Home /   / Бюрократик тўсиқларга барҳам берилмоқда

Бюрократик тўсиқларга барҳам берилмоқда

Мамлакатимизда ердан оқилона фойдаланиш, ишлаб чиқариш ва ижтимоий аҳамиятга эга объектларни тўғри жойлаштириш чоралари кўрилаяпти.

Хусусан, Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ерлар ҳукуматнинг қарори билан тасдиқланган «Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали бериш тартиби тўғрисида»ги низом асосида ажратилмоқда.

Жумладан, 2020 йилнинг 15 майигача республика бўйича 10236 та (964 гектар) бўш ер майдони аниқланган. Шунингдек, 9254 та (898,2 гектар) ер майдони тегишли идоралар билан келишиш учун «Yerelektron» ахборот тизимига киритилган. 2094 та ҳолатда эса архитектура режалаштириш топшириғи ёки бош режага тўғри келмагани, ер остидан коммуникация тармоқлари ўтгани ва бош­қа сабабларга кўра рад этилган.

Прокуратура органлари томонидан юқорида номи келтирилган низом талаб­ларига риоя этилиши бўйича назорат ва мониторинг тадбирлари ўтказилди. Уларда биргина Навоий вилоятида 25 та бўш ер участкаси доимий фойдаланиш ҳуқуқининг минимал қийматидан ҳам паст нархда баҳоланиб, электрон онлайн-аукционга чиқарилгани ҳамда тегишли ташкилотларга келишиш учун юборилган сўровларни кўриб чиқиш муддати ҳам бузилгани аниқланди. Ушбу ҳолатлар бўйича вилоят прокуратураси органлари томонидан 9 нафар масъул шахснинг маъмурий жавобгарлик масаласи ҳал этилди.

Хусусан, тизим орқали «Ўзбектелеком»нинг Навбаҳор тумани филиалига келишиш учун 2020 йил 15 мартда юборилган 5 та ер майдони ҳақидаги мурожаат қонунда белгиланган муддатда кўриб чиқилмаган. Шу сабабли филиал бошлиғи Ф.Х.га нисбатан маъмурий иш қўзғатилиб, жавобгарлик масаласи ҳал этилди. Шу каби Томди тумани давлат солиқ инспекцияси инспектори Ш.У. Шарқ массиви ҳудудида 0,49 гектар ерни белгиланган нархдан 9 млн. 343 минг сўм арзон баҳолаб, аукционга чиқаргани аниқланиб, унга нисбатан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилди.

Бу борада прокуратура органлари ўтказаётган назорат тадбирларида ер участкаларини бериш жараёнидаги бюрократик тартиб-таомиллар ва тўсиқларга барҳам берилмоқда.

Абдураҳим Муҳиддинов,

Бош прокуратура бошқарма

катта прокурори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: