил ўтди.

Ниҳоят, йигитнинг орзиқиб кутган кунлари келди. Оиласидагилар Дилдорани сўраб борди. Афсуски, Достоннинг йиллаб кутгани сароб бўлиб чиқди. Бир неча марта борган совчилар кайфиятсиз қайтаверди.

– Нимага совчиларга йўқ дейишди? – Достон жиғибийрон бўлиб Дилдорадан сўради.

– Сабабини онамдан сўранг, мен билмайман, – деди Дилдора.

Уларнинг ўртасидаги муносабатлардан қизнинг онаси яхши хабардор эди. Чунки ўртадаги олти йиллик муносабатни яшириб бўлмас, уларнинг яқинлигини бутун қариндош-уруғлар, ёр-дўстлар биларди. Достон аёл билан гаплашди.

– Акалари норози бўлишаяпти.

– Нимага қаршилик қилаяпти? Мендан ё оиламдан камчилик топдими?

– Йўқ, бундай хаёлга борманг, ҳеч кимдан кам жойингиз йўқ, – деди аёл. – Ўғилларим билан гаплашиб кўрай, рози бўлса кейин совчиларни жўнатасиз.

Шундан сўнг совчиликка қатнайвериб чарчаган ота-онаси, Достонга «у қизни сенга бермайдилар барибир» де­йишди.

Дилдора билан учрашиб, ота-онасининг қарорини айтди.

– Сабр қилиб туринг, уйдагиларни ўзим кўндираман, – деди Дилдора йиғлаб.

Достон ундан воз кечолмади. Ота-­онасининг гапи ерда қолса-да, «шундан бошқасига уйланмайман» деб туриб олди.

Орадан икки ҳафталар ўтиб, Дилдора Хуршид деган йигит қўнғироқ қилаётганини айтди.

Достон у билан кўришди.

– Нимага Дилдорага телефон қилаяпсан?

– Унга уйланмоқчиман.

– У сенга тегмайди. У менинг қизим, анча йилдан бери гаплашиб юрамиз, – деди Достон. Гапларига ишонмаган Хуршидга Дилдора билан бирга тушган расмларини кўрсатди.

Шундан сўнг Хуршид орадан чиқди.

Ёз келиб дарслари тугаган Дилдора қишлоққа қайтди. Қишлоқда доимгидек бир неча марта учрашишди, орзу-ҳавасларга берилиб, тўйни куз ойларида ўтказишни келишиб олишди. Шундай кунларда қиздан ҳеч хабар бўлмай кетди. Қўнғироқлари, хабарлари жавобсиз қолаверган Достон тунда Дилдорнинг уйига бориб чақириб олди.

– Тинчликми, телефон ҳам қилмайсан?

– Акаларим сизга қарши, – деди қиз. – Мен уларга айтолмайман, отамдан ҳам қўрқаман.

Шу пайт Дилдоранинг онаси ҳовлига чиқди. Йигит гаражга яширинди. Бироқ аёл сезиб қолди. Шунда Дилдора онасига Достон келганини айтди.

– Чиқ гараждан, нимага келдинг? – деди она.

– Сизлар нега қаршилик қилаяпсиз? Агар бермасангиз барибир Дилдорани олиб қочиб кетаман, – деди Достон қатъий.

Шу пайт қизни кўтариб, олиб кетмоқчи бўлди. Аёл унга яхши гапириб уйига жўнатиб юборди.

Кейинги кун қизнинг онаси Достоннинг бувиси олдига келиб, ундан шикоят қилиб кетди.

Шунча йилдан бери оиласидагиларнинг қаршилигига қарамай, ундан воз кечмаган Дилдорада охирги пайтлар ўзгариш бўлганини йигит сезди. Ундаги бу ўзгаришларни ўзича тахмин қилиб кўрди. Аммо ҳеч нимани тушонолмай ғазаби келарди.

Кўп ўтмай Хуршид яна совчи юборганини эшитиб, у билан кўришди:

– Ўртамиздаги муносабатларни билардинг-ку, нимага яна совчи юбординг?

– Менга фарқи йўқ. Муносабатларингиз мени қизиқтирмайди, – деди у.

Шундан кейин Достон Дилдора билан кўришишга, боғланишга роса ҳаракат қилди. Лекин кўришолмади, гаплашолмади ҳам. Ўз ёғига ўзи қовурилиб, ҳеч қаёққа сиғмай юрди.

Бир куни тушлик қилиб, ишга кетаётган Достон йўл-йўлакай бозорга кириб чиқди. Шу пайт йўл четидаги йўлакда Дилдора билан Хуршидни кўриб қолди. Рашк ўти аъзои баданини куйдирди. Ўзини камситилгандай, масхаралангандай ҳис қилди. Хуршидни жиддий қўрқитиб қўйиш учун машинасидаги пичоқни олиб, уларга яқинлашди.

Унга Хуршид пешвоз чиқди.

– Бу бола билан нима қилиб юрибсан? – бақирди у қизга. – Қоч, гапим бор шу қизда, – деди олдини тўсаётган Хуршидга.

– Менинг хотинимда қанақа гапинг бўлиши мумкин? – деди Хуршид.

Достон бу гапдан ақлу ҳушини йўқотди.

– Қанақасига сенинг хотининг? Бу менинг севган қизим, олти йилдан бери гаплашиб юраман.

– Ҳали эшитмадингми, хабаринг йўқми? Энди Дилдора менинг хотиним. Биз унаштирилдик!

Достон бу гапдан ёниб кетди.

– Ҳали тўй бўлмасдан қандай хотининг бўлади? Бу бола нима деяпти, ғуруринг қани, виждонинг борми? – бақирди Дилдорага.

– Хуршид ака, бунинг ҳали хабари йўқ шекилли? – деди Дилдора беписанд.

Унинг ҳеч нима бўлмагандек туриши Достонга оғир ботди.

– Унаштирилдик, яқинда тўй, – тасдиқлади Хуршид ҳам.

– Ҳеч қандай тўй бўлмайди, – деди Достон тишини ғижирлатиб. Энди у шок ҳолатига тушиб бўлганди.

– Нимага бўлмас экан, тўй бўлади, – дея йигит ва қиз беписанд йўлида давом этди.

Шунда Достондаги алам, қаҳр, рашк, изтироб қайнаб чиқди, у ўзини бошқаролмай қолди: Хуршидни бошига бир уриб йиқитди. Кейин ўзи севиб шунча йил ардоқлаган қизга бўлган муҳаббати бир лаҳзада нафратга айланди. Қизни тутиб олиб пичоқ санчаверди… Қизни ҳимоя қилмоқчи бўлган Хуршидга ташланди, уни ҳам жароҳатлади. Катта кўчада бирдан қий-чув бўлиб кетди. Одамлар Достонни маҳкам ушлаб олишди. Дилдора шу ернинг ўзида вафот этди.

Навбатдаги севги достони шундай фожиа билан якун топди. Бу воқеада кимлардир ўзини айблар, лекин энди афсусдан фойда йўқ. Достон хато қилганини панжара ортида узоқ ўйлаб кўради, пушаймон қилади. Бир лаҳзалик жаҳл ҳаётини остин-устин қилиб юборганига баҳо беради. Ота-оналар ҳам фарзандлар тарбиясидаги бўшлиқни энди кўра бош­лашади. Лекин энди жуда кеч…

Суд ҳукми билан Достон 21 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Эҳтимоллар кўп, хулоса қилиш ўзингиздан.

Дилшод Шерматов,

Бош прокуратура бошқарма АМИБ

катта терговчиси

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: