Home /   / Девор ошган оқибат ёхуд қўшничилик замирида аҳиллик, оқибату саховат каби гўзал фазилатлар мужассам

Девор ошган оқибат ёхуд қўшничилик замирида аҳиллик, оқибату саховат каби гўзал фазилатлар мужассам

Халқимизнинг неча минг йиллик тарихга эга афсона-ю асотирларида, мақолу маталларида юксак тафаккур хазинаси жамланганки, улар бежиз чексиз уммонга қиёсланмайди. Бу — ҳаётий ҳақиқат. “Ҳовли олма, қўшни ол”, “Узоқдаги қариндошдан яқиндаги қўшни яхши”, “Қўшнинг тинч — сен тинч”, “Гилам сотсанг қўшнингга сот — бир чеккасида ўзинг ўтирасан” ва ҳоказо. Ҳаётда бу мақолларнинг ҳар бирига истаганча мисол топиш мумкин.

Шу маънода олиб қаралганда, журналист Ғофуржон Алимовнинг “Ҳуқуқ” газетасининг 2019 йил 15 август сонида чоп этилган “Қўшничилик — минг йилчилик эмасми?..” сарлавҳали мақоласида долзарб мавзу кўтарилган. Ҳақиқатан ҳам нафақат қўни-қўшнилар, балки қариндош-уруғлар орасида ҳам меҳр-оқибат кўтарилиб бораяпти. Баъзи фарзандлар ота-онасини телефон орқали йўқлаш билан чекланиб қолмоқда. Ахир меҳр кўзда, дийдорлашишда эмасми?

Сиз бошқа одамларга нисбатан қўшнингиз билан энг кўп муомалада бўласиз. Шунинг учун қўшни қариндошингиздан кейин сиз учун энг яқин кишилардан ҳисобланади. Демак, сиз қўшнингизни ўз ака-укангиздек яхши кўришингиз, унинг иззат-ҳурматини адо қилишингиз, сўзлашганда лутфу марҳамат кўрсатишингиз, учрашиб қолганда очиқ юзли бўлишингиз лозим.

“Қудачилик — минг йилчилик” деган гап бор. Қўшничилик ҳам шундай. Илгари бобо-ю момоларимиз ҳовли қураётган ўғилларига “Иморатингни қўшнингникидан баланд қурма!” дейишар эди. Ҳозир эса баъзи бировлар кимўзарга пойга қўйишаяпти.

Бу мулоҳазалар кимгадир арзимас, ҳатто майда-чуйда гапдай туюлиши мумкин. Аслида эса қўшничиликда ҳамма нарса жуда муҳим. Ҳар бир маҳалладаги аҳиллик, фаоллик қўни-қўшниларнинг самимий муносабатига бориб тақалади. Қўшнилар иноқ яшаса, ҳар қандай ижтимоий, иқтисодий ва маънавий муаммо албатта ўз ечимини топади. Ариқлардан шариллаб сув оқиб туради, чиқиндилар вақтида ташиб кетилади. Беморлар, ёлғиз кишилар эътиборсиз қолмайди. Чунки қўшничилик муносабатларини меҳр-оқибат бошқаради.

Ислом динида қўшничилик муносабатларига катта эътибор берилган. Жумладан, Қуръони каримнинг Нисо сураси 36-оятида шундай дейилади: “Аллоҳга бандалик қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар! Ота-онангизга ҳамда қариндош-уруғ, етим ва мискинларга, қариндош қўшни ва бегона қўшнига яхшилик қилингиз!”

Эътибор берган бўлсангиз, қўшниларга яхшилик қилиш динимизда буюрилган энг асосий амаллар билан бир қаторда баён қилинмоқда. Бу эса қўшнининг ҳақ-ҳуқуқлари нақадар муҳим эканлигига ишорадир. Қўшничилик дин, миллат ва ирқ танламайди, қўшни ким бўлишидан қатъи назар, унга нисбатан қўшничилик одоблари асосида муомала қилиш ҳар биримизнинг вазифамиз ҳисобланади. Қўшнига биринчи бўлиб салом беришга, мулойимлик ва яхшиликни биринчи бошлашга ҳаракат қилинади. “Бир мўмин билан иккинчи бир мўмин қўл бериб сўрашса, уларнинг ҳузурларига юз раҳмат нозил бўлади, шунинг тўқсон тўққизтаси муомаласи ва хулқи яхшироғига бўлади”, — дейилади ҳадиси шарифда.

Қўшни бетоб бўлиб қолса, хоҳ уйида, хоҳ шифохонада бўлсин, бориб ҳолидан хабар олиш, мусибат етганда ҳамдардлик билдириш, мабодо тўй каби турли шодиёналарни нишонлаш арафасида қўшнининг бошига мусибат тушиб қолса, ундан рухсат олгач ниҳоятда одоб билан шодиёнани ўтказиш қўшничилик ҳақларидан ҳисобланади. Чунки бундай ҳолда қўшнининг кўнгли чўкиб, хафалиги янада зиёда бўлиши мумкин. Шунинг учун тўй ёки бошқа шодиёна уйдан бошқа жойда, мисол учун тўйхонада ўтказилган тақдирда ҳам қўшнига алоҳида илтифот кўрсатиб кўнглини кўтаришга ҳаракат қилиш мақсадга мувофиқ.

Қўшнини хурсандчилик кунларида муборакбод этиб шодлигига шерик бўлиш, янги ютуқларга эришишига тилак билдириш, хатосини кечириш, тарновига ўз томи сувини йўлламаслик, ҳовлисига олиб кириб кетаётган нарсаларига назар ташлаб аланглайвермаслик, сўзлашувига қулоқ солиб гап ўғирламаслик қўш­ничилик одоблари сирасига киради.

Алоҳида аҳамият бериш лозим бўлган одоблардан бири қўшнининг деворидан мўраламасликдир. Чунки ҳовлида унинг аёл-қизлари бемалол юради. Агар икки қўшнининг ҳовлиси бир-бирига кўриниб турадиган бўлса, ҳовлида қўшнилар кўрса уят бўладиган ёки ғаши келадиган калта, юпқа кийимларда юришдан сақланиш керак. Шунингдек, қўшнининг ҳовлисига фақат чақириб, рухсат сўраб кирилади. Қўшни сафарга кетганда унинг омонатини сақлаб, уй-жойидан хабардор бўлиб турилади. Қўшни йўқ вақтда уйи­га меҳмон келиб қолса, уй эгаси келгунча меҳмонларга эҳтиром кўрсатиб туриш лозим бўлади.

Қўшнининг ҳақлари тўғрисида ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Агар бирор ёрдам сўраса, ёрдам бермоқ, қарз сўраса қарз бермоқ, моддий ёрдам кўрсатмоқ, касалини кўрмоқ, вафот этса, дафнида қатнашмоқ, бирор севинчли ҳодиса рўй берса, табрикламоқ, бирор мусибат етса, таъзия, ҳамдардлик билдирмоқ, ноқулай иморат қуриш ёки сояли дарахтлар экиш ила ҳаққига тажовуз қилмаслик, уйга мева-чева каби нарсалардан келтирганда, қўшниларга ҳам улашмоқ, агар бергиси келмаса, ўз болаларини мевалар билан қўшни болалар олдига чиқармаслик, қозонни қирганда капгир овози ёки таом ҳиди билан қўшнига кўз-кўз қилмаслик, ҳатто унинг итини урмаслик лозим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саҳобалари бир аёлни мадҳ қилиб, мақтабдилар: “Бир аёл бор, кечалари бедор бўлиб намоз ўқийди, кундузи рўза тутиб, садақа ва эҳсонлар қилади. Аммо қўшниларига тили билан озор бериб туради”. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Ундай аёл мақтовга сазовор эмас, балки у дўзах аҳлидандир”, — деган эканлар.

Дарҳақиқат, қўшничилик ҳақи қўшнига фақат азият бермаслик эмас, балки гоҳида ундан етадиган озор, ёмонликларни кўтариш, уларга сабр қилиш ва кечиримли бўлиш, мулойимлик ва яхшиликни биринчи бўлиб бошлаш ҳамдир. Ҳасан Басрий айтадиларки, “Ҳуснул живор”, яъни яхши қўшничилик деб фақат қўшнига зарар етказмасликнигина эмас, балки мабодо қўшнилардан зарар ёки озор етса, унга тоқат қилиб, жанжал кўтармасликни ҳам айтурлар”.

Тушунмовчилик орқали қўшнилар ўртасига хафачилик тушиб қолса, улар узоқ вақт бир-бирлари билан аразлашиб, гаплашмай, саломлашмай юради. Ваҳоланки, ҳадиси шарифда: “Мусулмон кишига уч кундан ортиқ гина сақлаб, гаплашмай, алоқани узиб юриш ҳаромдир. Учрашганда юзларини бошқа томонга буриб, кўрмаганга олиб юрган бир пайтда, қайси бири алоқани қайтадан бошлаб юбориш ниятида биринчи бўлиб салом берса, шу киши уларнинг яхшисидир”, — дейилган.

“Ҳикматнома” китобидаги бир ҳикоятда келтирилишича, бир одамнинг уйида сичқон кўпайиб кетган экан. Сичқонларнинг зараридан унинг жони томоққа келган, сичқонлар эса гоҳ қопни тешса, гоҳ нонларни кемириб кетарди. Бир куни унинг уйига дўсти келиб қолди. Уй ичида югуриб юрган сич­қонларни кўриб деди:

— Дўстим, сен бир мушук боқишинг зарур экан, у сич­қонларни бутунлай қириб ташлайди.

Дўсти бошини чайқади-да:

— Айтганинг тўғри, аммо бундай қилолмайман. Негаки, сичқонлар мушукдан қўрқиб, қўшнимникига қочиб киради, агар шундай қилсам мен ўзимга раво кўрмаган ишни қўш­ нимга раво кўрган бўламан, — деб жавоб берди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, қўшни деганда фақат маҳаллада, ёнма-ён хонадонларда яшовчи инсонларни тушунмаслик лозим. Қўшни деганда атрофимиздаги қўш­ни давлатларни ҳам назарда тутишимиз зарур. Доно хал­қимиз “Қўшнинг тинч — сен тинч” деб бежиз айтмайди. Айниқса, асрлар оша қон-қариндошлик ришталари мустаҳкам бўлиб келган қўшни давлатлар билан яхши муносабатларни бардавом сақламоқ даркор. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида қўшни давлатлар билан яхши муносабатлар тикланаётгани эса мақтовга лойиқ. Ҳа, қўшничилик — минг йилчилик. Шундай экан, қўшнилар орасидаги муносабатларга ҳеч қачон кўз тегмасин.

Норбўта ҒОЗИЕВ,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: