Home /   / Дастур ижроси доимий назоратда

Дастур ижроси доимий назоратда

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва раҳбарлигида барча соҳаларда туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Иқтисодиётни ривожлантириш, иқтисодий-ижтимоий муаммоларни ҳал этишнинг аниқ-равшан вазифалари белгиланган фармон ва қарорлар, давлат дастурлари қабул қилинмоқда. Фуқаролар танлаган, ишлаётган соҳаларида қобилиятларини, ишбилармонлик, тадбиркорлик салоҳиятларини юзага чиқаришлари учун зарур имконият ва шарт-шароитлар яратилмоқда.

Ишлаб чиқариш, савдохизмат кўрсатиш ва бошқа тармоқларнинг сифати яхшилангани сайин аҳоли турмуши фаровон бўлиб бормоқда. Шаҳар ва қишлоқларимизни замонавий, кўркам қилиб қайта қуриш дастурлари рўёбга чиқарилмоқда. Вилоят прокуратураси органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Обод қишлоқ» дастурини 2018 йилда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳамда «Обод маҳалла» дастурининг асосий параметрларини тасдиқлаш ва уларнинг ижросини таъминлаш масалалари тўғрисида»ги Қарорлари ижросини таъминлаш алоҳида назоратга олинди.

Вилоят ҳокимининг тегишли қарорига асосан 2018 йилда 15 та туманнинг 30 та қишлоқларини ободонлаштириш, маҳаллий бюджетдан ажратилган, марказлашган маблағлар, халқаро молиявий институтлар ва хорижий давлатларнинг кредит ва грант­лари, тармоқ корхоналари, тадбиркорлар ҳамда ҳомийлик ва банк кредити маблағлари ҳисобидан жами 171 миллиард 539 миллион сўмлик қурилиш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш режалаштирилган эди.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 12-13 июнь кунлари вилоятимизга ташрифи давомида берган топшириқларига мувофиқ, Дастур доирасида 2018 йил якунига қадар ҳар бир туманда қўшимча 2 тадан, яна 30 та қишлоқни обод масканларга айлантириш чора-тадбирлари белгиланди.

Дастур ижросига киришилганидан буён ўтган даврда 10 минг 800 дан зиёд уй-жойларни қуриш ва таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилди. Шунингдек, 373 та кам таъминланган хонадонларнинг уйлари ҳомийлик йўли билан таъмирлаб берилди.

Қишлоқларга ичимлик суви, электр энергияси, табиий газ таъминотини яхшилаш, иншоот ва тармоқларни реконструкция қилиш, оқава сув қувурларини ўтказиш ишлари олиб борил­япти. Ҳозиргача 88,5 километр ичимлик суви тармоғи тортилди. Мавжуд электр трансформаторларни мукаммал таъмирлаш ва реконструкция қилишга киришилди. 30 та янги трансформатор ўрнатилди, 198 таси мукаммал таъмирланди. 473 километр электр тармоқлари реконструкция қилинди. Янгидан 86,7 километр электр тармоқлари тортилди. Аҳолига суюлтирилган газ баллонлари ва кўмир етказиб бериш, ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинида кўмир омборлари очиш режалаштирилган эди. Айни чоғда кўзда тутилганидан 110 та кўп, жами 4550 дона газ баллонлари етказиб берилди. 18,2 километр табиий газ тармоқлари ҳамда 12 та газ тақсимлаш шохобчаларида таъмирлаш ишлари тугалланмоқда.

Ички ва хўжаликлараро йўллар таъмирланмоқда. Шағал ётқизиш, ас­фальт­лаш, эски асфальт йўлларни таъмирлаш ишлари жадал олиб борил­япти. 153 километр масофада 26 миллиард 200 миллион сўмлик йўл қурилиши ва таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилди. Таъмирлашга киришилган 110 та ижтимоий инфратузилма объектларининг 104 тасида 29,4 миллиард сўмлик иш бажарилди.

Бозор инфратузилмаси объектларини қуриш ва таъмирлаш ишлари тугалланмоқда. Аҳолига транспорт хизматини яхшилаш, автобусда йўловчилар ташиш тизимини такомиллаштириш мақсадида 14 та янги автобус келтирилди ва 14 та бекат ташкил қилинди.

«Обод маҳалла» дастури доирасида 4 та шаҳарнинг 8 та маҳалласида 57,6 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. 292 та уйнинг томлари, 392 та уйнинг фасад қисми таъмирланди.

Маҳаллаларда 23,7 километр ичимлик суви тармоқлари, 67 километр электр тармоқлари янгидан тортилди ва реконструкция қилинди. 48 та пункт­да трансформаторлар таъмирланди ҳамда янгиларига алмаштирилди. Ички йўлларнинг 38,5 километри текисланди. 10,5 километр табиий газ тармоқларини таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилди. Аҳолига 539 та суюлтирилган газ баллонлари тарқатилди.

«Обод қишлоқ» дастурига киритилган Бешариқ, Ўзбекистон, Фурқат, Дан­ғара туманларидаги қишлоқларда уй-жойларни таъмирлаш ишлари якунланмоқда. Хусусан, 78 та эҳтиёжманд оилаларнинг уй-жойлари ҳашар ва ҳомийлик йўли билан таъмирлаб берилди.

Шунингдек, коммуникация тармоқлари янгиланяпти, реконструкция қилин­япти. Жумладан, 29 километр ичимлик сув тармоқлари ва 304 та сув тозалаш иншоотлари таъмирланди, 9 та сув миноралари реконструкция қилинди. 138 километр электр узатиш тармоқлари, 57 та трансформатор пунктларини модернизация қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишлари тугалланди.

Дастур режасига киритилган 29 та ижтимоий соҳа объектлари — мактаб, мактабгача таълим ҳамда соғлиқни сақлаш муассасалари ва бошқа объектларда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, Данғара тумани Боғиш қишлоғи ва Фурқат тумани Мустақиллик қишлоғида янги маҳалла фуқаролар йиғини бинолари қуриб битказилиб, фойдаланишга топширилди.

Бешариқ туманида «Обод қишлоқ» дастури лойиҳасига «Рапқон» ва «Тош­ариқ» МФЙлари киритилган. Рап­қон қишлоғида салкам 6,4 километр ички йўллар асфальтланди, 4,3 километр ичимлик суви тармоғи тортилди.

Тошариқ МФЙда 4 та газ тарқатиш қурилмаси таъмирланди. 3,8 километр ичимлик сув тармоғи тортилди. 3,8 километр ички йўллар асфальт­ланиб, 157 та уйларни таъмирлаш ишлари якунланди.

«Боғиш» МФЙда тоза ичимлик суви таъминотини яхшилаш учун 3,5 километр масофада сув қувурлари ётқизилди. Қишлоқ аҳлини электр энергияси билан сифатли таъминлаш мақсадида 28 та таянч симёғоч ўрнатилиб, 2,8 километр сим тортилди.

Шунингдек, дастурга киритилган туман прокурори секторидаги «Мустақиллик» МФЙнинг Шифокор кўчасини ободонлаштириш учун ҳомийлар жалб этилиб, 37 миллион сўмлик ишлар амалга оширилди. 2 та кўп қаватли уйларнинг фасад қисмлари таъмирланди, 1 та болалар майдончаси барпо қилинди, 16 та хонадоннинг барчаси газлаштирилиб, 25 та эҳтиёжманд оиланинг хонадонлари таъмирлаб берилди.

«Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» дас­турларининг амалга оширилиши жараёнида қишлоқ ва шаҳарлар аҳолисининг ижтимоий, иқтисодий ва коммунал соҳадаги муаммолари ҳал этиляпти. Электр энергияси, табиий газ ҳамда суюлтирилган газ, ичимлик сув таъминоти яхшиланяпти. Таъмирланган, янгидан қурилган уй-жойлар, савдо-хизмат кўрсатиш мажмуалари, асфальтланган, ёритгичлар ўрнатилган, мевали ва манзарали дарахт, гул кўчатлари бўй кўрсатаётган кўчалар обод ва кўркам, аҳоли турмуши файз­ли, тароватли бўлиб бормоқда.

 

 

Масуд МЎМИНЖОНОВ,

Фарғона вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: