Home /   / Дарбадарлик ортидаги фожиа

Дарбадарлик ортидаги фожиа

Қиш куни кундуз соат иккиларда шаҳар ИИБ навбатчилик қисмидан хабар қилишди. Профилактика нозири дарров Бозорбоши кўчасидаги қурилиши битмаган бинога етиб борганида тез тиббий ёрдам шифокори: «Томда ётган мурдани кўздан кечирдик. Бошида, бўйнида жароҳатлари бор», деди. Нозир ёнида турган қўллари қон юқи йигитга юзланди. Эгнига ҳам қон сачраганди.

— Ўзини ўзи осиб қўйипти, — деди у. — Арқонни кесаётганимда боши билан бетонга тушди. Тез ёрдамга, ИИБга телефон қилдим.

Унинг ёнида ҳужжати йўқ эди. Профилактика нозири йигитга ҳеч қаёққа кетмай туришини тайинлаб, юқорига кўтарилди. Марҳумни таниди. У кўпинча деҳқон бозори теварагида юрадиган бошпанасиз дайди эди. Кейинчалик терговда аён бўл­ганидек, мар­ҳум Юрий Нагдиев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) Фар­ғона шаҳрининг марказидаги кўпқаватли бинолардан бирида ўсган. Онаси болалигида вафот этгач, бобоси ва бувиси қарамоғида қолган. Улардан кейин мерос хонадонни сотиб юбориб, ичкиликка муккасидан кетган. Жиноятга қўл урган. Жазони ўтаб қайтганидан сўнг бошпанасиз дайди ўзига ўхшаган шериги билан полиэтилен идиш йиғиб топшириб, топган пулини ичкиликка сарфлаган, дуч келган жойда ётиб юрган.

Марҳумнинг бўйнида сиртмоқ изи бор, боши ёрилган эди. Тезкор-тергов гуруҳи раҳбар ва ходимлари етиб келиб, воқеа жойини кўздан кечиришди. Қурилиши битмаган бинонинг томидаги бўшаган ароқ шишаси марҳум улфатлари билан спирт­ли ичимлик ичиб ўтирганидан далолат. Қурилиши битмаган уйда бирон-бир тўсин бўлмаса, мар­ҳум ўзини қандай оса олади? Суриштирув жараёнида ўзини айбсиз қилишга уринган, ИИБ ва тез ёрдамни чақирган Сергей Гараевнинг гаплари чалкашиб, ростини айтишга мажбур бўлди…

С.Гараев Тошкент шаҳридаги «Меҳрибонлик уйи»га, ке­йинчалик Фарғона шаҳар «Ногирон болалар уйи»га жойлаштирилган. Муассаса врач-психологининг айтишича, у бу ерда яшаб юрган кезлари ички тартиб-қоидаларга очиқдан-очиқ бўйсунмаган, ёшлигидан ўғирликка, безориликка мойил бўлиб, бир неча марта муассасадан қочиб кетган. Умуман дарсларга қизиқмаган. Хоҳлаган пайтида ўқитувчиларнинг асабига тегиб, дарсдан чиқиб кетаверган. Ёлғон гапларни кўп гапирган, ташқаридан тар­бия­ла­нувчиларни кўргани келган кишиларнинг раҳмини келтириш учун етимлигини айтиб, кўз ёши тўккан, уни ўзлари билан олиб кетган одамларнинг уйидан ўғирлик қилиб қочган. ИИБ ходимлари Сергейни бир неча марта шаҳар кўчаларидан ушлаб келишган. Хуллас, бу шахс 18 ёшга тўл­гач, Қўқон шаҳридаги эркаклар «Мурувват уйи»га юборилган экан. Бироқ у ердан ҳам чиқиб кетган. Ўғирлик қилиб судланган.

У Фарғона шаҳрининг Қашқар кўчасидаги хонадонда рўйхатда турса-да, муқим яшаш жойи йўқ, ҳеч қаерда ишламай, полиэтилен идиш ва қоғоз йиғиб топшириб юрган кезлари ўзи каби дайди, марҳум Ю.Нагдиев билан танишган. Баъзида бирга улфатчилик қилиб, спиртли ичимлик ичиб турган.

— Ўша куни эрталаб, Қиргули мавзесидан қоғоз чиқитларини йиғиб, шаҳардаги қайта ишлайдиган корхонага топширдим, — деди у суд мажлисида айбига иқрор бўлиб. — Сўнгра Деҳқон бозорида Толикни учратиб қолдим. Унга улфатчилик қилайлик, дедим. У Юрани чақирди. Бирга спирт­ли ичимликлар олиб, бозор яқинидаги қурилиши битмаган бинога чиқдик. Овқат пишираётиб, спирт, ароқ ичдик. Юра маст бўлиб қолди. Толикни сўкиб, ҳақорат қила бошлади. Унга бас қил, дедим. Юра ёмон сўкинди. Жаҳлим чиқди. Унинг ёнида пичоғи бор эди. Пичоғидан ҳайиқиб, орқа тарафига ўтиб, ғишт бўлаги билан бошига урдим. Толик қочиб, пастга тушиб кетди. Боши қонаган Юра ўлдираман сени, дея яна бўралаб ҳақорат қила бошлади. Кейинчалик қасдини олишидан қўрқиб, шу ерда ётган ипни олдиму, бўйнига солиб, ўн дақиқача бўғиб турдим. Ўлганга ўхшади. Пастга тушиб, ўзим тез ёрдам ва ИИБга хабар бердим…

Шу тариқа С.Гараев «Юра ўзини осиб қўйипти», дея сувдан қуруқ чиқмоқчи бўлди. Ёлғон гапларидан тутилиб, қилмишига иқрор бўлди. Келаси куни воқеа жойида улфатини қай йўсинда ўлдирганини айтиб, кўрсатиб берди.

Эркаклар “Мурувват уйи”дан бошпана берилиб, ижтимоий ҳимояга олинган, муассасадан чиқиб кетгач, ўз билганидан қолмасдан, дайдиб юриб, ичкиликка муккасидан кетган С.Гараев охир-оқибат ўта оғир жиноятга қўл урди. Суд ҳукми билан у узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Ғайратжон Бакиров,

Фарғона вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: