Home /   / ҚҚC билaн бoғлиқ мyaммo бop!

ҚҚC билaн бoғлиқ мyaммo бop!

MAVZUGA QAYTIB 

Таҳририятимизга солиқ идорасидан қўнғироқ бўлди. Солиқ ходими ўтган ой бўйича таҳририят ишлаб чиқарган маҳсулоти учун қўшилган қиймат солиғини (ҚҚС) тўлаши кераклигини айтди.

Биз жорий йилда таҳририят ҚҚСни тўласа, йил охирига бориб моддий томондан қийналиб қолишини тушунтирдик. Солиқ хизмати ходими эса ҚҚСнинг бизга умуман оғирлиги тушмаслиги, чунки қўшилган қиймат солиғи истеъмолчидан олинишини қисқача тушунтирди ва бу билан бизни тинчлантирган бўлди. «Яшанг» деб юбордик ва гапини яна бир бор тасдиқлатиб олиш учун «чинданми?» деб сўрадик, у ҳеч иккиланмай «албатта» деди. Ҳақиқатан ҳам қонунда шундай, қўшилган қиймат солиғи билвосита солиқ ҳисобланиб, унинг ҳақиқий юки маҳсулотни ишлаб чиқарувчига эмас, балки шу маҳсулотнинг охирги истеъмолчисига тўғри келади, чунки бу солиқ маҳсулот қийматига киритилиб, харидор томонидан тўлаб берилади.

Шундай экан, унда жорий йилда таҳририятлар билан ҚҚС ўртасидаги муаммо нимада?..

Айнан шу муаммо ҳақида газетамизнинг 2020 йил 12 март сонида ҳам «ҚҚС босма нашрлар фаолиятига қандай таъсир қилади?» сарлавҳали мақола эълон қилиниб, унда ҚҚСнинг босма маҳсулотларга иқтисодий таъсири ҳақида фикр юритилган эди.

Ҳаммага маълумки, таҳририятлар келгуси йил учун обунани бир йил аввал, сентябрдан декабргача бўлган вақт оралиғида ташкиллаштиради. Шунга асосан 2020 йил учун обуна асосан 2019 йилнинг охирги ойларида уюштирилган. Бу даврда эса эски таҳрирдаги Солиқ кодексида оммавий ахборот воситаларининг даврий босма нашрлари (рек­лама тусидаги босма нашрлар бундан мустасно) учун имтиёз бор эди. Шунга асосан таҳририятлар обуначидан, яъни истеъмолчидан 2020 йил учун ҚҚСни ундирмаган ҳолда обуна қилган.

Хабарингиз бор, янги таҳрирдаги Солиқ кодекси  2020 йил 1 январдан амал қила бошлади. Хусусан, 1 январдан бошлаб юридик ва жисмоний шахсларни солиққа тортиш тартибида бир қанча ўзгаришлар юз берди. Янги Солиқ кодексида эса юқорида келтириб ўтилган ҚҚС бўйича имтиёзлар ва ставкалар 2020 йил 1 апрелдан бекор қилинди. Бу билан апрель ойидан бошлаб йиллик пул айланмаси 1 млрд. сўмдан ошган даврий босма нашрлар ҳам ҚҚС тўлаши белгиланди.

Шу ерда ҳақли савол туғилади. Бу йил йиллик пул айланмаси 1 млрд. сўмдан ошган таҳририятлар энди ҚҚСни истеъмолчининг ҳисобидан эмас, ўз ҳисобидан тўлайдими?

Чунки юқорида таъкидлаганимиздек, таҳририятлар асосан обунадан кун кўради. Ижтимоий-сиёсий газеталар деярли сотувга чиқарилмайди. Бу йил учун уюштирилган обуна мавсумида эса таҳририятлар газетанинг таннархини йиллик харажатларидан келиб чиқиб белгилаган ҳолда истеъмолчидан ҚҚСни ундирмаган. Ўйлаб кўринг, ғишт қолипдан кўчиб бўлган, поезд эса аллақачон жўнаб, бир неча бекатдан ўтиб кетган. Афсуски, ушбу тўловни ундиришнинг иложи ҳам йўқ.

Айни вақтда моддий қийинчиликларни бошдан кечираётган ижтимоий-сиёсий газеталарнинг ҳолатидан хабардор бўлган ҳукумат мазкур соҳага жиддий эътибор қаратмоқда. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат бош­қаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари муассислигидаги даврий босма нашрларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг фаолиятини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари  сайтига жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилган. Лойиҳадан давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ҳокимиятлар ўз нашрлари таҳририятларини балансидаги биноларга ижара тўловисиз жойлаштириш, эҳтиёж бўлганда ходимларнинг маошларини бюджетдан ташқари жамғармалари ҳисобидан қоплаш, соф фойдани таҳририят ҳисобида қолдириш каби бир қатор муҳим масалалар ўрин олган. Эътибор берган бўлсангиз, ҳукумат қарори лойиҳасидан ўрин олган масалалар асосан босма нашрларни иқтисодий томондан қўллаб-қувватлашга қаратилган. Аммо янги Солиқ кодексини ишлаб чиқишда на Молия вазирлиги, на Давлат солиқ қўмитаси мутасаддилари, қолаверса, халқ вакиллик органи бўлган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳам бу ҳолатга эътибор беришмагани боис айни вақтда босма нашрлар мазкур ҳолатга дуч келмоқда.

Ҳукумат эса уларга ёрдам беришга ҳаракат қилмоқда. Бу ўз-ўзидан икки ўртада тушунмовчиликка сабаб бўлмаяптими?.. Мантиқан олиб қараганимизда, бир томоннинг эътиборсизлиги ортидан вужудга келган муаммога иккинчи томон ечим топишга ҳаракат қилаяпти.

Мамлакатимизда чоп этилаётган турли йўналишдаги газета ва журналлар эгасиз эмас, яъни ҳар бирининг ўз муассиси бор. Суд, маҳаллий ҳокимлик органлари, турли вазирлик ва қўмиталар, сиёсий партиялару уюшмалар, нодавлат-нотижорат ташкилотлар муассислигидаги газета-журналлар узоқ йиллардан бери нашр этилади. Уларда муассиснинг тарихи келажак авлодларга мерос бўлиб қолади.

Хулоса қилиб айтганда, босма нашрларни қийнаётган ҚҚС муаммосига ечим топиш бугунги кунда долзарб бўлиб қолмоқда. Бу йил шу муаммо ҳал этилса, келаси йил обунаси ҚҚСни қўшган ҳолда уюштирилар эди.

Камолиддин Асқаров,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: