Home / Тавсия этимиз / Бузишгача уч чиғириқ

Бузишгача уч чиғириқ

Охирги икки ҳафтада «снос»лар билан боғлиқ ҳолатлар энг кўп муҳокама қилинган мавзуга айланди. Ҳатто Давлат раҳбари ҳам 2 август куни кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилиши кун тартибига ўтишдан аввал айнан шу масалага тўхталди. Президент уч нафар вилоят ҳокимининг «буз-а-буз» қабилидаги хатти-ҳаракатларини қаттиқ қоралади.

Эртаси куни эса ижтимоий тармоқларда ҳокимларнинг «узр челленжи» роса айланди. Аммо узр сўраш муаммонинг ечими бўла оладими?

Аслини олганда 2018 йил 1 августдаги «Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент Фармонида давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участ­каларини олиб қўйиш масалалари аниқ-тиниқ қилиб белгилаб қўйилган. Жумладан, ушбу ҳужжатга кўра, 2018 йил 1 сент­ябрдан:

давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйиш тўғрисида қарор қабул қилишга фақат ер участкаси олиб қўйилиши режалаштирилаётган манфаатдор шахслар билан очиқ муҳокама ўтказилганидан, шунингдек, фойда ва харажатлар баҳоланганидан кейин йўл қўйилиши;

ер участкаларини олиб қўйишда жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган турар жой ва ишлаб чиқариш бинолари, бошқа иморатлар ва иншоотларнинг бузилишига кўчмас мулкнинг бозор қиймати ва олиб қўйиш сабабли мулк­дорга етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланганидан ке­йин рухсат берилиши;

жисмоний ва юридик шахс­ларга давлат органи (мансабдор шахс)нинг ноқонуний маъмурий ҳужжати қабул қилиниши оқибатида етказилган зарар давлат томонидан, биринчи навбатда, тегишли органларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланиши, кейинчалик айбдор шахсдан регресс тартибида ундириб олиниши белгиланган.

Хўш, шундай экан, нега мутасаддилар фармон талабларига панжа орасидан қарашди? Хулоса оддий, улар ё қонунни менсимайди, ёки рост­дан ҳам давлат раҳбари айтганидай, «Президент қарорини ўқимайди».

Юзага келган ҳолат бу борада қонунчиликни янада такомиллаштириш, тартиб-таомилларни қайта кўриб чиқиш лозимлигини тақозо қилди. Шу сабабли жорий йилнинг 3 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг мулк ҳуқуқи кафолатланишини сўзсиз таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармойиши қабул қилинди.

Мазкур ҳужжатга кўра, 2019 йил 5 августдан бошлаб, фуқаролар ва тадбиркорлик субъект­ларининг ер участкаларини олиб қўйиш ҳамда кўчмас мулк объектларини бузиш ишлари қуйидагича 3 босқичда амалга оширилади:

— ҳокимлар томонидан бузилиши режалаштирилган ҳудуд бўйича материаллар тўплами Вазирлар Маҳкамасига киритилади;

— Вазирлар Маҳкамасида шаҳарсозлик талаблари бўйича ва молиявий ҳисоб-китоблар бўйича хулосалар тайёрланади;

— хулоса Бош вазирга кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш учун киритилади.

Ана энди мутасаддилар фуқаро ёки тадбиркорнинг иморатига «бульдозер солиш»дан аввал обдон ўйлаб кўришади. Шаҳарсозлик талаблари ўрганилиб, харажатлар хомчўт қилиб чиқилгач, кейин енг шимариб ишга киришиш мумкин.

Шунингдек, фармойишга асосан ер участкалари олиб қўйилиши муносабати билан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига етказилган зарар миқдорини хатловдан ўтказиш бўйича республика мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳи ва ҳудудий ишчи гуруҳлар таркиби, хатловдан ўтказишга кўмаклашиш учун ҳудудларга бириктириладиган масъуллар рўйхати ҳамда хатловдан ўтказиш ҳамда уларни қоплашда йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди.

Хатловдан ўтказиш бўйича ишчи гуруҳга фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига етказилган зарарларни жойларга чиққан ҳолда хатловдан ўтказиб, уларнинг қонунчиликка мувофиқ, бозор қиймати асосида ҳаққоний ва адолатли миқдорини белгилаш; етказилган зарарларни қоплашнинг аниқ манбалари белгиланиш, агар зарар мансабдор шахснинг ноқонуний қарори қабул қилиниши оқибатида етказилган бўлса — мазкур мансабдор шахслардан регресс тартибида ундириб олиш ҳамда айбдор мансабдор шахсларга жавобгарлик чоралари кўриш ҳамда қонун ҳужжатлари нормаларини янада такомиллаштириш юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси топширилди.

Бундан ташқари, Ҳукумат томонидан бир ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи қарор қабул қилинади:

— давлат дастурлари, йирик инвестиция ва бошқа лойиҳаларни ҳудуддаги кўпчилик аҳолининг фикрини инобатга олган ҳолда амалга ошириш;

— ер участкалари олиб қўйилишида уларда жойлашган кўчмас мулк объектларининг мулкдорлари билан очиқ муҳокамалар ўтказган ҳолда, биринчи навбатда, эскирган ва авария ҳолатидаги уй-жой фонди объектлари, шу жумладан фойдаланилмаётган объектлар билан банд бўлган ер участкаларини танлаб олиш;

— ҳокимлар томонидан ер участкаларини олиб қўйиш ҳақида қарор қабул қилиш учун ушбу ҳудудда жойлашган турар ва нотурар кўчмас мулк объект­лари мулкдорларининг розилигини олиш ҳамда ер участкаси олиб қўйилиши оқибатида етказилган зарарни қоплаш бўйича ёзма келишув тузиш.

Давлат дастурларини амалга оширишда аҳоли фикри билан ўртоқлашиш энг муҳим жиҳатлардан биридир. Оддий мисол, чекка ҳудудларни обод қилишдек хайрли мақсадлар кўзланган «Обод қишлоқ» дастури ижроси жараёнида ҳам аҳолининг эътирозига сабаб бўладиган ҳолатнинг гувоҳи бўлишингиз мумкин. Хусусан, дастурга киритилган қишлоқларда бунёдкорлик ишлари ортидан тераклар ёппасига (ҳарҳолда бизнинг қишлоқда шундай бўлган — М.Қ.) кесиб ташланди. Яқин-яқингача соя-сал­қин кўчамизга бориб қолсангиз, бошингиз узра қуёшнинг ҳақиқий қувватини ҳис қиласиз. Ҳайронсан, қишлоқ обод­лигига дарахтлар «қурбонлиги»нинг нима алоқаси бор.

Президент фармойишида масаланинг барча жиҳатларига эътибор қаратилиб, аҳолининг фикри билан ҳам ҳисоблашиш, ер участкаларини олиб қўйишда мулкдорлар розилигини олиб, уларни рози қилиб, ундан кейин ишга киришиш қатъий белгилаб қўйилди.

Муҳим жиҳатлардан бири шундаки, мазкур ҳужжат билан ер участкалари ноқонуний олиб қўйилганлиги муносабати билан мулкдорларга зарар етказилганлиги учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш назарда тутилмоқда. Бу айни муддао бўлди. Негаки, жавобгарлик масъулиятни оширади. Қилмиши учун эртага қонунчиликка асосан жавобгарликка тортилишини англаган мансабдор одамлар устига от бостириб кетавермайди. Халқ билан бамаслаҳат, уларни рози қилиб, иш кўради. Ахир бугунги ислоҳотларимизнинг бош мақсади ҳам халқ фаровонлиги, унинг ҳаётдан розилиги-ку!

Эндиликда мансабдор шахс­ларнинг жавобгарлигини кучайтириш алоҳида қонун билан тартибга солинади. Фармо­йишда бу бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқиш белгилаб қўйилди.

Эслатиб ўтамиз, мазкур тартиб фармойишда кўрсатилган ер участкаларини олиб қўйиш ва мулкдорларга етказилган зарарларни қоплаш тартибини белгиловчи Ҳукумат қарори қабул қилингунига қадар амал қилади.

 

Мақсудали Қамбаров,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: