Home /   / Чимилдиқни «совутган» йигит

Чимилдиқни «совутган» йигит

Улар 2017 йилда яхши ниятлар билан турмуш қуришган эди. Орадан уч ой ўтиб Остон Қаландаров (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ишлаш учун Россияга кетди. Кетиш арафасида турмуш ўртоғига қимматбаҳо телефон совға қилди. Орадан икки-уч ой ўтиб, негадир ҳар сафар қўнғироқ қилганида аёли ким биландир суҳбатлашаётган бўларди. «Дугоналарим» деб жавоб қайтарарди. Уларнинг кимлиги ҳақидаги савол эса жавобсиз қоларди.

Баҳорда онаси Остонга қўнғироқ қилиб, келин бувисиникига кетиб қолганини айтади. 2018 йилнинг ёзида уйга қайтган Остонга онаси бир неча телефон рақами ёзилган қоғоз берди: «Бу хотининг гаплашиб юрган йигитларнинг телефон рақамлари». О.Қаландаров жанжал чиқармаслик учун қоғозни ёқиб юборди. Аёлини уйига олиб келиб, ҳеч нарсадан хабари йўқдек яшай бошлади.

Аёлининг телефонини ишлатиб юрган Остонга турли эркаклардан телефон қўнғироқлари, СМС хабарлари кела бошлади. Бу ҳақда аёлига айтганида «Менинг ҳеч нарсадан хабарим йўқ» дея яна бувисиникига кетиб қолди. Бу орада у хотинининг ҳомиладорлигидан хабар топди. Аёлини уйига олиб қайтмоқчи бўлди. Аммо у кўнмади. Аёлининг телеграм каналидаги ишқий муносабатлар ёзилган хабарларни ўқиб, Остон ич-этини еди. Аламига чидай олмай Қозоғистонга кетиб қолди.

Аёл турмуш ўртоғига ҳар куни қўнғироқ қилар, у билан бувисиникида бирга яшашни, туғилажак фарзандига бирга ғамхўрлик қилишни сўрарди. Аёлнинг йиғи аралаш овозлари эрининг кўнглини баттар ўртади. Остон бағрикенг йигит экан. У бувиникида яшашга қарор қилди. 2019 йилнинг баҳорида ўғилли бўлишди. Шундан сўнг келиннинг ота-онаси «Энди тинч яшайсизлар» деган ният билан уларни О.Қаландаровнинг уйига олиб боришди. Тинч ҳаёт узоқ чўзилмади.

Остон мардикорлик қилиб рўзғор учун пул топиш мақсадида чиқиб кетган эди. Отаси қўнғироқ қилиб, келин кетиб қолганини айтди. Қайнотасига қўнғироқ қилган йигит аёли уларникига ҳам бормаганини билди. Яна бувисиникига кетган.

Йигитнинг аламлари қўзигандан қўзиди. Ишлаётган жойидан темир қозиқни олиб, аёлини қўрқитиб қўйиш учун отланди.

Буви куёвни яхши кутиб олмади. «Неварамга азоб бераяпсан, уйимга қайтиб келма» дея куёвнинг ёқасига ёпишди. Ювилавериб юпқалашиб кетган эски футболка йиртилди. Остон жаҳл билан бувининг юзига тарсаки туширди. Ичкаридан югуриб чиққан хотинини қозиқ билан урди. Иккаласи ҳам йиқилди. О.Қаландаров ички ишлар бўлими томон йўлга тушди…

Ички ишлар ходимлари етиб келганида буви ҳушсиз ётар, аёл оламдан кўз юмганди.

Оила бошлиғи суд ҳукми билан 11 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Аёл ўлди. Чақалоқ етим қолди.

Ушбу қотиллик рўй бермаслиги мумкинмиди? Йигит хорижда сарсон-саргардон юрмасдан, ёш келинчакни ташлаб кетмасдан, шу ерда иш топганида, балки бу фожиа бўлмасмиди. Аммо вақтни ортга қайтаришнинг иложи йўқ. Бундан бошқалар хулоса чиқариши керак.

Санъат БОБОЖОНОВ,

Хоразм вилояти прокуратураси бўлим катта прокурори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: