Тезкор хабарлар
Home / Департамент фаолиятидан / Давлат хизматчилари жиноятга қўл урди

Давлат хизматчилари жиноятга қўл урди

Иқтисодий муносабатларни тартибга солиш, соҳада қонун устуворлигини таъминлаш тараққиётнинг муҳим шарти ҳисобланади.

Амалдаги қонунчилик ҳужжатлари ижросини назорат қилиш, содир этилаётган ҳуқуқбузарликларга барҳам бериш борасида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Хоразм вилоят бошқармаси томонидан ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Яширин иқтисодиёт — тараққиёт кушандаси. Шу боис бу борада ҳам  зарур чора-тадбирлар амалга ошириляпти. Тезкор таҳлилий ва қидирув ишлари натижасида 57 та ҳолатда ҳуқуқбузарлик аниқланиб, 4 та жиноят ва 53 та маъмурий иш қўзғатилди. Ҳуқуқбузарлардан 736,3 миллион сўмлик ноқонуний ишлаб чиқарилган ва муомалага киритилган озиқ-овқат ва ноозиқ-ов­қат маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Хусусан, ўтказилган тадбир натижасида Хонқа туманида яшовчи фуқаро Ворис Бакиров (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ўз уйида яширин цех (мойжувоз) ташкил қилиб, ҳеч қандай ҳужжатсиз, ноқонуний равишда пахта чигитидан қўлбола усулда ёғ ва кунжара ишлаб чиқариб, сотиш билан шуғулланиб келаётганлиги аниқланди. Мазкур яширин цехдан чигит, пахта ёғи, қўлбола усулда тайёрланган мойжувоз ускунаси ашёвий далил сифатида олиб қўйилди. Ҳуқуқбузарга нисбатан суд ҳукми билан тегишли жазо та­йинланди.

Пул маблағларининг банкдан ташқари айланиши иқтисодиётимизга, давлат бюджетига  жиддий зиён етказади. Шу боис Вазирлар Маҳкамасининг «Пул маблағларининг банкдан ташқари муомаласини янада қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори  ижроси доимий назоратимизда турибди. Бу борада олиб борилган чора-тадбирлар натижасида 21 та жиноят иши қўзғатилди.

Коррупция давлат ва жамият ривожига, халқнинг адолатга бўлган ишончига жиддий путур етказадиган хавф эканлиги барчага маълум. Департаментнинг Хоразм вилоят бошқармаси томонидан ўтган йил мобайнида коррупция ҳолатини фош этиш борасида ўтказилган тадбирлар натижасида жами 94 та, шу жумладан, 4 ҳолатда ҳокимият, 2 та ҳолатда солиқ, 3 та ҳолатда банк ходимларига ва 83 та ҳолатда бошқа идоралар ходимларига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, жазонинг муқаррарлиги таъминланди.

Жумладан, вилоят кўп тармоқли тиббиёт бирлашмаси шифокори Эргаш Сариков фуқаро Нозима Эшоновадан унинг қизини онкология диспансерига ишга киритиб бериш эвазига 1000 АҚШ доллари олганлиги аниқланди ва унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. Шунингдек, кўп қаватли уйлардаги квартираларни бириктириш бўйича Урганч шаҳар ҳудудий комиссиясининг уч нафар аъзоси олдиндан тил бириктириб, уйга муҳтож фуқаро сифатида Х.Отажоновга арзон, кўп қаватли уйдан бир хонали квартирани уч хоналисига алмаштириб бериш эвазига 3 миллион сўм пулларни олаётган вақтида ушланган. Ушбу ҳуқуқбузарларга нисбатан тегишли жазо тайинланиб, суд ҳукми ўқилди.

Хонқа туманида жойлашган мактабнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Маҳлиё Пирматова эса бошлан­ғич синф раҳбарлигини бериш эвазига ўқитувчи Н.Ҳайитовадан 200 АҚШ доллари сўраган. У ушбу пулларни туман халқ таълими бўлими ходимига аталганини айтиб, ундан 150 АҚШ доллари олганлиги аниқланган. Ушбу фуқарога нисбатан ҳам тегишли жазо тайинланди.

Шунингдек, тезкор тадбирда Қўшкўпир тумани ҳокими ёрдамчиси 2 нафар фуқарони таш­қи меҳнат миграцияси агентлигида ишловчи танишлари орқали Жанубий Корея давлатига ишлашга юбориш эвазига 8000 АҚШ долларини олган пайтда ушланди. Урганч туман ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари эса фуқаро А.Эргашевга тегишли турар жойга эгалик ҳуқуқини белгилаш масаласини ижобий ҳал қилиб бериш эвазига 5 миллион сўм пулларни пора тариқасида олганлиги аниқланди. Ушбу ҳуқуқбузарларга нисбатадан суд томонидан тегишли жазо белгиланди.

 

Ғайратжон СУЛТАНОВ,

Департаментнинг Хоразм вилоят бошқармаси бошлиғи

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: