Home / Тавсия этимиз / Чироқ ёқмай «топиладиган» жарима ёки пешонаси тиришаётган ҳайдовчилар

Чироқ ёқмай «топиладиган» жарима ёки пешонаси тиришаётган ҳайдовчилар

Эрта биланми ёки кечки пайт, кўчага чиқар эканмиз, барчамиз йўл ҳаракати иштирокчисига айланамиз. Бу эса ўз-ўзидан ҳаракатимиз хавфсизлиги таъминланишини тақозо этади. Аммо айни шу жараён сўнгги пайтларда инсон ҳаётига хавф туғдириши жиҳатидан долзарб муаммолардан бирига айланди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, айнан йўл-транспорт ҳодисалари туфайли дунёда йилига 1 миллион нафардан ортиқ инсоннинг оламдан кўз юмаётгани-ю, 20 миллиондан зиёдининг жароҳат олаётгани ҳам буни тасдиқлаб турибди. Афсуски, мамлакатимиз ҳам бундан мустасно эмас.

Жорий йил 9 апрель куни «Йўл ҳаракати қоидаларига ўзгартириш киритиш тўғрисида»ги Ҳукумат қарорининг қабул қилиниши эса маълум маънода, айнан шу муаммонинг олдини олишга хизмат қилиши билан диққатга сазовордир. Мазкур қарорга мувофиқ, йўл ҳаракати қоидаларга жумладан, светофорнинг тақиқловчи ишорасида тўхташ чизиғи олдида тўхтаганда транспорт воситасининг энг олдинги нуқтаси тўхташ чизиғи устига чиқиб кетмаслиги кераклиги, айланма ҳаракат чорраҳасида ҳаракатланаётган транспорт воситаси айланага кириб келаётган транспорт воситаларига нисбатан устунликка эгалиги, куннинг ёруғ вақтида барча автомототранспорт воситалари яқинни ёритувчи чироқларни ёки кундузги чироқларни ёқиб ҳаракатланиши шарт эканлиги каби бир қатор ўзгартиришлар киритилди.

Бироқ, мазкур қарорнинг куннинг ёруғ вақтида барча автомототранспорт воситалари яқинни ёритувчи чироқларни ёки кундузги чироқларни ёқиб ҳаракатланиши шарт эканлиги ҳақидаги банди кўплаб ҳайдовчиларнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда. Гарчи бу ҳақда ижтимоий тармоқлар, оммавий ахборот воситаларида ёзилган бўлса-да, таҳририятга бўлаётган қўнғироқлар, таниш-билишлар томонидан бўлаётган эътирозлар туфайли мазкур мавзуга қўл уришни лозим топдик. Зеро, ОАВ сўз эркинлиги учун минбар ҳисобланади.

Буни қарангки, биринчи эътироз бир ҳамкасбимиз томонидан билдирилди. Апрель ойининг ўрталари ёғингарчиликларга мўл бўлди. Айнан ўша кезларда ҳам ҳаво булутлиги, қолаверса, юқоридаги қарорга ҳам амал қилган ҳамкасбимиз машинаси чироқларини ёққан ҳолда эрта билан ишга келгач, автомашинасини ўчириб, эшигини қулфлайди-да, бамайлихотир ишхонага кириб келади. Кечки пайт автомашинасига ўтиради. Аммо машинаси ўт олмайди, чироқларини ўчиришни унутган экан. Аккумулятори ўтириб қолибди.

— Бир соатча кўчада қолиб кетдим, — дея эртасига асабийлашганча ҳикоя қилиб берди ўзи. — «Жигули» ё «Москвич» бўлганда бунақа муаммо бўлмасди. У машиналарни озгина итариб юборсанг, дарров ўт олади. «Нексия», «Спарк» ё «Матиз»лар унақа эмас. «Бензонасос» ток билан ишлагани сабабли, аккумуляторнинг кучи ҳеч бўлмаганда приборларни ёқишга етиши керак. Чироқлар кун бўйи қолиб кетгани учун аккумулятор ишдан чиқибди…

40 йилдан буён автомашина бошқарадиган фуқаро Ғ.Нур­муҳамедов эса эътирозини қуйидагича изоҳлади:     — Нима учун қонун ё қарор қабул қилишда тажрибали, у ёки бу соҳада суяги қотганларга маслаҳат солиб, уларнинг фикри билан қизиқишмайди? Мени ҳайрон қолдирган жиҳати, мутасаддилар мазкур ҳо­латнинг татбиқ этилишини изоҳлашда, Европа тажрибаси қўлланганини билдиришди. Кўплар қатори мен ҳам у ердаги об-ҳаво билан Ўзбекистонникининг фарқи катта эканлигини яхши биламан, кўплаб давлатларда бўлганман. Қолаверса, ўлкамиз серқуёш бўлгани сабабли, кундузги қуёш нурида автомашинанинг чироғи ёқилганми ё йўқ, билиб бўл­майди. Бундан ташқари, илгари машиналарнинг фараси шишадан бўларди, ҳозиргиларники пластмассадан. Энди куннинг иссиғига ёқиқ машина чироғини ҳам қўшинг-чи, пластмасса қанчага чидар экан?! Яқинда «Севимли» телеканалида ЙҲХБ ходимлари билан бўлиб ўтган мулоқотга кўзим тушди. Майор унвонли ходим машина ҳайдашда 21 йиллик тажрибаси борлигини айтиб қолди. У эрта билан ишга келгач, куни билан хонасида ўтириб, кечқурун уйига қайтса керак. Аммо аксарият ҳайдовчиларнинг куни машинаси билан кўчада ўтади-ку! Улар бу ҳақда майордан кўра кўпроқ билишади-ку! Нима учун улардан бир оғиз сўралмади?!

Шу каби гап-сўзлардан ке­йин икки-уч нафар танишлар билан автомашиналарни кузатдик. Очиғини айтиш керак, айниқса, қуёшга қараб ҳаракатланганда ҳар учинчи автомашинанинг чироғи ёқилганми ёки йўқ, билиб бўлмади. Шундай бўлгач, кундуз куни чироқ ёқиб юрдинг нима-ю, юрмадинг нима? ЙҲХ ходимлари «чироқ ёқилмаган», дея автомашиналарни тўхтатишса, ҳайдовчилар эса чироқни ёқиб ҳаракатланганини исботлашга уринса, бундай баҳсда ким ютиб чиқади?!

Шундай бўлгач, чироқни ёқиб ҳаракатланиш жорий этилаётганда, нима учун юртимизнинг об-ҳавоси ҳисобга олинмади? Ушбу тартиб нима учун айни ёз бошланишида эмас, кузда, масалан, октябрь-ноябрь ойларида, булутли кунларда амалиётга татбиқ этилмади? Демоқчимизки, кузда ҳаво тез-тез булутли бўлиши сабабли, автомашиналарнинг ёқилган чироғи қуёшли кунга қараганда нисбатан яхши кўринади. Бундан ташқари, кузда чироқ ёқишни бошлаган ҳайдовчида келаси йил ёз бошлангунча кўникма ҳосил бўлади. Қолаверса, агар «инсон» сўзининг маъноси «унутувчи, ёддан чиқарувчи» эканлигини ҳисобга оладиган бўлсак, чироқ ёқишни унутиш ҳолатига дабдурустдан жарима белгиланиши унчалик тўғри бўлмаса керак!

Айтмоқчи, автомашина чироқларини ёқиб юриш ҳақидаги қоида 10 апрелдан кучга киргани ҳолда, ҳайдовчиларга бунга кўникма ҳосил қилишлари учун 10 майгача вақт берилди. Йўлларда бу ҳақда тушунтириш, тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда ва бу жараён ҳарқалай эътирофга лойиқ. Истардикки, бундай ишлар нафақат 10 майгача, балки ундан кейин ҳам давом этса… Айтмоқчимизки, тизим ходимлари ҳам ҳайдовчиларни тушуниб, арзимаган нарса учун баённома (протокол) расмийлаштирмасдан, огоҳлантириш билан чекланишса бўлади-ку!

Биргина мисол, апрель ойи ўрталарида ижтимоий тармоқларда йўл белгиларининг қўл­ланилиши билан боғлиқ бир ҳолат танқид остига олинган эди. Унда айтилишича, 15 апрелгача «Халқлар дўстлиги» саройи томондан Бунёдкор кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб келиб, Муқимий кўчасига бурилган ҳайдовчиларнинг аксарияти биринчи бурилиб олиш жойидан ортга қайтишган. Аммо (тахминан) 16 апрель куни бу жойда ортга қайтиш мумкин эмаслиги, ҳаракат фақат тўғрига йўналишини англатувчи белги қўйилган, эскиси эса олиб ташланади.

«Бу йўлдан доим фойдаланувчи ҳайдовчиларнинг деярли 90 фоизи инерция бўйича белгига эътибор бермай бурилиб, ўзлари билмаган ҳолда қоидани бузмоқдалар. Кўприкка етмасдан 4 нафар «ГАИ» ходими қоидабузарларни «овлаш» билан овора. Уларнинг бирортаси белги алмаштирилган жойга бориб, энди «разворот» тақиқланганини тушунтириш, «қизил таёғи» билан ҳаракатни тўғрига йўналтириш ҳақида ўйламайди. Айнан қоидабузарликни кутади ва белгини кўрсатиб, айбни бўйнига қўйиб, баённома расмийлаштиради. Яна камига бирданига 5-6 автомобилни тўхтатиб олиб, ҳаракатга халақит беришади.

ЙҲХХ ходимининг биринчи вазифаси жазолаш эмас, қоидабузарликнинг олдини олиш эмасмиди?»

Мазкур ҳолат сайтда 17 апрель куни чоп этилган бўлиб, орадан икки ҳафтадан ошиқроқ вақт ўтди. Куни кеча айнан ўша жойни кўздан кечирдик. Кўприкка чиқмасдан, Муқимий кўчасига бурилганимизда ҳақиқатан ҳам фақат тўғрига ҳаракатланиш мумкинлигини кўрсатувчи белгига кўзимиз тушди. Ҳаракатни давом эттириб, сал нарироқдан, рухсат этилган жойдан бурилиб, ор­қага қайтдик. Худди ўша жойнинг бу қисмида у томондагидек, фақат тўғрига ҳаракатланиш лозимлигини англатувчи белги ўрнатилган экан, яъни ҳар икки томонда ҳам айнан бир хил белги. Шунингдек, икки томон ҳам панжаралар билан тўсилган. Бизни ҳайрон қолдирган жиҳати, белги алмаштирилгач, нима учун панжараларнинг ораси очиқ қол­ди? Шунча вақтдан буён тўсиб қўйишнинг иложи бўлмадими?

Жараённи бироз кузатиб турдик. Ҳар қалай ортга бурилиб олаётган машиналар оқими анча камайган. Шундай бўлса-да, икки нафар инспектор шундайларни тўхтатиб, ҳуж­жат расмийлаштирмоқда. Бир гал кечиришни ё огоҳлантиришни хаёлларига ҳам келтиришмайди.

Гап огоҳлантиришлар ҳақи­да кетар экан, бир таниш ҳайдовчи: «Жарималар қаторига огоҳлантиришни қўшиб бўл­масмикан? Масалан, қоидани бузган ҳайдовчига огоҳлантириш берилади ва компьютерга киритилади. Иккинчи марта ҳам кечирилади, аммо учинчи бор қоида бузилиши такрорланса, ҳайдовчи энди ўзидан ўпкаласин! У жаримага тортилганда ҳам ҳеч кимдан хафа бўлолмайди», — дея таклиф билдириб қолди. Фикримизча, ушбу таклиф амалиётга жорий этилса, йўл-транспорт ҳалокатларининг маълум даражада олди олинган бўларди. Изоҳлашга ҳаракат қиламиз: Очиғини айтиш керак, ЙҲХХ ходимининг «тўхта» ишорасини кўрган ҳар иккинчи ҳайдовчининг пешонаси тиришади. Агар тўхтатилса, айби исботланиб, баённома расмийлаштирилса-ку, асаби қайнайди. Ахир фалон сўм жарима тўлаш кимга ҳам ёқади. Хуллас, асабийлашганча, автоинспекторни «гўрига ғишт қалаб», йўлга тушади. «Жаҳл отига минган» одамнинг машина бошқаришини тасаввур қилиб кўринг-чи! Энди, инспектор ҳайдовчини огоҳлантириб қўйиб юборса-чи? Ҳайдовчининг кайфияти кўтарилиб, ўша инспекторни ал­қашга тушади, машинасини ҳам шунга яраша вазминлик билан бошқара бошлайди… Ҳар икки ҳолатдан қай бири афзал эканлигини ўзингиз билиб олгандирсиз!

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, Юртбошимиз томонидан ҳар бир соҳага алоҳида эътибор қаратилиб, «Ислоҳотлар инсон учун, унинг манфаатлари учун» хизмат қилиши таъкидланаётган бир пайтда, юқоридаги каби ҳолатларнинг учраб туриши кўнгилни хира қилади. Нима бўлганда ҳам, ЙҲХХ инспекторларидан юракни кенг қилишни, билмай қолиб, қоидабузарлик содир этгани учун ҳам баённома расмийлаштирмасдан, имкони бўлса огоҳлантириш билан чекланишларини сўраб қолардик. Ўз навбатида айрим ҳайдовчиларга ҳам айтар сўзимиз бор: Унутманг, трасса космос эмас! Унинг ўзига яраша қонун-қоидаси бор ва улар барча учун баробар. Йўл ҳаракати қоидаларига риоя этсангиз, аввало ўзингизнинг, кейин эса бошқа йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳам хавфсизлигини таъминлаган бўласиз.

Fофуржон АЛИМОВ,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: