Home /   / Чекка ҳудудлар ҳам эътибордан четда эмас

Чекка ҳудудлар ҳам эътибордан четда эмас

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, уларга етарлича шароит яратиш борасида ҳукумат тизимли ишларни амалга оширмоқда. Бунинг натижаси ўлароқ, нафақат катта ёшдагилар, балки ташаббускор ёшлар ҳам кичик корхоналар, маиший хизмат кўрсатиш объектлари барпо этиб, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўймоқда.

Бўз тумани прокуратураси томонидан Ўзбекистон Президентининг соҳага оид фармонлари ва қонунлар ижроси юзасидан назорат тадбирлари ўтказилмоқда. Хусусан, 2019 йилнинг ўтган даври мобайнида прокуратура аралашуви билан савдо, аҳолига маиший хизмат кўрсатиш ва бошқа фаолият турига ихтисослашган 205 та тадбиркорлик субъектининг фаолияти тикланди. Шундан 175 нафари якка тартибдаги тадбиркорлар, 30 нафари эса юридик шахслардир. Жумладан, тумандаги «Аҳрор-77» хусусий корхонасига 50 миллион сўм кредит олиб берилиши натижасида унинг фаолияти қайта тикланди ва корхонада иккита янги иш ўрни яратилди. Шунингдек, «Комилжон сара сабзавотлари» МЧЖга 55 миллион, «Зиё қурилиш юксалиш» МЧЖга 35 миллион, «Фарангиз текстил люкс» МЧЖга 30 миллион сўм кредит ва дўкон қуриш учун 0,02 га ер ажратиб берилиши ҳисобига уларнинг фаолияти тикланди.

Бундан ташқари, тумандаги 105 та тадбиркорлик субъектига айланма маблағни ва 15 тасига устав фондини шакллантиришда, яна 90 тасига бошқа турдаги амалий ёрдам кўрсатилди. Албатта, бу ўз самарасини берди — фаолияти тикланган тадбиркорлик субъектларида 205 дан зиёд янги иш ўрни яратилди. Энг муҳими, кўплаб оилаларнинг турмуши яхшиланди. Иш билан таъминланганларнинг 38 нафари коллеж битирувчиларидир.

Мазкур йўналишдаги фаолиятимиз давомида тумандаги 12 та тадбиркорлик субъектига 650 миллион сўм кредит, 4 тасига 60 кв. метр ер ажратилди, 4 нафари узлуксиз электр тармоғига улаб берилди. Шунингдек, 3 та тадбиркорлик субъектига бино ажратилишида ҳамда 13 нафарига бошқа турдаги ёрдам кўрсатилди. Масалан, туманнинг 2-сектори ҳудудида кўп йиллардан буён бўш турган бино фуқаро Азизбек Холиқовга ажратиб берилди. Унда паррандачилик йўлга қўйилиб, «Бўз броллер» МЧЖ ташкил этилди. Бугунги кунда 7000 дан зиёд парранда парвариш қилинаяпти. Бир ойда ўртача 10 тоннадан зиёд гўшт аҳолига етказиб берилмоқда. Энг асосийси, мазкур жамият ташкил этилиши билан туманда яна 17 та янги иш ўрни яратилди.

Фуқаро С.Бойқўзиева ҳам туман прокуратураси аралашуви билан тадбиркорлик фао­лиятини йўлга қўйди. У яна икки кишининг бандлигини таъминлади.

Туман прокуратураси чекка ҳудудларда тадбиркорлик субъектлари ташкил этишга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Жумладан, шундай ҳу­дудларда 80 та тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, улар ҳисобига 102 та иш ўрни яратилди. Мазкур субъектларнинг аксарияти савдо, юк ташиш ва аҳолига маиший хизмат кўрсатиш, қандолатчилик, тикувчиликка ихтисослашган. Тадбиркор Ф.Деҳқоновга 150 миллион сўм кредит ажратилгач, у 2-сектордаги «Гулистон» МФЙ Гулзор кўчасида жойлашган 4-мактаб ҳудудида футбол майдончаси бунёд этди ва фойдаланишга топширди. Шунингдек, 2-сектор ҳудудида яшовчи М.Рўзиматовага 15 миллион сўм кредит олиб берилгач, у ширинликлар тайёрлашни йўлга қўйди.

Прокуратура юқоридаги каби ишларни амалга ошираётган бир пайтда тумандаги айрим муассасаларнинг раҳбарлари «Ҳар бир оила — тадбиркор» давлат дастури доирасида ажратилган маблағни талон-торож қилаётган ҳолатлар ҳам учраб турибди.

«Халқ банки»нинг Бўз филиали собиқ бошқарувчиси Д. А. ва бошқалар тумандаги 4 нафар фуқаронинг имзосини сохталаштириб, 98,4 миллион сўм имтиёзли кредитни талон-торож қилган. Мазкур ҳолат юзасидан уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди ва жазо муқаррарлиги таъминланди.

Бундан ташқари, туман ер тузиш ва кўчмас мулк кадастр хизмати корхонасининг бошлиғи Д.Абдуллаев икки тадбиркорнинг мурожаатини қонунда белгиланган муддатда ҳал этмаган. Унга нисбатан МЖТКнинг 43-моддаси билан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилди.

Туман прокуратураси тадбиркорлик билан боғлиқ мурожаатларга ҳам алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Жумладан, 2019 йилнинг ўтган даврида келиб тушган 6 та мурожаатнинг 4 таси қаноатлантирилди. Хусусан, тумандаги «Зуҳриддин алоқа сервис» хусусий корхонаси раҳбари З.Йўлчибоеванинг Бўз пахта тозалаш акциядорлик жамиятидан 51 миллион сўм ҳақини ундиришда ёрдам сўраб йўл­лаган мурожаати ўрганиб чиқилди.

Ўрганиш жараёнида аризада келтирилган важлар ўз тасдиғини топди. Туман прокуратураси «Зуҳриддин алоқа сервис» хусусий корхонаси манфаатини кўзлаб, Бўз пахта тозалаш акциядорлик жамиятидан 51 миллион сўмни ундириш тўғрисида Бўз туманлар­аро иқтисодий судига даъво аризаси киритди.

Шунингдек, тумандаги «Бегимой бинолари» МЧЖ раҳбари А.Сотволдиевнинг «Бўз туман йўллардан фойдаланиш» УКдан ҳақини ундиришда ёрдам сўраб йўллаган мурожаати ҳам эътибордан четда қолмади. Корхонанинг 22,8 миллион сўм ҳақи ундириб берилди.

Жорий йилнинг ўтган даврида ўтказилган 26 та сайёр қабулда тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммолар ҳал этилди. Хусусан, «Комилжон сара сабзавотлари» МЧЖ раҳбари Д.Сайдалиевга сайёр қабулдаги мурожаати асосида «Гулистон» МФЙдаги бўш турган бино қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш учун музлаткич ташкил этиш мақсадида ажратиб берилиши таъминланди.

Зафарбек ҒУЛОМЖОНОВ,

Бўз тумани прокурори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: