Home / Тавсия этимиз / ДНК экспертизасининг самараси юқори

ДНК экспертизасининг самараси юқори

Мазкур таҳририятда фаолият юритаётганимга салкам чорак аср бўлаяпти. Ўтган давр мобайнида юзлаб суд ҳукмлари билан танишиш баробарида, суд экспертизаси, шу жумладан, одам ДНКси экспертизаси тайинланиши ва ушбу жараён натижасида баҳсли жиноятлар ҳам фош этилгани ҳақида хабардор бўлардим.

Шунингдек, уларнинг фаолиятига қизиққаним билан, жойлашган манзилини ҳам билганим ҳолда ушбу идора эшигидан бирор марта хатлаб ўтмаган эдим. Таъкидлаш лозим, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, шунинг­дек, суд-экспертлик фаолиятини жадал ривожлантириш доирасида юртимизда қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш жараёнида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятига инновацион техник воситаларнинг жорий қилиниши амалиётда янгича ёндашувларни талаб қилмоқда. Хусусан, шахсга нисбатан оғир ва ўта оғир жиноятларни тергов қилиш ва очишда ҳамда уларни содир этган шахслар қидирувида ДНК маълумотлар базасидан фойдаланиш ҳар йили кўплаб жиноятларнинг қисқа муддатларда очилишига, фуқароларнинг ўзаро низолари ҳал этилишида муҳим омил бўлиб келмоқда. ДНК экспертизаси эса бу борада энг истиқболли ва юқори самарадор экспертиза турларидан бири, деб эътироф этилмоқда.

Қолаверса, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноятчиликка қарши курашиш, қонунбузарликларнинг сабабларини ва содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф этиш, авваламбор ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг асосий вазифаси ҳисобланади. Улар фаолиятининг самараси фан ва техника ютуқларидан кенг фойдаланиш билан бевосита боғлиқ бўлгани сабабли махсус тадқиқотлар ўтказиш билан амалга ошириладиган суд экспертизаси эса холисона тергов ҳамда одил судловни таъминлашда муҳим роль ўйнайди.

Буни қарангки, марказ янги бинога кўчиб ўтди-ю, каминада янги жойни кўриш, шу баҳонада марказ фаолияти билан яқиндан танишиш иштиёқи туғилди. Хуллас, ўтган ҳафта Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказининг Фарғона йўли кўчасида жойлашган янги биносига кириб келдим.

Соҳа мутахассиларининг қайд этишича, суд-генетик экспертизасининг шахс генетик идентификацияси ва биологик қон-қариндошликни аниқлаш масалаларини самарали ечишдаги ўрни беқиёс. Биринчи нав­батда, бу қасддан одам ўлдириш, номусга тегиш, босқинчилик, талончилик каби оғир жиноятлар тергови жараёнида аниқланган ашёвий далиллардаги биологик излар айнан кимга тегишли эканлиги, шунингдек, табиий офатлар, техноген фожиалар ва террористик актлар натижасида топилган, таниб бўлмас ҳолатга келган тана қолдиқларини аниқлашни назарда тутади. Бироқ, геном дактилоскопияси экспертизаси бошқа дактилоскопия турларидан фарқ­ли равишда нафақат одам шахсини, балки одамларнинг ўзаро яқин қариндошлик алоқаси бор-йўқлигини ҳам аниқлаш имкониятларига эга бўлиб, шу сабабларга кўра бу услубнинг туғруқхоналарда бола алмаштириш, бола ўғирлаш, вояга етмаган ва хотирасини йўқотган шахс­ларни аниқлашда аҳамияти ўта муҳим ҳисобланади.

— ДНК таҳлили молекуляр генетиканинг жадал ривожланган йўналишларидан бири бўлиб, унинг ёрдамида нафақат шахс идентификацияси ҳамда турли даражадаги қариндошликни аниқлаш, балки одамларнинг келиб чиқиши, яъни  маълум бир генетик шажарага тегишли эканлигини аниқлашни, ҳаёти давомида қандай касалликларга мойил­лигини аниқлаб, уларнинг олдини олиш имконини ҳам беради, — дейди Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги  Республика суд экспертизаси маркази Одам ДНКси суд биологик экспертизаси лабора­тория­си мудири Дилобар Аҳмедова. — «Суд экспертизаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасига би­ноан, суд экспертизаси, шу жумладан, ДНК экспертизаси суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг ёки судьянинг қарори, суднинг ажрими  асосида ўтказилиши белгиланган.

Одам ДНКси суд-биологик экспертизасини тайинлаш ва ўтказилиш тартиби қуйидагича: экспертиза тайинлаш ҳақида қарор (ажрим), воқеа жойини кўздан кечириш, ашёвий далилларни олиш ва солиштирма намуналарни олиш баённомаларининг нусхалари. Тадқиқот учун тақдим этилаётган объектлар албатта одам биологик материаллари бўлиши лозим. Шунинг учун ҳам биологик материални келиб чиқиши табиати бўйича одам ёки ҳайвонга мансублигини аниқлаш учун аввал суд-тиббий биология экспертизаси ўтказиш зарур. Ўз таркибида ДНК молекулаларини сақлайдиган ҳар қандай одам биологик материаллари, жумладан, қон, маний, сўлак, сочлар, тўқималар, органлар, бўлакланган тана қолдиқлари, оғиз бўшлиғидан олинган суртма, ажратмалар, қон ва тана ажратмаларининг  қуриб қолган излари, амниотик суюқлик, хо­рион тўқимаси, тишлар, аборт қилинган материал, мурда объект­лари, суяклар ва суяк фрагментлари, юмшоқ тўқималар ва бош­қалар ДНК экспертизаси объект­лари ҳисобланади.

Жиноят содир этилган жойдан олинган ашёвий далиллар, масалан, соч толаси, қон доғи, сигарета қолдиқлари ва ҳоказолар ДНК экспертизасига тақдим этилганда, аввало уларда мураккаб кўп босқичли эксперт тадқиқотлари ўтказилиб, натижасига кўра, генетик структураси аниқланади. Сўнгра гумонда бўлган шахс(лар) солиштирма намуналари таҳлили ўтказилади, биологик объект айнан кимдан келиб чиққан ёки чиқмаганлиги ҳақида аниқ маълумот олинади. Гумондаги шахс бўлмаган ҳолатларда эса ашёвий далилда аниқланган биологик объект генетик структураси лаборатория ДНК маълумотлар базасига киритилади ва унинг солиштирма намунаси тақдим қилингандан сўнг аниқ жавоб бериш имконияти бўлади.

Масалан, 2009 йил декабрь ойида Жиззах вилоят прокуратураси томонидан Жиззах шаҳридаги банк биносидан миллий ва хорижий валютадаги маблағларнинг олиб кетилиши юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича ДНК экспертизаси тайинланган. Экспертиза текширувига тақдим этилган жиноят жойида топилган резина қўлқоплар қолдиқларида топилган тер излари бўйича жиноятга алоқадор шахслар аниқланди.

Ёки 2010 йил декабрь ойида Қибрай туманида фуқаро, унинг синглиси, турмуш ўртоғи ҳамда вояга етмаган фарзандларининг ваҳшиёна ўлдириб кетилганлиги фактини олсак. Ушбу ҳолат юзасидан одам ДНК суд-биологик экспертизаси тайинланган. Бирламчи ўтказилган эксперт тад­қиқотлари натижасида воқеа жойидан топилган 25 та қон доғларидан 10 таси эркак жинсидаги номаълум шахсга тегишли эканлиги ҳақида хулоса берилган. Шунингдек, бирламчи текширувга тақдим этилган гумондор шахс ва жиноят содир этилган жойда топилган номаълум эркак кишининг Y-хромосомаси орқали текширув натижасида уларнинг ота-авлод орқали қариндошлиги ҳақида маълумот олинган. Айнан шу натижа жиноят иш бўйича олиб борилаётган тезкор тергов ҳаракатларига тўғри йўналиш бериб, жиноятнинг бир ой ичида очилишига сабаб бўлди.

Бундан ташқари, Марказда фуқароларнинг аризаларига кўра, биологик ота-оналикни аниқлаш бўйича тўлов асосида тадқиқотлар ҳам ўтказилиб, уларнинг натижасига кўра мутахассис фикри берилади. Бу турдаги тад­қиқотларни ўтказиш учун фуқароларнинг аризаси асос бўлади. Ариза билан биргаликда, фуқаролар ўзидан ҳамда фарзандидан намуна олинишига розилигини билдирувчи тилхат, шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхалари ва қон намуналари тақдим этиши лозим бўлади.

Ўзбекистонда ДНК таҳлили учун тирик шахслардан қон ёки оғиз бўшлиғидан суртма (буккал эпителий) олиш амалиёти қўлланилади. Соч, тирноқ ва бошқа биологик материаллар бўйича тадқиқотлар ўрта ва мураккаб тадқиқотлар турига кирганлиги, уларни тадқиқоти учун қўшимча реагентлар сарфланиши эътиборга олиниб, биологик оталик(оналик)ни аниқлашда қўлланилмайди.

ДНК таҳлилини ўтказиш хал­қаро талабларга кўра, биологик ота-оналикни  эҳтимоллик даражаси 99,99 фоиздан кам бўлмаса, биологик оталик(оналик)ни тасдиқлашга асос бўлади. Нима сабабдан 100 фоиз оталик (оналик) тасдиқланганлиги ҳақида хулоса бериш жоиз эмаслигига, соҳа мутахассислари томонидан қуйидаги изоҳ берилади: ҳар бир одамнинг бир тухумдан ривожланган эгизаги бўлиш эҳтимоли мавжудлигини инкор этиб бўлмайди. Бир тухумдан ривожланган эгизаклар ДНКси эса айнан бир хил бўлади. Бундай ҳолларда эгизаклардан айнан қайси бири текширилаётган боланинг биологик отаси эканлигини аниқлашнинг иложи бўлмайди. Шу нуқтаи назардан ДНК таҳлили асосида аниқланган оталик эҳтимоллик даражасини 100 фоиз, деб бўлмайди.

Таъкидлаш лозимки, Ўз­бекис­тон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 14 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори 9-11-бандлари ижроси таъминланди ва жорий йилда Марказ янги ихтисослаштирилган бинога кўчиб ўтди. Ҳозирги кунда янги ДНК лабораториясини ДНК экспертизасида қўлланиладиган сўнгги русумдаги ускуналар билан жиҳозлаш, ISO 17025 стандарти талаблари асосида халқаро аккредитациядан ўтказишга тайёргарлик ҳамда лаборатория ходимларининг МДҲ давлатлари ва ривожланган мамлакатлар илғор кримина­лис­тик лабораторияларида малакаларини ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Ишонамизки, ушбу ислоҳотлар келгусида суд-экспертиза хулосалари халқаро миқёсда тан олиниши ва қўлланилишини таъминлашга, лаборатория ҳал этадиган масалалар доирасини кенгайтиришга ҳамда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимининг халқ учун самарали хизмат қилишида ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшади.

Ғофуржон АЛИМОВ,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: