Home /   / ДНК ТЕКШИРУВИ йигирма йил аввалги сирни фош қилди

ДНК ТЕКШИРУВИ йигирма йил аввалги сирни фош қилди

 

Аслида бундай ҳолатларга муносабат билдириш жуда оғир. Лекин бу каби муаммолар йил сайин кўпайиб, миллий қадриятларимизга солаётган кўланкаси тобора ошиб бораяпти.

Яқин йилларгача фуқаролик судлари томонидан оталикни белгилаш учун гувоҳларнинг кўрсатмалари, турли ҳужжатлар, тавсифнома ва ҳоказоларни тақдим этиш талаб қилинса-да, буларнинг барчаси одил судловни тўлиқ таъминлай олмас эди. Кўп ҳолларда масала судлашаётган томонларнинг бир-бирига нисбатан бўҳтон тарқатишигача етиб борарди. Бунинг оқибатида ҳатто баъзан суд ажримларига биноан бепушт эркак­лар ҳам боланинг биологик отаси деб тан олинар эди. ДНК экспертизаси шу турдаги хатоларни бутунлай бартараф этиш имконини берди.

Бировнинг боласига алимент

Бундан икки йил аввал опам тўй қилиб, қизини турмушга узатди. Никоҳдан аввал келиннинг отаси қиз узатаётганини элга маълум қилиш учун ош берди. Ушбу маросим тугагач, мезбонлар дастурхонларни йиғиштиришга тушиб, ҳамма ўзи билан ўзи овора бўлиб турган пайтда опамнинг қайнукаси – Алишер олдимга келиб, сизда бир ишим бор эди, маслаҳатингиз керак, озгина вақтингизни ажрата оласизми деб қолди. Аслида бу одам билан шундай йиғинларда кўришиб турардик. Муносабатларимиз салом-аликдан нарига ўтмаган. Лекин унинг ҳунари ва тайинли иши борлигини, уйим-жойим дейдиган инсон эканини опамдан эшитгандим. Одамлардан истиҳола қилди шекилли, мени кўчага бошлади.

Нима гап дегандек унга қарадим.

– Эшитган бўлсангиз керак, биринчи турмушим бўлмаган. Шукурки, иккинчи оилам билан бахтли ҳаёт кечираяпман. Иккита фарзандим бор. Аммо бир муаммом бор, шуни қандай ҳал қилса бўлар экан? – шундай деб хижолат бўлганидан овози қалтираб кетди. Унга далда бериш учун «Қандай муаммо экан, айтаверинг» дедим.

У бир неча йил аввал онасининг қис­тови билан бир қизга уйланган. Айтишича, қизнинг онаси билан унинг онаси яқин дугона бўлгани учун икки ёш уларнинг хоҳиши билан турмуш қуришган. Лекин бу масаланинг иккинчи томони. Бундай дейишимизга сабаб, агар келин бокира бўлганида, икки ойлик ҳомиласи билан келмаганида, балки ёшлар тил топишиб кетармиди?..

Куёв чимилдиққа кирганида келин бор макрини ишга солади. Йиғлаб-сиқтаб, вужудида икки ойлик ҳомиласи борлигини айтиб, ота-онаси, яқинлари олдида юзини қора қилиб, бадном қилмаслигини йигитдан ўтиниб сўрайди. Оёғига йиқилиб, бошқа йўли қолмагани учун шундай қилишга мажбур бўлганини айтади. Ҳатто туғилажак фарзандининг отасига қўнғироқ қилиб, у билан гаплаштиради. У одам бола ўзидан эканини тан олади. Ҳозирги оиласи билан орани очиқ қилгач, тез кунларда уни олиб кетишини ва қиз билан турмуш қуришини айтади. Ҳатто тўй харажатини тўлиқ қоплаб беришга ваъда беради. Ўша куни Алишернинг инсонийлик фазилати устун келиб, уларнинг шартига кўнади. Ҳаммасини қиз айтганидек қилади.

Орадан қарийб бир ой вақт ўтгач, келин гўёки куёв билан чиқиша олмай уйига кетиб қолади. Вақти-соати келгач, фарзанд дунёга келади. Бу орада Алишер бошқа оила қуришни мақсад қилиб, у билан қонуний ажрашиш учун судга ариза беради. Ўртада фарзанд бўлгани сабабли суд муросага келишлари учун бир неча ой муҳлат беради. Соддалик қурсин-а, шунда ҳам у бола меники эмас деб судга даъво аризаси киритмайди. Охир-оқибат суд ажрим ҳақида қарор чиқариб, Алишердан ҳар ойда маошининг тўртдан бир қисмини алимент сифатида собиқ турмуш ўртоғига ундирилишини белгилайди. Суд қарорини қўлига олган Алишер ўша вақтда иккинчи тўйига оз фурсат қолгани боис бунга қўл силтайди. Бошқа оила қуради, икки фарзандли бўлади. Фарзандлари улғайган сайин маошининг чорак қисми ушлаб қолинаётгани унга оғирлик қилади. Ўша пайтда боласини тан олган “эркак” билан учрашиб, бу муаммони ҳал этиш кераклигини айтади. Аммо у ваъдасига вафо қилиш ўрнига “Болангиз бўлгандан кейин тўлайсиз-да” деб тўнини тескари кийиб олади. Алишернинг қўллари мушт бўлиб тугилса-да, шайтонга ҳай беради. Орқаваротдан суриштирса, ўша қоп-қоп ваъдаларни берган одам фарзанди дунёга келгандан кейин яна бир фурсат ўша аёл билан юриб, ташлаб кетган экан. Қиз эса бошқа бир одам билан турмуш қуриб, ундан ҳам фарзандли бўлибди. У сўнгги нажот илинжида бир пайтлар яхшилик қилиб, номини оқлаб юборган келиннинг ёнига боради. Минг афсуслар бўлсинким, у ҳам “Бола сизники, алимент тўлашга мажбурсиз” деб туриб олади. Чорасиз қолган Алишер шундан буён алимент тўлаб келаётган экан.

Тўғриси, бундай виждонсизликка дучор бўлган бу одамнинг сабрига қо­йил қолдим. Муаммони ҳал этишнинг қонуний йўли борлигини тушунтирдим. «Судга фарзанд сизники эмаслиги ҳақида даъво аризаси киритасиз. Суд эса оталикни аниқлаш учун ДНК экспертизаси ўтказиш учун қарор чиқаради. Шундан кейин ҳаммасига ойдинлик киритилади», – дедим. Хуллас, экспертиза хулосасига кўра ҳақиқатан ҳам фарзанд уники эмаслиги маълум бўлди. Суд қарори билан алимент бекор қилинди.

* * *

– Афсуски, кейинги вақтларда бу каби воқеалар бирмунча кўпайди, – дей­ди Хадича Сулаймонова номидаги Рес­публика суд-экспертизаси марказининг Одам ДНКси суд-биологик экспертизаси лабораторияси мудири Дилобар Аҳмедова. – Айрим аёллар енгил ҳаёт ортидан пул топиб юрган кезлари ҳомиладор бўлиб қолишади. Фарзандини дунёга келтиргач эса уни боқишга қийналади ва биологик отасидан алимент ундириш учун ДНК экспертизасига мурожаат қилишади. Бир пайтлар аёлига, оиласига хиёнат қилиб, кўнгилхушлик қилган эркакларимизнинг эса мана шу жараёнда тинчлиги бузилади. Уларнинг қандай руҳий тушкунликка тушишини тасаввур қилиб кўринг-чи. Боланинг биологик отасини аниқлашда ўша енгилтак аёл билан муносабатда бўлган бир нечта эркакдан экспертиза намуналари олинади. Мана шундай ҳолатга тушган эркакларнинг экспертиза жавоби чиққунга қадар руҳан эзилиб, сочлари оқариб кетганига ҳам гувоҳ бўлганман. Бунинг сабаби бор, албатта. Экспертизага келаётган эркакларнинг аксарияти оилали, ҳатто бўйи етган фарзандлари, айримларининг қуда-андаси, неваралари ҳам борлиги маълум бўлган.

Яна шундай ҳолатлар ҳам бўладики, баъзи жиноятларни очиш мобайнида ДНК экспертизаси жабрланувчиларнинг ўзларига аён бўлган сирларини фош қилиб қўяди. Шунинг учун хиёнат эртами-кечми ошкор бўлади деб бежиз айтишмайди. Мисол учун, бу воқеа Тошкент вилоятида содир бўлган. Ўша вақтда 16-17 ёшларда бўлган ўсмир мактабни тугатади. Ёшлар йиғилиб, битирув кечаси қилишади. Кечадан чиқиб кетган ўқувчи бедарак йўқолади. Унинг ота-онаси ички ишлар идорасига хабар беради. Аммо у топилмайди. Бахтга қарши орадан анча вақт ўтгач, ўша ўқувчининг белгилари бўлган, лекин таниб бўлмас даражага келиб қолган жасад топилади. Мурданинг шахсини аниқлаш учун ДНК экспертизаси ўтказилади. Экспертиза ўтказиш учун йўқолган боланинг ота-онасидан намуна олинади. Буни қарангки, экспертиза натижасига кўра она ўша жасаднинг биологик онаси эканлиги тасдиқланади, аммо боланинг отаси бошқа эканини кўрсатади. Жабрланувчилар экспертиза хулосасига эътироз билдиришди. Шундан сўнг ҳаммаси такроран амалга оширилди. Яна ҳам ишончли бўлиши учун бу сафар ўша ўсмирнинг бобоси, амакиси ва бошқа яқин кишиларидан ҳам намуна олиниб, экспертизага жалб этилди. Кейинги хулоса натижаси янада аянчли ҳолатни очиб берди. Афсусланарлиси, жасаднинг биологик отаси унинг амакиси, яъни онасининг қайнукаси бўлиб чиқди. Бир жиноятнинг очилиши аёлнинг эрига қилган хиёнатини ҳам фош этиб қўйди. У оиланинг кейинги тақдири бизга номаълум. Нима деб ўйлайсиз, бундай ҳолатнинг содир бўлиши ўша гуноҳкор бандалар учун Яратганнинг жазоси эмасми?..

Бу ҳолатни эшитган кўпчилик ёқасини ушлайди! Мактаб ёшидаги қиз ҳомиладор бўлиб қолади. Мазкур ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув олиб борилаётганда, қиз ҳомиласи ўз отасидан эканлиги ҳақида кўрсатма беради. Бундай иснодга чидай олмаган ота эса ўз жонига қасд қилади. У ўлими олдидан укасига хат қолдирган экан. Унда ёзилишича, фарзандининг гаплари ёлғон, фақатгина қизига яхши бўлсин деб унга кўп танбеҳ бериб келганини тан олади ва укасидан ўлимидан кейин номини оқлашини илтимос қилади. Хуллас, ўша қиз фарзандини дунёга келтиргач, ука акасининг номини оқлаш учун ДНК экспертизаси ўтказди. Дарҳақиқат, отанинг гаплари рост бўлиб чиқди. Бироқ кеч бўлганди…

Кейинги пайтларда айрим бадавлат одамлар оламдан ўтгандан сўнг унинг янги меросхўрлари пайдо бўлаётган ҳолатлар ҳам тез-тез учраб турибди. Улар бу одам менинг отам эди, бойлигидан менга ҳам мерос тегиши керак деб иддао қилишади. Шу жараёнда ҳам даъвогарнинг марҳумга қариндошлик даражаси мазкур экспертиза орқали аниқланиб, бундай муаммоларга ечим топилади. Яна шундай ҳолатлар борки, айрим оилаларда ота фарзанди ўзига ёки яқинларига умуман ўхшамагани учун бола туғруқхонада алмашиб қолмаганмикан деб шубҳа қилади, яна кимлардир турмуш ўртоғини хиёнат қилганликда гумон қилиб, бола ўзидан эканини инкор этади.

Бу йил интернетда Жиззах вилоятида 9-синф ўқувчиси фарзанд дунёга келтиргани, Қашқадарёда 15 ёшли қиз она бўлганини бир йилдан ортиқ яширгани, Тошкентдаги мактабларнинг бирида 8-синф ўқувчиси, Фарғона вилоятида 14 ёшли қиз ҳомиладор бўлиб қолгани ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолатлар бўйича Жиноят кодексининг 128-моддаси (Ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов олиб борилаётгани айтилган. Бу каби ҳолатларга ҳам ДНК тадқиқоти орқали ойдинлик киритилиб, айбдорлар аниқланади.

Аслида бундай муаммолар миллийлигимиз ҳамда қадриятларимиз заифлашиб бораётганининг бир кўриниши эмасми?..

Маълумотларга кўра Россияда бир йилда биологик оталикни аниқлаш бўйи­ча ўртача 6000 дан 8000 гача ДНК тад­қиқоти ўтказилар экан. Масалан, ўрганилган Европа мамлакатларида 7-8 фоиз эркаклар бошқа отадан туғилган болаларни тарбия қилиши қайд этилган. Афсуски, республикамизда ҳам ушбу экспертизага эҳтиёж йилдан-йилга ошиб бормоқда. Хусусан, 2010 йилда лабораторияда 388 та, 2015 йилда 1119 та, 2018 йилда эса 1834 та экспертиза бажарилган.

Бу каби ҳолатлардан хулоса қиладиган бўлсак, миллийлигимизни йўқотмайлик. Зино иймондан айиради. Ҳеч қачон иймондан айро тушмайлик. Ғарб­га тақлид қилиб, миллий қадриятларимизга таҳдид солмайлик.

Қолаверса, халқимизда «Аёлнинг тарбиячиси эркак» деган пурмаъно нақл бор. Қаранг, миллат тарбиячиси бўлган аёлга эркак муносиб тарбиячи экан. Бундан кўриниб турибдики, аёлларнинг ҳаёси-ю ибоси, садоқати-ю нозик шаъни кўп жиҳатдан эркакларимизга ҳам боғлиқ.

Камолиддин АСҚАРОВ,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: