Home / Тавсия этимиз / Чиpoқчилик Жoнгул мoмoнинг қўш жoни

Чиpoқчилик Жoнгул мoмoнинг қўш жoни

9 май – Хотира ва қадрлаш куни

Берлин йўлларида қолиб кетди…

Бугун ер юзидаги тараққийпарвар халқлар немис фашистлари устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини кенг нишонламоқда.

Дунёни қайта бўлиб олиш учун 1914 йилнинг 28 июлида бошланган Биринчи жаҳон уруши 1918 йилнинг ноябрига қадар давом этган бўлса, 1939 йилнинг сентябридан Европа қитъасида яна уруш олови ёқилди…

1941 йилнинг 22 июнида эса фашистлар Собиқ Совет иттифоқига бостириб кирди ва бу уруш 1945 йилнинг 9 майида Германиянинг мағлубияти билан тугади. Не-не қурбонлар, мислсиз жабру жафолар эвазига қўлга киритилган бу ғалабанинг аҳамияти беқиёс.

Беш қитъа, етмиш беш давлат ва ер юзи аҳолисининг 80 фоизини қамраб олган Иккинчи жаҳон уруши 60 миллиондан ортиқ кишининг ёстиғини қуритди.

Инсоният бошига улкан мусибат ва вайронгарчилик­лар олиб келган уруш Ўзбекистондан олисда кечган, қулоқларимизга бомбалар портлаши, жанггоҳлардаги отишмалар саси эшитилмаган бўлса-да, юртимизда унинг мудҳиш алами, қайғуси кириб бормаган хонадон қолмаган ҳисоби. Орадан йиллар ўтса-да унинг асоратлари ҳамон қалбларни азоблайди. Урушда Қашқадарё вилоятидан 46 788 киши бевосита қатнашган. Уларнинг 24 716 нафари жанггоҳларда ҳалок бўлган. Қанчадан-қанчаси бедарак кетган ёки майиб-мажруҳ бўлиб уйига қайтган.

Рўзғоридан орттириб, фронтга самолёт жўнатган аёллар

Уруш йилларида фронт ортида меҳнат қилганларга ҳам осон бўлмаган. Ишга яроқли аҳолининг асосий қисми фронтга сафарбар этилган бўлиб, завод-фабрикалар, корхона ва станоклардаги иш ҳамда даланинг оғир юмушлари аёллар ва болалар гарданига тушган. Шундай қийин шароитда ҳам 1941-1945 йилларда қашқадарёликлар фронт учун 158 650 тонна пахта, 17 млн. 669 минг пуд ғалла, 15563,4 тонна гўшт, шунингдек, қоракўл тери, пилла, қуруқ мева ва бошқа маҳсулотларни етказиб берган. Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларида очилган ҳарбий госпиталларда 14 мингдан ортиқ аскар даволаниб, яна фронтга жўнаб кетган. Иккинчи жаҳон уруши даврида Ўзбекистон фронтга 2258 та жанговар самолёт етказиб берган. Бунда ҳам қашқадарёликларнинг ҳиссаси бор, албатта.

Очарчилик туфайли халқимизнинг ўзи оч-юпун бўлса-да, қонли уруш кетаётган жойлардан кўчирилган қариялар, аёллар ва болаларга иссиқ бағридан жой бериб, борини улар билан баҳам кўрган.

Момом чеккан изтироб

«Мотамсаро она» ҳайкалини зиёрат қилишга борганимда ёки унинг олдидан ўтганимда кўз олдимда раҳматли момом гавдаланади. Бобом қишлоқнинг имоми бўлган. Ўша пайтдаги райком биринчи секретарининг тазйиқи билан бобом қулоқ қилиб юборилган. Момомга бобомнинг тақдири номаълум бўлгани етмагандай эндигина муйлаби сабза урган ўғиллари – Эшмирза ва Раҳматуллани ҳам фронтга кузатган. Уларнинг омон қайтишини тилаб, кеча-ю кундуз дуода бўлди.

Қорахат… Бу бир парча қоғоз не-не кўзларни ёшлантирмаган, не-не кўнгилларга айрилиқ азобини солмаган, қанчадан-қанча ота-оналарни фарзанд доғида куйдирмаган дейсиз. Эшмирза тоғамдан қорахат келганида момом раҳматли ишонмаган ва умр бўйи бунга ишонмади. Раҳматулла тоғамдан эса қорахат ҳам келмаган. У бедарак кетган. «Эрим ҳам, ўғилларим ҳам тирик, улар албатта келади» деган умид умрининг сўнгги лаҳзаларигача момомни тарк этмади. У шу умид билан умрининг охиригача ёлғиз яшади. Ҳар лаҳза эшикка кўз тикди. Айрилиқ кўзларидаги нурни, белидаги қувватни олса-да, бир зум ҳам умидсизланмади, кутишдан чарчамади. Ҳаётининг сўнгги лаҳзасигача кўзини эшикдан узмади. Бир умрлик ҳижрон, бир умрлик айрилиқни енгиш учун буюк қалб эгаси бўлиш керак назаримда. Ўйлаб қоласан киши, шу эмасми буюк садоқат?!

 Урушнинг гулу чечаги, мусиқасида ҳам порох ҳиди бор

Афсусланадиган томони шундаки, урушда нафақат одамлар, балки тили йўқ дов-дарахтлар, дарёлар, тоғу унгурлар ҳам, бир умр инсон оёқ қўймаган қияликлар, эсдан чиқиб кетган сўқмоқлар ҳам, парранда-ю даррандалар ҳам қатнашади. Улар ҳам инсондек жароҳатланади, сафдан чиқади, бир умр ногирон бўлиб қолади. Демак, урушнинг даҳшату машаққатини фақат одамлар эмас, балки бутун мавжудот тортади, унинг оғирлигини елкасида кўтаради, қалбида ҳис этади. Уруш пайтининг гулу чечагидангина эмас, маҳзун мусиқасидан, ашуласидан ҳам порох ҳиди келади.

Биз урушда ғалаба қозондик деймиз. Аслида урушда мағлублар ҳам, ғолиблар ҳам бўлмайди. У келтирган даҳшатли фожиалар асрлар оша одамлар қалбини ларзага солади. Демак, у биз учун жуда қимматга тушган ғалаба.

Тарихий хотира инсонни келажакка элтувчи йўл билан боғлайди

Бугун одам оёғида маҳкам туриши учун кечаги кунидан хабардор бўлмоғи лозим. Шунингдек, ҳар бир халқ кечаги ҳаётидан, оғир ва машаққатли кунларидан хулоса чиқармоғи даркор. Чунки тарихий хотира инсонни, миллатни келажакка элтувчи йўллар билан боғлайди, бугунги кун муаммоларини ҳал этишда, тараққиёт режаларини белгилашда, босиб ўтилган узоқ ва машаққатли йўл сабоқларидан тўғри хулоса чиқаришда буюк қўлланма вазифасини ўтайди.

Миллатнинг, у мансуб бўлган жамиятнинг равнақи аждодлар хотирасига бўлган эҳтиромдан, бугун биз билан ёнма-ён яшаётган, ватаннинг бир фарзанди сифатида фидойилик кўрсатаётган инсонларни қадрлашдан бошланади.

Инсоннинг ҳаёти абадий эмас, лекин хотира мангу. Тарихий хотирасиз келажак йўқ. Ўтганларни хотирламайдиган халқнинг эртаси ёруғ бўлмайди. Агар миллат ўзининг келажагини порлоқ кўрмоқчи бўлса, унинг хотираси ҳамиша уйғоқ бўлмоғи шарт.

Чунки хотира бизни беғамлик, бепарволик уйқусидан уйғотади, ғафлату ғурбат ботқоғига ботиб кетмаслигимиз учун бонг уради. Шу боис 9 май юртимизда хотирани улуғлаган кун сифатида қадрлидир. Бу кун – урушга нафрат, тинчликка шукрона айтиш куни. Бу катта бир халқнинг улуғ хотираси билан боғлиқ айём. Энг ноёб фазилат – қадр билан боғлиқ сана бу! Бу байрамнинг ўзига хослиги ҳам ана шунда.

Норбўта ҒОЗИЕВ,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: